Линклар

Айни кунларда ҳарбий кўрик ва танловдан ўтиб¸ хизматга яроқли деб топилган 18-22 ëшдаги йигитлар муддатли ҳарбий хизмат жойларига юборилмоқда.


Айни кунларда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида “йигитларнинг сараси ҳарбий хизматга жўнамоқда” деган мазмундаги чиқишлар тез-тез кўзга ташланади.

Расмий матбуот¸ қолаверса президент Ислом Каримовнинг айтишича¸ Ўзбекистон Қуролли кучлари сафига чақиртирилаëтган ëшлар соғлиғи ва кўриниши мустақилликдан бери йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.

Фарғона водийсидаги Мудофаа ишлари бўлимларидан бири расмийси ҳам ўзбек армияси сафига сараларнинг сараси танлаб олинишини айтади.

Унинг Озодликка билдиришича¸ 18 ëшдан 22 ëшгача бўлган ëшларни ҳарбий хизмат учун танлаш ва ҳозирлаш жараëни якунига етган ва айни кунларда ҳарбий хизматга йўлланма олган йигитлар хизмат ўташлари лозим ҳудудларга жўнатилмоқда.

- Кўрикдан ўтказиб, шаҳар кўригидан ўтказиб соғлом болаларни тақдим қиламиз. Вилоятдан соғлом чиқса, кейин ҳарбий хизматга жўнатамиз. Ундан олдин тест топширади. Давлат тест маркази келиб тест олади улардан. Ўзбек тили, она тили, ЛАП дейди, личний адаптационний потенциал деган нарсаси бор, математика. Вариантлари бўлади, мана шу вариантлари орқали тест жавобларини белгилашади.

Тестгача жисмоний тарбиядан топширади. Жисмоний тарбия, кейин тест. Соғлом болалар шунақа қилиб ўтадида. Вилоятга борганда личное делосининг иичида тест жавоблари бўлади, тестдан неча баҳо олгани, жисмонийни қандай топширгани. Вилоятга бориб тиббий кўрикдан ўтади. Тиббий кўрикда соғлом деб топилгандан кейин тестлари кўриб чиқилади. Соғлиқ даражаси, ундан ташқари улар коллежни тугатган бўлиши керак. Дипломи бўлиши керак қўлида.

Кўрик-танловларни¸ тестни декабрда тугатганмиз. Январ ойи подготовка, январнинг 15гача тестларни тугатиб, февралга болаларни тайëрлаб бошлаганмиз. Ҳозир тайëр. Биз олиб бориб тақдим қиламиз, шу билан кетади¸ деди Озодлик билан суҳбатда водийдаги Мудофаа ишлари бўлимларидан бирининг ўзини таништирмаган расмийси.

Сурхондарëлик Жавоҳир ҳарбий хизматга чақирув жараëнининг Мудофаа ишлари масъули тасвирлаган тартибда ўтиши¸ аммо жараëнда шаффофлик ва ҳалоллик йўқлигини айтади.

Ўзи ҳам ҳарбий хизматга чақириқ олиб¸ тиббий кўрикдаги коррупциядан ҳафсаласи пир бўлган 20 яшар бу йигит армия сафига кириш учун 1 миллион сўмга яқин порага кучи етмаганини айтади.

- Йиллик хизматга деб қоғоз келди. Бордим. Доктордан ўтдим ўзимизнинг район докторидан. Вилоятнинг докторига бормадим. Кўпчилик “Пул бермасанг, жўнатмайди барибир. Доктордан қайтараверади. Давлениенг паст¸ қонинг кам дейди, ҳар хил саволлар бериб қайтаради” деди. Кейин мен пул йўқлиги учун бормадим. Армияга бориб келганлар пул билан бориб келаяптида ҳозир. Пул оладиган одами бўладида. Доктордан ўтиш учун докторга берасиз. Битта доктордан 5-10 минг билан ўтасизда. Олтитами еттита доктордан ўтасизда, вилоят 100-150 минг пул берасиз¸ ëзиб беради. 1 йилликка ҳозир 800-900 минг пул берилади¸ дейди армияталаб¸ аммо орзусига етмаган сурхонлик йигит.

Қашқадарëлик Баҳодир Ўзбекистон армияси сафида бир йил хизмат қилган. У ўзининг соппа-соғлом бўлгани учун порасиз ҳарбий хизматга олинганини айта туриб¸ ўзи каби ëшларни ҳарбий хизматга жалб қиладиган жиҳат бериладиган имтиëзлар эканини таъкидлайди.

- Ўқишга кириш учун, имтиëз олиш учун, ватанга хизмат қилиш учун, айланиб келиш учун бордим мен. Ҳамманинг хаëли ҳар хилда. Ватанга хизмат қилиш учундир балки, балки ишга қолиш учун борар хизматга. Бораман деган кўп, лекин бора олмайди, нима қилсин бечоралар. Акт чиқариб беради кўздан ëки қулоқдан, яра бўлса қайтаради, бирор жойи шикастланган бўлса¸ кейин бора олмайди¸ дер қашқадарëлик йигит ҳам бир йиллик ҳарбий хизматга бориш жараëнига пора аралашмай қолмаслигини тан олади.

Президент фармонига кўра, ҳарбий хизматга чақирув феврал –март ойларида, хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни бўшатиш эса, март-апрел ойларида амалга оширилади.

Президент Каримовнинг айтишича¸ муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшлар сони 2005-2011 йиллар давомида 68,7 фоиздан 80,6 фоизга кўтарилган бўлиб, ҳар йили 35-36 минг нафар ëш йигит муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида 48 минг нафар атрофида ҳарбий хизматчи борлиги айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG