Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:08

Таълим соҳасида ҳамкорлик тикланадими?


Бу ҳақда 17 феврал куни Тожикистон Таълим вазирлиги расман маълум қилди.

Тожикистон таълим вазири Нуриддин Саидов 16 ва 17 феврал кунлари “Билмли ва интеллектуал етук авлодни тайёрлаш - мамлакатни модернизациялаш ва барқарор ривожланишининг асосидир”, деб номланган халқаро анжуманда қатнашиши учун Тошкентга борди.

Нуриддин Саидовнинг Ўзбекистон халқ таълими вазири Аваз Мараҳимов билан мулоқоти ҳам мазкур тадбир доирасида ўтказилган.

- Ўзбекистон Халқ таълими вазири билан мулоқот чоғида томонлар таълим соҳасида истиқболли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида фикр алмашди. Ундан ташқари Ўзбекистон билан таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни, масалан, олийгоҳларда тажриба алмашиш, мутахасислар тайёрлаш ва шу каби тиғиз ҳамкорликни қайта тиклаш ҳамда ривожлантиришга келишиб олинди, - дея билдирди Тожикистон таълим вазирлиги матбуот котиби Сиддиқ Муборак.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ таълими вазирларининг учрашуви сўнгги 5-6 йил давомида илк бор кузатилмоқда.

2000 йил бошларида Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари совиб кетиши ортидан бу икки қўшни давлатнинг барча соҳада, жумладан таълим соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам турғун ҳолатга келиб қолди.

“Бунинг ортидан, - дейди тожикистонлик ўқитувчилардан бири Ҳакимжон Розиқов. - республикадаги ўзбек мактаблари аросатда қолди”.

- Ўзбекистон билан алоқамиз узилиб, аросатда қолиб кетдик. Ўзбек тилидаги китоблар йўқолиб қолгандан кейин нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам саводсиз бўлиб қолди. Бугунги кунда адабиётдан, она тилидан оддийгина саволларни беринг, ўқувчиларимиз жавоб бера олмайди, - дейди Қабодиён туманидаги 21-ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ҳакимжон Розиқов.

Тожикистонлик ўқитувчи Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати расмийларининг таълим соҳасидаги ҳамкорликни қайта тиклаш ва ривожлантириш борасидаги уринишларини олқишлар экан: “Бу ҳамкорлик иккала республика учун ҳам манфаатли бўлиши”ни таъкидлади.

Шўролар даврида Тожикистондаги ўнлаб ўзбек мактаблари Ўзбекистон томонидан дарслик китоблар билан таъминланган. Ўзбекистон лотин алифбосига ўтганидан кейин эса Тожикистондаги ўзбек мактабларида дарсликлар тақчиллашди. Бу ўз навбатида республикадаги кўпгина ўзбек синфлари ва мактабларининг тожиклаштирилишига туртки бўлди.

Тожикистон Таълим вазирлиги матбуот котиби Сиддиқ Муборакнинг Озодликка маълум қилишича, 1997 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари “Таълим соҳасидаги ҳамкорлик борасида” икки ёқлама шартнома имзолаган.

Расмийнинг гапларидан маълум бўлишича, бугунги кунда ана шу ҳужжат тор доирада амалга тадюиқ этилмоқда.

- Ана ўша ҳужжат доирасида имкони борича ҳамкорлик қилинаяпти. Масалан, докторлик, номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинади холос, - деди Муборак жаноблари.

Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан кейин Тожикистоннинг нафақат Ўзбекистон, балки бошқа қўшнилари Туркманистон ва Қирғизистон билан ҳам таълим соҳасидаги ишлари юришмай қолди. Аксинча бу давлат форсийзабон давлат Афғонистон ва Эрон билан таълим соҳасида кенг ҳамкорликни йўлга қўйди.
XS
SM
MD
LG