Линклар

logo-print

Ўзбекистон президентининг куч ишлатар салоҳиятига эга тизимлар бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Равшан Муҳиддинов катта миқдордаги коррупцияда айбланди.

Ўзбекистондаги бир-биридан мустақил икки манбанинг Озодликка билдиришича¸ Равшан Муҳиддинов иши Тошкент шаҳар Сергели туман Жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилган ва ҳукм 16 феврал куни эълон қилинган.

Ўзбекистон ҳуқуқ идораларидаги мансаб пиллапояларидан нисбатан тезлик билан кўтарилган 48 яшар Муҳиддинов қатор оғир иқтисодий жиноятлар¸ хусусан хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш ва катта миқдордаги коррупцияда айбдор деб топилган.

Ўтган йил 21 сентябрда давлат маслаҳатчиси лавозимидан бўшатилиб¸ Тошкент вилояти прокурори этиб тайинланган Муҳиддинов ноябр ойида бу вазифасидан ҳам бўшатилган ва дарҳол ва ҳибсга олинган эди.

Ўзбекистонлик таниқли публицист Шароф Убайдуллаев мамлакат куч ишлатар ва молия тизимлари фаолиятини назорат қилиб келган амалдорнинг катта миқдордаги коррупция ва давлат ваколатларини суистеъмол қилиш каби айблар билан 15 йилга қамалиши тузум асосларидаги жиддий муаммо ифодаси эканини айтади.

- Бу жуда катта вазифа. Бизнинг Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқроқ погонли одам бор. Прокуратура дейсизми, олий суд органлари, милиция, давлат хавфсизлик органлари, таможня, армия, чегара қўшинлари ҳаммаси, бирорта погонли хизмат борки, мана шу маъмурий органлар бўйича давлат маслаҳатчиси ўзининг бутун бир маъмурий бўлинмаси билан шу тизимлар ишини назорат қилади.
Бу бўлимнинг ичида унинг бир нечта ўринбосари бор, беш-олтита сектори бор, бу ерда 30 тага яқин одам ишлайди. Буларнинг ҳар биридан Ўзбекистоннинг жамики соҳасидаги генераллар зириллаб туради.

Бу идоралар кундалик ҳаëтидаги бирор воқеа, бирор-бир ҳодиса давлат маслаҳатчисининг назоратидан четда қололмайди. Жамики давлат олий органлари устидан тушган шикоят хатлари борми, сигналлар борми, кадрлар масаласи борми, уларга унвонлар берилиши борми, жазолар берилиши борми, у-бу вазифага кўчирилиши, ўтказилиши, туширилиши, кўтарилиши борми, буларнинг бирортаси мана шу давлат маслаҳатчисининг ихтиëрисиз, розилигисиз юз бермайди. Бу вазифага танланган одам ëки бу вазифада ишлаëтган одам президент билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлади¸ ҳар куни бир неча марта¸ истаган маҳалида. Бу одамга президентнинг эшигида ҳеч қачон йўқ деган белги ëки сигнал бўлмайди¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

Ўзбекистон махсус хизматларига яқин экани айтиладиган Uzmetronom Интернет газетаси Равшан Муҳиддиновнинг ҳибсга олинишига унинг яқинлари олиб борган тижорий фаолият¸ хусусан акасининг хотини номига расмийлаштирилган меҳмонхоналар тизимида ўтказилган текширув сабаб бўлганини ëзган эди. Бу манбага кўра¸ Ўзбекистон бўйлаб тармоққа айланган "Орзу" меҳмонхоналар тизимининг Муҳиддиновлар оиласига тегишли экани айтилади.

Ўзбекистонлик журналист¸ ҳукумат ичидаги кадр ўзгаришларидан яхши хабардор Шароф Убайдуллаевнинг Озодликка айтишича¸ айни кунларда Равшан Муҳиддинов оиласига қарашли экани айтиладиган бизнес кўлами жамоатчилик орасида қизғин муҳокама бўлмоқда.

