Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:17

Ўзбекистон ҳамкорлари: Осиё Тараққиёт банки


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Осиё Тараққиёт банки раҳбари Харухико Куродуни мамлакат тараққиёти учун улкан ҳисса қўшган шахслар қаторида кўради.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Осиё Тараққиёт банки раҳбари Харухико Куродуни мамлакат тараққиёти учун улкан ҳисса қўшган шахслар қаторида кўради.

Якунланган ҳафтада президент Ислом Каримов фармони билан Осиё Тараққиёт банки раҳбари Харухико Курода “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Харухико Курода ва у раҳбарлик қилаётган банк ўзбек халқига қандай буюк хизматлар кўрсатди?

Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) ҳақида маълумот

ОТБ- 1966 йилда ташкил этилган. Асосан Осиё ва Узоқ Шарқ иқтисоди тараққиётига кўмак кўрсатиш мақсадидаги лойиҳаларни амалга оширади. Банк штаб-квартираси Филиппиндаги Манила шаҳрида жойлашган.

Банк асосан Осиё давлатлари ҳукуматларига қарз беради. 15 йилдан 40 йилгача бериладиган битта кредитнинг ўртача миқдори 15 миллион долларни ташкил қилади.

ОТБга 41 та ҳудудий ва 16 та ҳудудий бўлмаган давлатлар аъзо бўлган.

2005 йилдан ОТБга япониялик Харухико Курода раҳбарлик қилиб келади.

ОТБ ва Ўзбекистон

Президент Ислом Каримов 16 феврал куни Тошкентга келган ОТБ раҳбари Харухико Куродага Оқсаройда “Буюк хизматлари учун” орденини топширар экан, мазкур банк айни пайтда Ўзбекистонда 35 та қўшма лойиҳани амалга ошираётганини таъкидлаб ўтди. Президентнинг айтишича, мазкур лойиҳалар қиймати 8,6 миллиард АҚШ долларига тенг. ОТБ лойиҳаларнинг 3, 8 миллиард долларлик қисмини молиялаштиради.

Маълумотга кўра, ОТБ Ўзбекистоннинг маориф соҳасини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу мақсад учун ОТБ Ўзбекистонга 1995 йилдан бери 300 миллион доллар миқдорида қарз берган.

ОТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг энг муҳим босқичи Ўзбекистон орқали Афғонистонга электр энергияси сотиш лойиҳасини амалга ошириш бўлди. Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон йил сайни Афғонистонга 1,2 миллард киловатт/соат электр энергияси сотмоқда. Бундан ташқари “Ўзбекистон темир йўллари” кўмагида Афғонистон тарихида биринчи марта қурилган Хайратон-Мазори Шариф темир йўлини ҳам ОТБ молиялаштирган.

Ўтган йилнинг сентябрида ОТБ Ўзбекистонга инвестиция лойиҳаси асосида қишлоқ жойларида турар -жой биноларини қуриш дастури учун 200 миллион доллар ажратиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

ОТБ ва Ўзбекистон ҳамкорлиги келажаги

Осиё Тараққиёт банки президенти Харухико Курода “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши ортидан Ўзбекистонга 508 миллион долларлик кредит ваъда қилинди. Мазкур қарз умумий қиймати 950 миллион долларни ташкил қилган 4 та лойиҳа доирасида берилади.

Бундан ташқари ОТБ Сургил газ кони базасида Устюрт газ хўжалик комплекси қурилишини молиялаштиришда ҳам иштирок этмоқда. Мазкур қурилишга жами 400 миллион доллар маблағ талаб қилинади. Айтиб ўтиш керакки, бу комплекс қурилиши Ўзбекистондаги энг катта лойиҳа ҳисобланди.

ОТБ Тошкентда Қуёш энергияси халқаро илмий- тадқиқот институти ташкил этишини ҳам молиялаштирмоқчи. Бу борада 16 феврал куни Ўзбекистон ва ОТБ шартнома имзолаган.

Ўзбекистон 1995 йилда Осиё тараққиёт банки аъзоси бўлган.
XS
SM
MD
LG