Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:11

Хатлонда "ЎИҲнинг икки аъзоси" устидан суд бошланди


Тожикистон жанубида Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда айбланаётган икки фуқаро устидан маҳкама бошланди. Хатлон вилояти Қабодиён туман прокуратурасига кўра, Акмал Рашидов ва Иброҳим Қурбонов Тожикистонда экстримистик ташкилот ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланган. Аммо, судланувчиларнинг яқинлари ва адвокатлари бу иддаолар асоссизлигини айтишмоқда.

Қабодиён туман касалхонаси шифокори Акмал Рашидов ва унинг қишлоқдоши Иброҳим Қурбонов устидан маҳкама 15 феврал куни бошланди.

Судланувчилар мамлакатда фаолияти таъқиқланган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзолик ва бу ташкилот ғояларини тарғиб қилиш билан одамларни шу ташкилотга қўшилишга даъват қилганликда айбланмоқда.

Хатлон вилоят прокурори маслаҳатчиси Толибхон Азимовнинг Озодликка билдиришича, экстремистик ғояларни тарғиб қилиш билан Қабодиён туманига қарашли Янги йўл қишлоқ кенгаши фуқароларидан иборат йирик шуғулланиб келган.

- Янги йўл қишлоқ кенгашига қарашли Қизил Нишон қишлоқ фуқаролари Акмал Рашидов, Иброҳим Қурбонов, Бахтиёр Умаров, Сунатулло ва Нусратулло Абдуллоевлар, Шуҳрат Саидов жами 13 киши ўтган йил баҳоридан буён Ўзбекистон Исломий ҳаракати ғояларини тарғиб қилиш ва Афғонистонда толиблар эълон қилган жиҳодга одамларни сафарбар қилиш билан шуғулланиб келган. Айни пайтда Акмал Рашидов ва Иброҳим Қурбонов иши судда кўрилмоқда. Яна 11 жиноятчига эса қидирув эълон қилинган. Шу йилнинг 3 февралида улардан бири Бахтиёр Умаров Покистонда ҳибсга олиниб, бир неча кун аввал Тожикистонга экстрадиция қилинди. Ҳозир у тергов қилинмоқда, дея билдирди Азимов.

Прокурор маслаҳатчисининг айтишича, Нусратулло ва Сунатулло Абдуллоевлар ўтган йил Афғонистонга ўтиб толиблар сафига қўшилган. Республика тегишли идоралари Афғонистон ва Покистон ҳуқуқ-тартибот органлари билан бу жиноятчиларни қўлга олиш ва ватанига экстрадиция қилиш борасида музокаралар олиб бораётганини маълум қилди Толибхон Азимов.

Қабодиён туман маҳкамасида иши кўрилаётган Акмал Рашидов ва Иброҳим Қурбонов ҳамда хавфсизлик ходимлари томонидан тергов қилинаётган Бахтиёр Умаровнинг яқинлари уларга қўйилган айблар билан рози бўла олмасликларини айтмоқда.

“Менинг ўғлим Покистонга ишлаш ва диний саводини ошириш учун боришини айтган эди. У ҳеч қанақа террорист, экстримист эмас”, дейди Бахтиёр Умаровнинг отаси Тожиддин Умаров Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбатда.

Судланувчилар эса дастлабки тергов чоғида Ўзбекистон Исломий ҳаракати фаолияти мамлакатда таъқиқланган экстримистик ташкилот эканидан хабарсиз бўлгани ва бу ташкилот лидерлари сўзларини “амри маъруф” деб қабул қилиб қўл телефонларига ёзиб олганини айтган.

Хатлон вилоятининг Қабодиён тумани Ўзбекистон ва Афғонистонга чегарадош ва асосан ўзбек миллатига фуқаролари яшайдиган ҳудуд саналади.

Аввалги йиллар бу туманда “Ҳизбут-таҳрир” экстримистик ташкилоти ва Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзоликда гумонланиб судланганлар оз бўлса-да, қайдга олинган. Аммо бу туманда Ўзбекистон Исломий ҳаркатига аъзо гуруҳ ёки алоҳидда шахс умуман кузатилмай келган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг аъзолари кўпроқ Тожикистон шимолида ҳибсга олингани айтиб келинган.

Хавфсизлик соҳасида мустақил таҳлилчи Амният Абдуназаров Қабодиён туман фуқароларининг Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда айбланаётганини воқеликдан йироқ деб билади.

- Тожикистонда ҳар гал президентликка сайловлар олдидан ҳукумат сиёсатига нисбатан бошқача қарашда бўлган ва узоқ муддатли авторитар тузумни қабул қила олмаётган гуруҳларга босим ўтказиш анъанага айланган. Бу каби вазият Тожикистоннинг қўшнилари Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳам кузатилади. Аҳоли орасида қўрқув кайфиятини кучайтириш учун ана шундай босимлар ўтказилади. Бундай ҳаракатлар республикамизнинг ўзбеклар жойлашган ҳудудларида кўпроқ кузатилади. Менимча, бунга Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг ёмонлигича қолаётгани сабабдир, дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Амният Абдуназаров.

Тожикистон Бош прокурори муовини Абдуқодир Муҳаммадиев шу йил январ ойи бошида ўтказилган матбуот анжуманида 2011 йил давомида мамлакат ҳуқуқ -тартибот идоралари 198 нафар террорчи ва экстримистни қўлга олганини билдирган эди.

Расмийнинг таъкидича, жиноий жавобгарликка тортилганларнинг юз нафари Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзосидир.
XS
SM
MD
LG