Линклар

Абрамов: Ўзбекистон футболи жаҳон даражасида


Ўзбекистон миллий футбол жамоаси.

Ўзбекистон миллий футбол жамоаси.

Ўзбекистонда биринчи футбол командаси пайдо бўлганига 2012 йилда 100 га тўлади. Ўзбекистон футболи вакиллари ва муҳлислар, айниқса, кейинги 5-6 йил ичида ўзбек футболи сезиларли ютуқларга эришганини айтмоқда.

1912 йилда ҳали Чор Россияси назоратида бўлган Қўқон аҳли орасида тўп тепиш секин-аста удумга кира бошлагани тарихини Ўзбекистон футбол ишқибозлари клуби етакчиси Абдураҳмон Фозилов яхши билади.

- 1912 йили Қўқон шаҳрида Чор Россияси томонидан бизга юришлар, киришлар бўлганда, ўша ерда келган россиялик аскарлар дейликми, европейцлар дейликми, футбол нималигини олиб киришган бизга. Ўшанда бизларникилар ҳам ўзимизнинг мускомандани ташкил этишган Қўқонда. “Мусулмонлар командаси” дейилган. Ўша ерда ташкил топиб, ўшаларга қарши аста-аста ўйнаб, нафақат ўйнашган, балки ютуқлар ҳам пайдо бўлган. Айнан Қўқон шаҳрида Ўзбекистондаги биринчи жамоа мускоманда ташкил этилган.

Ўтган 100 йил ичида Ўзбекистон футболида катта ютуқларга эришилди, дейди ишқибозлар етакчиси.

Унинг бу сўзларини Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийси Вадим Абрамов ҳам тасдиқлади. Абрамовнинг Озодликка айтишича, ўзбек футболчилари бугун жаҳон миқёсида ўзига яраша ўринга эга.

- Сўнгги йилларда муайан ютуқларга эришдик, деб ўйлайман. Агар умумиятла ўзбек футболини оладиган бўлсак, у дунёда энг ёмон футбол даражада эмас. Менимча, Европада ўзбек футболи бошқа мамлакатларидаги номдор командалар билан бемалол рақобатлашиши мумкин. Ҳар қалай Ўзбекистон терма жамоаси Россия жамоасидан қолишмайди, дейди Вадим Абрамов.

Олтиариқлик ашаддий футбол ишқибози ва хаваскор шарҳловчи Содиқжон Нўъмонов ҳам ўзбек футболчилари кейинги пайтларда қўлга киритган ютуқлардан хурсандчилигини яширмайди.

- Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг ҳамма ëшдаги терма жамоалари Осиë биринчиликларида, Ëшлар жаҳон чемпионатига бир неча бор чиқишди. Ўтган йил жуда яхши ўйин кўрсатишиб, кучли саккизликка чиқишди. Ўзбекистон асосий терма командаси Осиë чемпионатида тўртинчи ўрингача борди. Бу жуда катта кўрсаткич, дейди хаваскор футбол шарҳловчиси.

Сервер Жапаров ФИФА раиси Зепп Блаттердан Осиёиннг 2011 йил ўйинчиси соврини олмоқда.

Сервер Жапаров ФИФА раиси Зепп Блаттердан Осиёиннг 2011 йил ўйинчиси соврини олмоқда.

Футбол мутасаддилари ва ишқибозлар фикрича, бу кейинги йилларда Ўзбекистонда футболга бўлган эътиборнинг кучайгани натижасидир.

Содиқжон Нўъмонов ўз сўзларига далил сифатида ўзбек футболчиларининг Осиёдаги нуфузли командаларда тўп сураётгани, жумладан ўтган йили Ўзбекистон термаси вакили Сервер Жапаровнинг Осиёнинг энг яхши ўйинчиси, деб топганини мисол қилади.

- Легионерларни, таниқли футболчиларни олиб келишиб Бунëдкорда ўйнатишди. Ҳозир кўп командаларда чет элдан келган ўйинчилар бор. Дунë кўрган ўйинчилар. Қолаверса, ўшаларнинг натижасида ўшалар билан баробар ўйнайман деб ҳаракат қилиб, секин-секин ўзбек футболининг савияси кўтарилиб келди. Олдин биз Япония билан дуранг қилиб олса, дўппимизни осмонга отардикки “Япония билан дуранг қилди. Қойиле” деб. Бугунги кунда япон билан дуранг бўлиб қолса, “Эҳ, ютиш керак эди. Юта олмади” деяпмиз. Бу ўзи қандайдир баҳо бериш. Биз билмаган ҳолда Ўзбекистон футболининг кўтарилиб, энди ютишга қодирлигига ишониб “юта олмади” деб бўғиламиз. Бу катта ўзгариш, дейди Содиқжон Нўъмонов.

Ҳақиқатан Ўзбекистонда футболга бўлган эътибор, жумладан сарфаланаётган маблағ йил сайин ошмоқда. Хусусан, 2009 йилда бразилиялик машҳур мураббий Луис Филлипе Сколарига йилига 25 миллион АҚШ доллари сарфланиб, “Бунёдкор” жамоасига тренер сифатида олиб келингани ёки камерунлик Самуэл Это’онинг Тошкентда битта ўйинда қатнашгани учун 5 миллион доллар тўлангани катта шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Дарвоқе “Бунёдкор” комадаси президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ва Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Гулнора Каримовага қарашли экани айтилган “Зеромакс” ширкатига тегишли бўлган. “Зеромакс” ширкати 2010 йилда сингач, “Бунёдкор” стадиони қурилиши ҳам тўхтаб қолган эди.

Айтилишича, нархи 150 миллион долларга тенг стадион қурилишини ўзбек футболининг 100 йиллиги муносабати билан битириш ният қилинмоқда.

Ўзбек футболи ҳақида гапирганда кўпчилик “Пахтакор” жамоасининг 1960-70 йилларда тўп сурган футболчиларини эслайди. Собиқ СССР кубоги финал босқичларидан тушмаган бу команда 1979 йил августида самолёт ҳалокатига учраб нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG