Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:15

Ўғил истаган эр хотинини қотилга айлантирди


“Қиз туғсанг ўласан”¸ деган таҳдид остида қолган Матлуба 400 минг сўм эвазига 5 ойлик ҳомиласини врачлар қўли билан ўлдиришга мажбур қолган.

Яқинда Афғонистонда қиз туққани учун келинини бўғиб ўлдирган қайнона ҳибсга олинди¸ бу қотиллик учун масъул эр қидирувга берилди.

Мусулмон жамиятларидаги ўғил култи ўзбекларга ҳам ëт ҳодиса эмас. Айни шу култ боис ўз жонини бир неча бор хатарга қўйган ўзбек аëлининг Озодликка сўзлаб берган ҳикояси асрлар давомида шаклланган бу ҳодисанинг ҳозирга келиб қайта жонланаëтганидан даракчидир.

Тошкентнинг Янгийўл туманида яшаб келган 30 яшар Матлуба (қаҳрамонимиз исми унинг хавфсизлиги нуқтаи назаридан ўзгартирилган – таҳр.) аслида Тошкентдаги туғруқхонада ўзи гувоҳ бўлган муҳим бир воқеа ҳақида хабар бериш истагида Озодликка боғланди.

Аммо суҳбат асносида ўзини туғруқхонага аборт қилиш мажбурияти етаклаб келганини айтар экан Матлуба¸ ҳаëтининг ўғил фарзанддан бошқасини истамайдиган зўравон эр қўлида қурбон бўлганини ҳикоя қилиб берди.

Отасиз ўсган Матлуба 20 ëшида ўрта мактабни битириб¸ бозорда сабзавот сотиш билан шуғулланувчи йигитга севиб турмушга чиққан.

Аммо бу никоҳ қайнонага хуш келмагани боис¸ унинг ҳаëти тўйдан кейиноқ асал даврини кўрмай¸ заҳару заққумга айланган. Қайнона гиж-гижлаши остида хотинини калтаклашни касб қилган эр¸ биринчи фарзанд ўғил туғилгач сал юмшаган¸ аммо Матлубанинг иккинчи ҳомиласи қиз экани аëн бўлгач¸ зўравонликни очиқ таҳдидга айлантирган.

400 минг сўмлик қотиллик

Эрининг муттасил босими остида қолган аëл таниш-билишларни ўртага қўйиб¸ аллақачон шаклланиб улгурган 5 ойлик ҳомиласини йўқотишга қарор қилади.

"Бунинг ҳам Оллоҳ¸ ҳам қонун олдида катта жиноят эканини яхши биламан¸ аммо мен тушиб қолган вазиятда бошқа чора тополмай қолдим. Нафқат эрим¸ қайнонам ҳам¸ қайин опалар ҳам болангни йўқ қил¸ дейишганидан сўнг сунъий тўлғоқ билан¸ болани туширтиришга мажбур бўлдим"¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Матлуба.

400 минг сўм эвазига амалга оширилган бундай “қотиллик” касалхона дафтарида "бола тушиб қолди"¸ деган асосда қайд этилди дер экан Матлуба¸ Ўзбекистон касалхоналарида пул эвазига қонунда рухсат этилмайдиган катта муҳлатдаги ҳомилаларни ҳам йўқ қилиш амалиëти кенг тарқалганига ўзи гувоҳ эканини таъкидлайди.

Яна ҳомила¸ яна ур-калтак

Беш ойлик қиз ҳомила йўқ қилинганидан бир йилча ўтиб-ўтмай¸ Матлуба яна ҳомиладор бўлади. Бу гал эр ҳатто боланинг жинси аниқланишини ҳам кутмасдан¸ уни йўқ қилиш ҳақида буйруқ беради. Унинг яқинлари яна бу талабга қўшилади.

Еган калтакларидан бадани моматалоқдан чиқмай қолган Матлуба яна касалхонага¸ икки ойдан ошган ҳомиласини аборт қилдиришга йўл олади.

Аммо акушер врач эшиги олдида операция хонасига кириш учун кутиб турар экан¸ у ўзини даҳшатга солган махфий ахборотга беихтиëр қулоқ солади ва буни эшитгани аниқланса¸ ўзига бўладиган тазйиқдан қўрқиб¸ касалхонадан дарҳол қочиб кетади. Орадан бир неча ҳафта ўтиб эса¸ Жанубий Кореяга келади.

Матлуба ўзи беихтиëр эшитгани сир ҳақида Озодликка сўзлаб берди. Аммо ниҳоятда жиддий оқибатларга элтувчи бу хабар узоқ ва синчков текширувга мавзу бўлгани боис¸ ҳозирча Озодлик буни жамоатчиликка ошкор қилмасликка қарор қилди.

Матлуба ҳикоясини қуйида тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:31 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG