Линклар

Владимир шаҳар тергов изоляторида бир йилдан бери ўғирлик қилганликда айбланган Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳибсда қолмоқда. Уларнинг яқинлари маҳбусларга тухмат қилинаётганини айтишмоқда.

Бир йилдирки Владимир вилоятида содир этилган ўғирликларда гумонланиб қўлга олинган 5 нафар Тожикистон ва 1 нафар Ўзбекистон фуқароси Владимир шаҳар тергов изоляторида сақланмоқда.

Уларнинг ишини ўрганаётган Владимир вилояти ИИБ терговчилари бу хусусда изоҳ беришдан бош тортди.

Бироқ ҳисбдагиларнинг яқинлари Озодликка уларнинг бу жиноятга мутлақо алоқаси йўқлиги ва мазкур иш сохталаштирилганини гапиришмоқда.

Тожикистонлик Шавкатжоннинг жияни 32 ёшли Мелик Юсуповни полиция 2011 йилнинг март ойида Люберци шаҳридаги бозорчада қонуний қайдда бўлмагани учун қўлга олган.

“Бироқ кейин унга бошқа нотаниш одамлар билан биргаликда ўғирлик қилганлик айблови қўйилди”, дейди у.

- Буларни депортация қилмоқчи эди, лекин негадир Владимирга жўнатилди жияним. Билишимча, 5 таси Тожикистондан, кейин яна биттасини ушлаб келишибди, у Ўзбекистондан экан. “Булар билан бирга бўлгансан”, деб мажбурлабди, лекин у ҳам отказ қилиб турган эди, дейди жияним. У тарафларга бормаган умуман, нима ўғирлик бўлган эканми, бундан бехабар, бир-бирини танишмайди ҳам! Мана бир йилдан бери ушлаб ўтирибди. Делони ёпишди, улар бўйнига олмади умуман, дейди душанбелик Шавкатжон.

5 нафар фарзанднинг отаси бундай жиноятларга қўл уришдан олдин юз маротаба ўйлаб кўради, дея давом этади у. Маълум бўлишича, Мелик Юсупов Москва вилоятида ҳибсга олинган ва ўзининг айтишича, ўғрилик содир этилган пайтда у Владимир вилоятида бўлмаган.

- Мелик жияним. Олдинлари пиражкахоналарда ишлаган, грузчиклик қилган. Анчадан бери келиб-кетади Россияга. Бешта фарзанди бор. Уйида қари энаси, ота-онаси касал, 5-6та укаси бор, уйда энг каттаси бўлгани учун пул топиб оз-моздан жўнатиб турарди. Бегуноҳдан шу бола ўтирибди. Жиянимни кўрмасдан олдин иккиланиб турган эдим, балким ёмонларга қўшилганмикин, деб. “Сен бу ишга озгина алоқанг бўлса ҳам очиғини айт, сендан кўра болаларингга ёрдам бераман”, дедим. “Ака, мен Владимирга келмаганман, алоқам ҳам йўқ бу ишга. Ёрдам қиласизми, йўқми – сизнинг хоҳишингиз”, деди, дейди жиянини бир йилдан бери ноҳақ айблов билан қамоқда ушлашаётганини Озодликка гапирган Шавкатжон.

Жиноий ишнинг сохталаштирилганига ишонган Россия президенти қошидаги Фуқаролик жамиятлари ва инсон ҳуқуқлари тизимларини ривожлантириш бўйича кенгаш аъзоси Светлана Ганнушкина марказий-осиёлик мардикорларнинг ҳимоясига бир гуруҳ адвокатларини "ташлаганини" айтади Озодликка.

Мелик Юсуповнинг ҳимоясига отланган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти юристи Абусуфён Гайтаев Озодликка бу шахсларга нисбатан олиб борилаётган тергов қатор қонунбузарликлар билан олиб борилгани ва жиноий иш яқинда судга оширилишига қарамасдан, на бу йигитлар ва на уларнинг яқинлари нимада айбланаётганини билади, дейди.

- Мен душанба куни Владимирга бориб, иш материаллари билан танишиб чиқмоқчиман. Улар ҳатто қайси моддалар бўйича, нимада айбланаётганини билишмайди, дейди адвокат Гайтаев.

