Линклар

Вазн ўлчаш маросимида украиналик рақиби Виталий Кличконинг юзига тарсаки туширган британиялик боксчи Дерек Чисора жангда ютқазди.

Бокс бўйича оғир вазндаги украиналик жаҳон чемпиони Виталий Кличко 18 феврал куни кечқурун бўлиб ўтган жангда чемпионлик камарига даъвогарлик қилган британиялик Дерек Чисорани мағлуб этди.

Мюнхен шаҳридаги 12 минг томошабинга мўлжалланган “Олимпиа” аренасида 12 раунд давом этган жангдан сўнг ҳакамлар бир овоздан Кличко ғалаба қозонганини эълон қилдилар.

Бу билан Виталий Кличко WBC камарини ўзида сақлаб қолди.

Ҳакамлар натижани эълон қилганидан сўнг Чисора жанг қайта ўтказилишини талаб қилди ёки Виталийнинг укаси Владимир Кличко билан жанг қилишни хоҳлашини айтди.

Жума куни Мюнхенда бўлиб ўтган вазн ўлчаш маросимида Дерек Чисора рақиби Виталий Кличконинг юзига кутилмаганда тарсаки туширган эди. Бироқ Кличко вазминлик билан унга жавоб қайтармади.

WBC ташкилоти раҳбарлари спортчига хос бўлмаган ҳаракати учун оғир вазндаги британиялик боксчи Дерек Чисорани 50 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортди.

- Бу шармандалик ва спортга нисбатан мутлақ ҳурматсизлик! Бундай аҳмоқона зарба учун биз боксчини жазосиз қолдира олмаймиз. У жентелмен эмас!, - деди WBC раҳбари Хосе Сулаймон журналистларга берган интервюсида.

Чисорани мағлубиятга учратгач, Виталий спортчиларга ҳос тарзда Чисорага қўл бериб, елкасига уриб қўймоқчи бўлди. Аммо бу гал ҳам Чисора ўзини Виталийдан тортди ва жаҳл билан алланимадир деди.



Сулаймонга кўра, “пасткаш ва арзон провокация” учун Чисора тўлайдиган жарима хайрия мақсадларида сарфланади.

Шанба кунги жангдан сўнг Виталий Кличко профессионал рингда ўтказган 46 та жангидан 44 тасида ғалаба қозонди.

28 яшар британиялик Дерек Чисора эса 18 та жангдан 15тасида ютган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG