Линклар

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегарани аниқлаш бўйича 2000 йиллар бошларида чизилган харитада қирғиз ҳукуматининг собиқ расмийлари мамлакатнинг 17 километр ҳудудини Ўзбекистонга асоссиз равишда ўтказиб берган.

Қирғизистон парламенти депутати Улуғбек Қўчқоров 14 феврал куни ана шундай баёнот берди.

Депутат Қўчқоровга кўра, Қирғизистоннинг 17 километр ҳудуди Ўзбекистонга ўтиб кетгани борасидаги маълумотлар эндигина ошкор бўлмоқда:

- Биз томондан тайёрланиб, Ўзбекистонга юборилган харита Қирғизистон манфаатларига зид келади. У қўшнилар фойдасига чизилган. У хариталар 1924-1958 йилги хариталарга ҳам тўғри келмайди. Ерларни алмаштиришга оид биз томондан Ўзбекистонга юборилган харита ва хатлар бор экан. Мен Ўзбекистон Бурганди массивидаги нефт, газ конларини бизга бермай, ўзида қолдириш учун ҳаракат қилаяпти, деб ўйлайман. Бунга алоқадор бўлган ўша пайтдаги ҳукумат амалдорларини жавобгарликка тортиш лозим. Бу давлатга қарши хиёнатдир, - деди Улуғбек Қўчқоров.

Маълумотларга кўра, 2000 йиллар бошларида Қирғизистон ва Ўзбекистон, расмийлари чегараларни аниқлаш ва мавжуд қарама-қаршиликларни бартараф қилиш ҳамда ер алмаштириш бўйича ўз хариталарини чизиб, бир-бирларига жўнатган.

Қирғиз расмийларига билдиришларича, ўша пайтларда чегараларни аниқлаш бўйича ҳукумат комиссияси томонидан чизилган харитада Боткен вилояти Бурганди массивидаги жами 17 километр ҳудудни эгаллаган уч чегара бўлагини Ўзбекистонга берилиши кўрсатилган. Мазкур харитага асосан ҳозирда расмий Тошкент қирғиз-ўзбек чегарасидаги баҳсли дейилаётган 55 ҳудуддан 3 тасини ўз фойдасига рўйхатдан чиқаришни талаб қилмоқда.

Қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш бўйича Қирғизистон давлат комиссиясининг собиқ раҳбари Саламат Аламанов Бурганди массивидаги ҳудудларнинг Ўзбекистонга берилиши ўша пайтларда Қирғизистон фойдаси учун ҳал қилинган дипломатик музокара натижаси бўлганди, деган фикрда.

- Ўзбекистон: “Сўхга коридор бермасанглар, биз унинг атрофидаги чегара ерларидан оламиз”, дейишди. Биз эса чегарани Сўх сойидан олиб ўтиб, Сўхни анклав сифатида сақлаб қолишга эришганмиз. Агарда Сўхга коридор берсак, Боткен вилояти бутунлай анклавга айланар эди. Шу сабабли биз розилик билдириб, улар Бурганди ҳудудидаги ерни олишди. Биз эса Ахси тумани ҳудудидаги баҳсли дейилган 30 километр ерни олиб, харита тузганмиз. Бу дипломатик тортишув натижасидир. Буни тескари талқин қилаётганлар ўзлари хижолат бўлиб қолишади. Негаки, бизнинг ишимиз тўғри эканини тасдиқловчи ҳужжатлар бор, - деди Саламат Аламанов.

Қирғизистон ҳукумати чегараларни аниқлаш бўлимининг амалдаги раҳбари Қурбанбай Искандаров чегарани аниқлаш бўйича алмашув хариталари юридик кучга эга эмаслигини, шу сабабли комиссия янги таркиби хаританинг бекор қилинишини талаб қилмоқчилигини маълум қилди:

- Бурганди массиви шу пайтгача Қирғизистонга тегишли бўлган. Бурганди массиви чегаралари ҳам бизга қарашли. Ўзбекистон газ, нефт олиб, у ерни ишлатмоқда. Улар: “Мана бу еринглардан бунча, бу еринглардан шунча гектар беринглар” деб, ерни хат орқали сўраб олишган. Шунинг ўзи ҳам ерлар бизники эканини тасдиқлайди. Бу борада барча ҳужжатларимиз бор ва биз буни исботлаганмиз. Алмашув харитаси 2000 йилларда тузилган экан. Ўшанда: “Сизлар ўзингларнинг харитангларни чизинглар, биз ўзимизникини чизамиз, иккаласини солиштириб, бир-бирига зид жойларни аниқлаймиз”, дейилган, - деди Қирғизистон ҳукумати чегараларни аниқлаш бўлимининг амалдаги раҳбари Қурбанбай Искандаров

Қирғизистоннинг Бурганди массивида газ ва нефт конлари мавжуд бўлиб, мазкур ҳудуддан 1955 йилдан буён Ўзбекистон фойланиб келади. Қирғиз расмийлари бу ерлар ўша пайтда Москва буйруғи билан Ўзбекистонга бериб юборилганини иддао қиладилар. Бу иддаоларни рад қилган Тошкент Бургандидаги газ ва нефт конлари ҳамда омборлари Ўзбекистон маблағи ҳисобидан барпо этилганини айтиб келади. Мазкур конлар бўйича Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги баҳс-мунозаралар шу кунда ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати мазкур ҳудуд қайси давлатга тегишли экани ўзбек-қирғиз чегарасини демилитация ва демаркациялаш бўйича ҳукуматлараро комиссия томонидан аниқланганидан сўнггина газ ва нефт конлари масаласи ҳал бўлишини маълум қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG