Линклар

logo-print

Ўзбекистон конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия бўйича шу кунгача Тошкентда 187 маҳбус озод қилинди.

"Правда Востока" газетаси маълумотига кўра, Тошкентда озодликка чиққан собиқ маҳкумларнинг 122 нафари меҳнатга лаёқатли бўлиб, ҳозиргача улардан 48 нафари иш билан таъминланган, қолганларига эса ишга жойлаш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Ўзбекистон маҳаллий матбуотига кўра, янги амнистия бўйича жами 10 мингдан зиёд маҳбус авф этилади.

Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқовага кўра, янги амнистияга мувофиқ диний-экстремистик мотивлар билан қамалган маҳкумлар агар қамоқхонада ўзини яхши тутиб, президентдан кечирим сўраб, “тузалиш” йўлига қаътий кирса авф этилиши мумкин.

Айни пайтда сиёсий маҳкумлар авф этилганлар рўйхатига кириш ёки кирмаслиги ҳақида маълумотлар йўқ.

Амнистияга тушган маҳкумлар рўйхати 5 март куни эълон қилинади.

Амнистияни кутаётган маҳбуслар орасида сиёсий ва диний мотивлар билан қамалган собиқ давлат амалдорлари, сиёсий арбоблар, журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жумладан, Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжонов, Хайрулла Ҳамидов, Руҳиддин Фахруддинов, Солижон Абдураҳмонов, Ғанихон Маматхонов, Ғайбулло Жалилов, Аъзам Турғунов, Алишер Кароматов, Дилмурод Саидов каби маҳбуслар бор.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида 10 мингдан зиёд диний-сиёсий мотивлар билан қамалган маҳбус бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG