Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Россиянинг таълим соҳасидаги илғор олий ўқув юртлари иштирокида III Россия маорифи Ҳафталиги иш бошлади. Россия олийгоҳлари ўзбекистонликларни ўз даргоҳларига чорламоқда.

Ўзбекистонда 3-чи маротаба ўтказилаётган Ҳафталикда Марий-Эл давлат техника университети, Иркутск давлат техника университети, Жанубий Россия давлат иқтисод ва бизнес университети, Шимолий (Арктика) Федерал университет ва Олтой давлат техника университети намояндалари иштирок этмоқда.

Россия маорифи ҳафталигининг асосий мақсади Россия ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган, дейди Озодлик билан суҳбатлашган Тошкентдаги Россия фан ва маданият маркази раҳбари муовини Марина Моховикова.

- Россия маорифининг III ҳафталиги 13 февралда бошланиб 18 февралгача давом этади. Бу йилги учрашувимизда Россия ва Ўзбекистон ўртасида айнан техника ўқув юртларининг учрашувига урғу берилган. Бунга ҳам малака ошириш дастури, ишлаб чиқариш амалиётлари ҳамда техника йўналишида ҳамкорликдаги турли адабиётларнинг чоп этилиши, яъни олийгоҳлараро ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган, дейди Россотрудничество ташкилотининг Тошкентдаги расмийси Марина Моховикова.

Ўзбекистон томонидан бу анжуманда республиканинг йирик техник олийгоҳлари - Тошкент ахборот технологилари университети, Тошкент давлат техника университети, Автомобил йўллари институти, Темирйўл транспорти муҳандислик институти, Ирригация ва мелиорация институти, Текстил, Кимё-технология институтлари иштирок этмоқда.

Тадбирлар Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилмоқда. Марина Моховиковага кўра, мазкур Ҳафталик Россия олий ўқув юртларининг Ўзбекистонда ўзини танитиш усули ҳамдир.

Россияда олийгоҳларинг Ўзбекистондаги бу каби ўтказаётган анжуманлари натижа бераётган кўринади: йил сайин мамлакатда таҳсил олаётган ва таҳсил олишни истаган ўзбекистонлик ёшлар сони кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистонлик Сардорхон Тула Давлат университетининг Тоғ-кон муҳандисилиги факультетида иккинчи йил таҳсил олмоқда. Ўзбекистонда Автомобил йўллари институтини тамомлаган бу йигит Озодлик Радиоси билан суҳбатда Россия ва Ўзбекистон олийгоҳларидаги таълим тизимларини қиёслайди.

- Бу ерда имконият кўпроқ. Айтмоқчиманки, бизда (Ўзбекистонда) коррупция кучлироқ. Оддий билим олишингиз учун ҳам имкон йўқ. Домлалар, ўқитувчилар кўпроқ пул олишга интилади, талабарнинг ўзи ҳам тезроқ ишни ҳал қилиб кетишга ҳаракат қилади, номига диплом олади, фандан ўқимасдан баҳо олади. Ўзлари ўргатиб қўйган домлаларни ва бошқаларни. Бу ерда унақа эмас. Ўзбекистондаги институтда ўша институтни битирган ёш домлалар, профессор домлалар кам. Бу ерда менга даср бераётган домлаларнинг 90 фоизи катта-катта профессорлар, кандидатлар. Ўқитувчиларга ҳам ҳурмат катта. Ёши катта, кўпни кўрган, ўз билимини исботлаб бера олади. Дарс ўтиш жараёни ҳам демократический: бемалол савол-жавоб қилиш мумкин. Ўзимиздан кўра бу ерда ўқиш менга анча осон, тушунарли қилиб ўтиб қўяди. Бизда эса китобий тил билан олиб кетилади - талабалар эшитади, лекин мазмунини тушунмайди, дейди Сардорхон.

Сардорхоннинг фикрича, у таҳсил олаётган билим юртининг яна бир афзал томони – дарсларда техник жиҳозларнинг кўп ишлатилиши, лаборатория ишларида кўпроқ фанларнинг амалий томонига эътибор қаратилишидир.

- Совет давридан қолган, жиҳозлар бор, лекин ҳаммаси ишлайди. Ҳар ҳолда ўшани ўқиётган талаба қисман бўлса ҳам тушунади, тажрибаларни қўли билан қилиб кўради. Бизда унақа имконият камроқ. Дарслик роса кўп бу ерда, чунки кўпи совет давридан қолган. Оддий мисол, бизнинг библиотекамизда 30-40 фоиз китоб институтимизда дарс бераётган домлаларники. Бизда, Ўзбекистонда, эса йўналиш қолган, лекин адабиёт ўрисча! Кейин, лотин тилига ўтган, ҳозир битираётганларнинг аксарияти русчадан таржима қилишга қийналади.

Озодлик : Домлаларнинг, ўқитувчиларнинг талабаларни сўкиши, ўришини ҳеч кўрганмисиз бу ерда?

- Йўқ, йўқ! Биринчидан, бу ерда унақа нарсанинг ўзи ҳам йўқ, қолаверса, талабалар қўл кўтаришга қўймайди ҳам. Демократия кучлироқ, дея кулади Сардорхон.

Суҳбатимиз сўнгида Тулада тоғ-кон мухандислиги мутаҳассислигига таҳсил олаётган Сардорхон албатта Ўзбекистонга қайтиб ўша ерда ишлашини билдирди.

Бугунги кунда Тошкентда учта Россия олий ўқув юртларининг филиаллари - Москва давлат университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт академияси, Губкин номидаги Нефт ва Газ РДУси фаолият юритмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG