Линклар

Колониядан чиққач, 17 феврал куни Озодликка берган қисқа суҳбатида Евгений Жовтис Олмаотага келаси ҳафта етиб келишини маълум қилди.

- Ўзимни яхши ҳис қиляпман. Мени Олмаотада, уйимдагилар кутишаётганини тушунаман, лекин бу ерда яна бироз қолиб, мен билан бўлган йигитлар билан яна озгина гурунглашмоқчиман. Озгина дам олиб, ўзимга келиб олишим керак. Олмаотага сешанба куни учиб келаман, деди Жовтис.

Турмадан чиқиши биланоқ, Жовтис колония дарвозаси олдида ўқиб эшиттирган баёнотда:

“Мен беҳосдан ўлимига сабаб бўлган Қанат Молдабаевнинг яқинларидан яна бир бор чин кўнгилдан узр сўрайман. Онаси Райхондан, мени кечиргани учун миннатдорман, менинг учун бу жуда муҳимдир. Бу қийин дамларда мени ўзимизнинг инсон ҳуқуқлари бюромиз ходимлари, айниқса, бюро муассисларидан бири – Жемис Турмагамбетова, партиялар раҳбарлари ва аъзолари, журналистлар, Қозоғистон ва хориждаги кўплаб бошқа инсонлар қўллаб-қувватлади”, дейилади.

Шу билан бирга ҳуқуқ фаоли ўтган икки ярим йил давомида ўз қарашларини ўзгартирмагани ва уларни “ёқлашни давом эттиражагини” билдирди.

“Ўз навбатида қамоқда қолаётган Наталья Соколова, Арон Атабек, ҳибсга олинган Владимир Козлов, Игорь Виняковский, Серик Сапаргали, Ойжангул Амирова ҳамда у ёки бу жиноий ишлар “фигурантларига” айланиб қолган бошқа сиёсий фаол ва журналистларга бирдамлик билдирмоқчиман”, дейилади яна ҳуқуқ фаоли баёнотида.

Евгений Жовтис билан биргаликда “Время” газетаси мухбири Тўхниёз Кучуков ҳам озодликка чиқди. Айни қонунбузарлик (пиёдани босиб кетганлик) айби билан қамалган журналист Жовтис билан битта колонияда бўлган.

Уст-Каменогорск суди 1 феврал куни Жовтис ва Кучуковни озод этиш тўғрисида қарор қилган чиқарган эди. Лекин улар расмиятчилик билан боғлиқ сабабларга кўра икки ҳафта колонияда қолиб кетдилар.

Евгений Жовтис Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга тушган эди. Ундан аввал ҳуқуқ фаолининг шартли равишда муддатидан аввал озодликка чиқиш тўғрисидаги аризалари қондирилмай келган.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Евгений Жовтис 2009 йилнинг 26 июнида Олмаота-Қораой автотрассасида ўз машинасида кетаётган пайтда йўлдан чиқиб қолган одамни босиб кетгани учун 4 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. 1974 йилда туғилган Қанат Молдабоев олган жароҳатларидан воқеа жойида ҳалок бўлган эди.

Қамоқдалиги пайтида Евгений Жовтис бир нечта халқаро мукофот, жумладан Андрей Сахаров номидаги мукофотга сазовор бўлди.
XS
SM
MD
LG