Линклар

Автомобил харидорлари огоҳлантирилмоқда

  • Садриддин Ашур

Кўпчилик ўзбекистонликлар учун ушaлмас бўлган машина орзусининг ушалиши янада қийинлашди.

Кўпчилик ўзбекистонликлар учун ушaлмас бўлган машина орзусининг ушалиши янада қийинлашди.

Тошкентда жорий қилинган автомобил сотиб олиш учун бир йиллик коммунал хизматлар тўловини олдиндан тўлаб қўйиш тартиби вилоятларга ҳам кўчди. “Дамас” олиш учун навбатда турган хоразмлик харидор автодўкондан 2012 йил учун газ ва электр тўловини тўлаб қўйиш “топшириғи”ни олди.

Хоразм вилоятининг Питнак туманида яшовчи Шукуржон Искандарова Россияда ишлаётган фарзандлари юбораётган пул ҳисобидан “Дамас” автомобили сотиб олиш учун Урганч шаҳридаги автосалонга ариза бериб қўйган эди.

Шукуржон опага кўра, кутилмаганда унга автосалондан қўнғироқ қилиб, 2012 йил учун газ ва электр тўловлари тўлангани ҳақидаги маълумотни олиб келиб кўрсатиш сўралган:

- Бизлар Урганч автопаркидан машина олмоқчи эдик. Салондан гаплашиб қўйган эдик. 35 йил пахтада ишлаб биз ҳам бир машина олайлик дедикда. Энди болалар катта бўлди, Россияда ишлашяпти. Бизларга “Газдан, светдан, налогдан қарзларингиз йўқми?” деб телефон қилишди. Менинг қарзим йўқ. Справка учун газ идорасига борсам, “400 минг сўм олдиндан тўланг” дейди. “Президентнинг қарори бор” дейди. “Кўрсат”, десам, кўрсата олмайди. Салонларга шунақа буйруқ чиққанмикан? “Қарзи бўлмаса берсин” деган буйруқ бормикан?- дейди Шукуржон Искандарова.

Шукуржон Исроиловага кўра, унинг газ ва электр энергияси учун тўловлардан қарзи йўқ, бироқ бир йиллик тўловлар тўлангани ҳақида маълумот кўрсатилмаса, машина ололмаслиги айтилган.

Озодлик “Ўзавтосаноат” ҳиссадорлик компаниясининг Урганч шаҳридаги автодўкони билан боғланди. Ўзини Дилшод деб таништирган сотувчига кўра, бундай буйруқ компания томонидан берилган ва улар автомобил сотиб олиш учун навбатда турган харидорларни огоҳлантириб чиқмоқда:

- Машина сотиб олиш учун фуқаро солиқдан қарзи йўқлиги, коммунал тўловлардан қарзи йўқлиги ҳақида справка тақдим этиши лозим. 2012 йил учун тўловлар тўланган бўлиши керак,- дейди автосалон сотувчиси Дилшод.

Автомобил харид қилмоқчи бўлган одамлардан бир йил учун олдиндан коммунал тўловларни тўлаб қўйиш тартиби феврал ойидан бошлаб Тошкентда жорий қилинган эди.

Бундан сал аввал пойтахтдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларига коммунал тўловлар ҳақидаги маълумотни тақдим қилганидан сўнг қўл остидаги ишчиларга маош бериш ҳақида топшириқ бўлган эди.

Бундан ташқари ўқитувчи ва шифокорлар каби бюджет хизматчиларидан бундай тўловлар ойликларидан ушлаб қолиниши айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG