Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:01

Мухтор Аблязовга 22 ойлик қамоқ жазоси берилди


Қозоғистонлик собиқ банкир Мухтор Аблязов.
Қозоғистонлик собиқ банкир Мухтор Аблязов.

16 феврал куни Лондон суди қочқинликдаги қозоқ мухолифатчиси¸ собиқ банкир Мухтор Аблязовни 22 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Англия Олий суди Мухтор Аблязовни судга буйсунмаслик ва ҳурматсизлик кўрсатишда айбдор деб топиб, уни 22 ойга қамаш ҳақида қарор чиқарди.

Лондон суди Аблязовни Қозоғистондаги БТА банкидаги молиявий кўзбўямачиликларни текшириш учун унинг маблағлари музлатилгани ҳақидаги 2009 йилдаги суд қарорини бузганликда айбдор деб топди.

2009 йилда Қозоғистонда Аблязов сохта ширкатлар орқали катта миқдорда банк маблағларини ўмарганлик ва товламачиликда айбланиб сиртдан жиноий жавобгарликка тортилган.

Лондонга қочиб ўтган қозоқ банкирига нисбатан БТА банкидан 5 миллиард доллар миқдоридаги маблағларни ўзлаштирганлик айби билан Буюк Британиянинг ўзида етти марта даъво аризаси киритилган.

"Dow Jones" агентлиги хабарига кўра, судя Найжел Тир шартли жазо берилишига рози бўлмаган.

"Жаноб Аблязовнинг судга ҳурматсизлиги шу даражада жиддийки, унга мос жазо фақат қамоқдир" деган судя Найжел Тир 16 феврал куни ҳукмни ўқир экан.

Судя агар Аблязов 12 ой қамоқда ўтирса ва ўғирланган маблағлар билан боғлиқ ҳолатни бўйнига олса ёки айбсизлигини исботласа, жазонинг қолган қисмини бекор қилиш мумкинлигини таъкидлаган.

"London Evening Standard" газетасининг ёзишича, БТА банки вакили Стивен Смит Аблязовнинг Англиядан қочиб кетиши мумкинлигини айтиб, аэропорт ва денгиз портлари махсус хизматларини огоҳлантириб қўйишни таклиф қилган.

Ҳозирда озодликда қолаётган Мухтор Аблязовнинг вакили Дункан Мэтюс бу каби қўшимча чоралар кўришга зарурат йўқлигини айтган.

Аблязов эса ўз сиёсий қарашлари учун Қозоғистон ҳукумати таъқибига учрагани ва ўзига қўйилаëтган айбларнинг мутлақо асоссиз эканини айтиб келади.

Лондон суди ҳукмини изоҳлар экан, уни ҳам сиёсийлаштирилган деб ҳисоблашини айтди Аблязов Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда.

- Мен суднинг бирорта қарорини бузганлик ва судни алдаганлик айбловларини тан олмайман. Мен суд ҳукмини мутлақо асоссиз деб ҳисоблайман. Апелляция маҳкамасида айбсизлигимни исботлашга муваффақ бўламан, деди Аблязов.

2009 йилдан буён ўз оиласи билан Лондонда яшаб келаётган Мухтор Аблязов Қозоғистон ва Россияда қатор молиявий жиноятларни содир этганликда айбланиб халқаро қидирувга берилган.

Мухтор Аблязов бугунги кунда Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев ҳукуматининг кўзга кўринган сиёсий мухолифларидан бири ҳисобланади.

2002 йилда жиноий жавобгарликка тортилиб 6 йил қамоққа ҳукм қилинган Мухтор Аблязов бир йил ўтиб-ўтмай Нурсултан Назарбоев томонидан шахсан авф этилган эди.

Айрим маълумотларга кўра, бугунги кунда у Россияда рўйхатдан ўтган К+ телеканали, “Голос Республики”, “Взгляд”газеталари ва интернет лойиҳалари эгасидир.
XS
SM
MD
LG