Сўнгги пайтларда Озодликнинг Москвадаги бюросига, айниқса маҳаллий полиция томонидан ноҳақ жавобгарликка тортилаётганлар мардикорлар тўғрисида хабарлар келмоқда.

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманидан бўлган Имомов Муҳриддин ўтган йилнинг август ойида талон-тарожда айбланиб қўлга олинганида ҳали вояга етмаган бўлган.

“Бир рус қиз уни қирғиз йигитлар тунаганини айтибди, унга ўғлимни олиб келиб кўрсатишса, иккиланиб “Ҳа, ўхшаяпти”, дебди”, дейди унинг отаси Жуманазар Имомов.

- 22 август куни эрталаб дворникларни собраниеси бўлган эди ,тўсатдан келиб буни ушлаб кетишган. Отделга олиб борган йигит буни урган, бўйнига қўяман деб. Бугун продление бўлади судда. Аниқ ушлаган гувоҳ йўқ, видеокамерани кўрган терговчи аниқ бу эмас, деяпти. 6 ой тўлиқ бўлди. Ўтган йилнинг март ойида даволатаман, деб олиб келган эдим уни. Шароитим бўлмадида, мени ўрнимга ишлаб турувди. Вояга етмаган бўлган. Ноябрнинг 20да 18ёшга тўлди, дейди бу жиноятга алоқаси йўқлигини ҳатто жабрланувчининг ўзи тан олганига қарамасдан ўғли ҳисбда сақланаётганини гапирган Жуманазар Имомов.

Россиядаги ўзбекистонликларни ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган Мемориал инсон ҳуқуқлари маркази ходими Баҳром Ҳамроев Озодлик билан суҳбатда сўнгги пайтларда марказий-осиёлик, ҳусусан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига қарши оммавий қатағонлар бошланди дейди.

- Қатағон қилинаётган ўзбеклар жудаям кўп! Уларни оддий қилиб ё наркотик моддаси ёки энг кўп қўйилаётган айблов – рус қизларини мажбурлаш ёки уларнинг телефонини ўғирлаш бўлиб қолди. Буни ҳеч экспертиза қилиб бўлмайди, булар ҳаммаси савол остида. Муттаҳамчилик қилиб ўзбек ва тожикни қамаб қўйиш осон: ҳам пул ишланади, ҳам одамлар репрессия қилинади, ҳам уларнинг мартабалари ошиб боради, дейди ҳуқуқ фаоли.

Баҳром Ҳамроевнинг фикрича, Россияда, айниқса Москва шаҳри ва вилоятида мигрантларга қарши бу усулдаги “курашнинг” авж олишига март ойига белгиланган сайлов олдидан ўз рейтингини ошириш учун сиёсатчиларнинг қилаётган миллатчилик чиқишлари сабаб бўлмоқда.

- Бу ҳолатга тушганларнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Тожикистондан. Уларнинг кўпчилиги рус тилини билмайди. Айниқса уларга қарши давлат раҳбарларининг меҳнат муҳожирларига қарши чиқишлари репрессияларни кучайтирди. Сайлов олдида Владимир Путиннинг мигрантларга қарши чиқиши Ички ишлар ходимларига туртки бўлди. Бундан ички ишлар фойдаланди. Менга Ўзбекистон ва Тожикистондан уларга нисбатан қилинаётган туҳмат ва қамашлар, катта миқдорда пул талаб қилишлари мен ўзим гувоғи бўлдим. Лекин ҳаммага биз улгура олмаяпмиз. Асосан ёшларни тутишяпти. Умидимиз Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматидан йўқ., чунки ўз фуқароларини қамчилатиб келаётган ҳукуматлар ўз фуқароларини ҳимоя қилиб Россия ҳукуматига чиқиб баёнот қилишмайди. Биз жамоатчилик билан бунга қарши кураш олиб боришимиз керак, илож йўқ бошқа, дейди Мемориал инсон ҳуқуқлари маркази ходими Баҳром Ҳамроев.

Озодлик Россияда ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг меҳнат муҳожирларига нисбатан ноқонуний босим олиб борилаётганига оид жамланган маълумотларни чоп этиб боради.
XS
SM
MD
LG