Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:21

Жамшид Мухторов исломий гуруҳ таҳдиди ҳақида билган


Халқаро террорчи ташкилотга кўмак берганлик айби билан АҚШда судланаётган ўзбек қочқини Жамшид Мухторов Исломий жиҳод иттифоқи Афғонистондаги АҚШ ва НАТО қўшинларига таҳдид қилувчи жанггари гуруҳ экани ҳақда хабари бўлганига иқрор бўлди.

Сешанба куни Денвер шаҳрида бўлган маҳакамада прокурор бу ҳақда Мухторов ишини кўриб чиқаётган суд ҳайъатига маълум қилди.

2007 йилда АҚШда бошпана топиб, Колорадо штатининг Аврора шаҳарчасида яшаб келган 35 яшар Мухторов АҚШ Давлат департаменти террорчи ташкилот деб тан олган Исломий жиҳод иттифоқига моддий ёрдам кўрсатишга уринганликда айбланмоқда.

Жамшид Мухторов 21 январ куни Чикагонинг О'Ҳара халқаро аэропортида Истанбулга кетаётган маҳал ҳибсга олинди.

"Denver Post" газетасининг ёзишича, ҳибсга олинган пайти Мухторовнинг ёнидан 2800 АҚШ доллари, иккита iPhone, iPad, шунингдек, GPS - навигация жиҳози топилган.

Мухторов бу ашёлардан нима мақсадда фойдаланмоқчи бўлгани тергов жараёнида ойдинлашади, деди терговчи Грег Ҳоллови.

Сешанба кунги маҳкамада Жамшид Мухторов ўзига қўйилаётган халқаро террорчи ташкилотга кўмак берганлик айбларини яна бир бор рад этди.

Мухторов ўзи ва оиласини зўрға боқаётган бир пайтда қандай қилиб терроризмни қўллаши мумкинлигини айтган.

Жамшид Мухторов ишини кўриб чиқаётган Колорадо штати Адлия бошқармаси вакили Жэфф Доршнернинг Озодликка айтишича, қўлга киритилган далиллар ўзбек қочқинининг террорчи гуруҳлар билан алоқаси бўлганини кўрсатмоқда.

- Биз қўлга киритган далиллар Мухторовнинг Исломий жиҳод иттифоқига хайрихоҳ сифатида океаноша улар ёнига сафар қилиб, шу гуруҳ сафида жанг олиб боришга иштиёқи бўлганини кўрсатмоқда,- деди Доршнер 9 феврал кунги интервью чоғида.

Бироқ, жаноб Доршерга кўра, Жамшид Мухторовнинг Қўшма Штатлар ҳудудида бирор ҳужумни режалаштирганига оид маълумот йўқ.

Мухторовнинг рафиқаси маҳкама жараёнини кўзида милт-милт ёш билан кузатиб турди, деб ёзди “Denver post” мухбири Фелиса Кардона.

Лекин Наргиза эрига қўйилган айблов хусусида журналистларга гапиришни истамади.

Ҳозирда Мухторов Энглвуд шаҳарчасидаги тергов изоляторида террорчиликка гумон қилинаётган шахс сифатида алоҳида камерада ҳибсда ушлаб турилибди.

– У туну-кун камерада, ташқарига чиқарилмайди, рафиқаси билан телефонда ҳам гаплаша олмайди,- дея билдирди Озодликка Мухторовнинг адвокати Рик Уилиамсон ўтган ҳафта.

Ҳозирда Мухторовнинг адвокатлари маҳкумнинг ҳибсда ушлаб туриш шароитини ўзгартириш ёки уни гаров эвазига қўйиб юборилишига ҳаракат қилишмоқда.

Исломий Жиҳод Иттифоқи Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан қуролли гуруҳ ҳисобланади. Бу гуруҳ 2004 йилда Тошкентда рўй берган портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олган. Шунингдек, 2007 йилда Германияда террор ҳужумларини амалга оширишга уринганликда гумон қилиб қўлга олинган икки туркнинг ҳам Исломий жиҳод иттифоқига алоқаси бўлгани айтилган эди.

Жамшид Мухторовни таниган ўзбекистонликлар унинг Қўшма Штатларда бошпана олгунга қадар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганини айтишади.

Жамшид Мухторов ҳибсга олингунга қадар рафиқаси ва қизи билан Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.

Айби исботлангани тақдирда Мухторов камида 15 йилга қамалиши мумкин.
XS
SM
MD
LG