- Бу кишининг нафақат акасининг хотини¸ балки ўзининг хотини ҳам бевосита савдо ишлари билан, бевосита коммерция билан, бизнес билан актив шуғулланганлиги ҳозир жуда катта гап-сўзга айланиб кетди. Лекин ким ҳозир бу билан шуғулланмаяпти? Ҳозир Ўзбекистондаги энг олий мансаблардан тортиб энг қуйи мансабгача совет давридан қолган жамики меҳмонхоналар, жамики катта универсал магазинлар, жамики йирик савдо точкалари, жамики таъминот омборхоналари, импорт қилиш, экспорт масалалари, божхоналар ва бошқа-бошқа энг олий савдо корхоналарини ўзлаштириб олган. Булар ҳозир кимнинг қўлида? Кимлар қандай йўл билан қўлга киритди? Булар ҳаммаси қоп-қоронғи халққа, мутлақо жамоатчиликка номаълум йўллар билан жамоатчиликнинг кўзини етти қават боғлаб қўйиб, қоп-қоронғи хонада қора мушукни ушлагандай қилиб ҳал қилинди ва қилинмоқда¸ дейди ўзбекистонлик таниқли журналист.

Норасмий манбалар¸ асли тошкентлик Равшан Муҳиддиновнинг Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëевга яқин экани ва собиқ давлат маслаҳатчисининг Бош вазир ва МХХ раиси Рустам Иноятов ўртасида бораëтган компроматлар урушининг навбатдаги нишонига айланганини айтмоқдалар.

Равшан Муҳиддинов¸ айнан кимнинг саъй-ҳаракати туфайли президент қаҳрига учраганидан бехабарлигини айта туриб Шароф Убайдуллаев¸ собиқ давлат маслаҳатчисининг компромат қурбони бўлганига ишонишини таъкидлайди.

- Равшан Муҳиддинович бу соҳада тасодифий ëки осмондан тушган одам эмас. Бир неча йил район прокурори, район суди, кейин Жиззах област прокурори, ундан кейин республика Адлия вазири бўлиб ишлаган. Холис айтиш керак¸ ишлаган жойларида ҳеч қандай ортиқча сўз, саволларга ўрин қолдирган эмас эди. Ҳамма жойда инсофли одам, диëнатли одам, қолаверса билимли одам, адолатли одам, деган фикрлар доимо ҳамроҳ юрган эди. Энди мана шу энг олий органга келган пайтда бу¸ албатта¸ қайсидир жиддий шахсларга унча маъқул келмаган бўлиши ва шундан кейин компромат уруши бошланган бўлиши мумкин. Бизда ҳар бир одамга етарли даражада компромат папкалари ҳамиша тайëр. Буни ички ҳужайраларни оз-моз билганим учун айтаман. Керак пайтда уларни бир неча соат ичида ишга солиш мумкин. Менимча, Равшан Муҳиддинов давлат маслаҳатчиси вазифасига келгандан кейин, ўзини янаям принципиалроқ тута бошлагандан кейин бу компромат делоларга йўл берилган бўлса ажаб эмас¸ дейди узоқ йиллар Ўзбекистон ҳукуматида ишлаган таниқли публицист Шароф Убайдуллаев.

Тошкент Давлат университетининг Юридик факултетини тамомлаган 48 яшар Равшан Муҳиддинов 2007-2011 йиллар оралиғида Ўзбекистон Адлия вазири лавозимида ишлаган. Норасмий манбаларга кўра, айнан Равшан Муҳиддинов Ўзбекистонда хусусий нотариусларнинг ёпилишига олиб келган "Нотариат тўғрисида"ги қонун ташаббусчисидир.

2006-2007 йилларда эса Муҳиддинов Республика Бош прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган.

2011 йилда Муҳиддинов Ўзбекистон президентининг хуқуқ-тартибот, куч ишлатар ва фискал тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида бор-йўқ уч ой ишлади.

Озодликка Равшан Муҳиддиновнинг 15 йилга кесилгани ҳақида маълумот йўллаган манба ҳозирда унинг оиласи ва яқинлари ҳам кучли тазйиқ остида қолгани ва Ўзбекистондан чиқиб кетишга ҳозирланаëтганини билдирди.

Равшан Муҳиддиновнинг собиқ давлат амалдорлари учун Косон ва Бекободда махсус қурилган жазони ўташ муассасаларидан бирига жўнатилиши айтилмоқда.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбалар¸ Муҳиддиновнинг бир йил ичида махсус амнистия билан авф этилиш эҳтимоли ҳам мавжудлигини қайд этмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG