Линклар

logo-print

17 феврал куни Туркманистон пойтахти Ашхоботда Қурбонқули Бердимуҳаммедов яна бир беш йиллик муддатга президент сифатида қасамëдга келтирилди.

Қурбонқули Бердимуҳаммедовни қасамëдга келтириш маросими мазкур ҳашаматли тадбир учун махсус қурилган 3000 ўринлик Халқ кўшки деб аталган янги саройда ўтказилди.

Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг залга кириб, тепадан пастга қараб юриб¸ саҳнага тушишини аксарияти бир хил кийинган оқсоқоллару давлат расмийлари 5 минутга яқин тик оëқда туриб олқишлади.

Туркманистон парламенти - Мажлис раиси маросимни очиқ деб эълон қилгач, Қурбонқули Бердимуҳаммедов залда ўтирганлар ва халққа қарата нутқ сўзлади.






Яшил тусли Туркманистон байроғини ўпиб туриб¸ қасамëд қилган
Қурбонқули Бердимуҳаммедов "Яшасин жон ватаним Туркманистон" дея ўз қасамини тугатди.

Унинг бу қасамига гувоҳ бўлган оқсоқолу расмийлар бир овоздан жўр бўлиб "Яшасин Туркманистон¸ яшасин!", дея ҳайқирди.

Шундан сўнг Бердимуҳаммедов ўзига Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган президентлик гувоҳномасини залга¸ телекамераларга кўз-кўз қилди.

Туркманистонда 12 феврал куни ўтказилган президент сайловида¸ Марказий сайлов комиссияси қарори билан¸ Бердимуҳаммедов сайловчиларнинг 97,14 фоиз овозини олиб, етти нафар рақиби устидан ғалаба қозонди¸ деб топилди.

Тўлиғича давлат назоратида бўлган Туркманистон оммавий ахборот воситалари президентлик сайловларининг демократик ва рақобат руҳида ўтгани ҳақида тинимсиз гапираëтган бир пайтда¸ халқаро кузатувчилар¸ бу сайловларнинг навбатдаги театрлаштирилган томоша бўлганини айтмоқдалар.

Президентлик сайловини рақобат руҳида ўтган қилиб кўрсатиш учун унда жами саккиз шахс номзод сифатида рўйхатга олинди. Аммо ҳаммаси давлат тизимларида ишлайдиган бу номзодларнинг етти нафари олган овоз қўшиб саналганда, сайлов комиссияси ҳисобига кўра, аранг бир фоиздан ошган¸ холос.

Туркманистондаги президентлик сайловини 2340 нафар маҳаллий кузатувчи ва МДҲ мамлакатларидан келган 63 нафар кузатувчи кузатди.

Туркман тадбирининг демократик савлов талабларига мутлақо мос келмаслигини таъкидлаган ЕХҲТ 12 феврал кунги сайловга ўз кузатувчиларини юбормади.

Расмий маълумотларга кўра, Бердимуҳаммедовни иккинчи муддат президентликка сайлашда овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчиларнинг 97 фоизи иштирок этган. Аммо норасмий манбалар фуқароларнинг Бердимуҳаммедов учун овоз беришга мажбурлангани¸ овоз беришга келмаган сайловчиларнинг қаттиқ таъқиб қилинганини маълум қилди.

Президент сайловлари арафасида 60 ëшдан ошган 600 аъзодан ташкил топган Оқсоқоллар кенгаши Бердимуҳамедовга яна бир бор “Туркманистон Қаҳрамони” мукофоти бериш ташаббуси билан ўртага чиқди ва Мажлис депутатлари бу таклифни бир овоздан маъқуллади.

Қисқа муддат ичида ўз салафи марҳум Сапармурод Ниëзов шахсига сиғиниш унсурларини йўқ қилган Қурбонқули Бердимуҳаммедов¸ мустақил кузатувчиларга кўра¸ унинг ўрнига ўз шахсига сиғинишни кучайтирмоқда.

Дунë давлатларидаги демократия ва инсон ҳақлари вазиятини тадқиқ қиладиган халқаро ташкилотлар Туркманистонни инсон фундаментал ҳақлари энг қўпол тарзда топталаëтган Шимолий Корея билан бир қаторга қўйиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG