Линклар

logo-print

Дипломатик уринишлар Суриядаги зўравонликларни тўхтата олмаяпти


Хитой ТИ вазири ўринбосари Ч.Цзюн (чапда) ва Сурия Президенти Б.Ал-Ассад, Дамашқ, 2012 йил 18 феврал.

Хитой ТИ вазири ўринбосари Ч.Цзюн (чапда) ва Сурия Президенти Б.Ал-Ассад, Дамашқ, 2012 йил 18 феврал.

Халқаро ҳамжамият томонидан амалга оширилаётган дипломатик уринишларга қарамай, Сурияда зўравонликлар давом этмоқда.


Суриядаги давлатга қарашли SANA ахборот агентлиги Идлиб вилоятида уюштирилган ҳужумда вилоят бош прокурори ва суд ҳаками суиқасд қурбони бўлганини хабар қилди.

SANA ахборот агентлигига кўра, қуролли шахслар якшанба куни эрталаб вилоят бош прокурори Нидал Ғазал ва суд ҳаками Муҳаммад Зиёдий кетаётган машинани ўққа тутган. Прокурор ва ҳакам воқеа жойида ўлган.

Суриялик фаоллар Ҳомс шаҳри атрофига ҳукумат кучлари йиғилаётганини билдирди.

19 феврал куни ҳарбий қисмлар Ҳомснинг Баба Амр туманини артиллериядан ўққа тутишни давом эттирган.

Айни пайтда Хитой Араб Лигасининг Суриядаги зўравонликларни тўхтатишга қаратилган режасини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида шу ҳақда баёнот эълон қилинди.

Мазкур баёнот эълон қилинишидан олдин Хитой Ташқи ишлар вазири ўринбосари Чжай Цзюн Дамашқда Сурия Президенти Башар Ал-Ассад билан музокара олиб борди.

Сўзлашувдан кейин Чжай фақат барқарор вазият бўлган тақдирда Сурияда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш мумкинлигини таъкидлади.

Хитой мулозими Суриядаги барча томонларни зўравонликларни тўхтатишга чақирди.

- Хитой Суриядаги барча томонларни зўравонликларни тўхтатишга ҳамда сиёсий ислоҳотлар дастури ва механизмини муҳокама қилиш жараёнига қўшилишга чақиради, - деди Хитой Ташқи ишлар вазири ўринбосари Чжай Цзюн.

БМТ маълумотига кўра, Сурияда ўтган йил март ойида президент Башар Ал-Ассад режимига қарши оммавий норозиликлар бошланганидан бери 5 минг 400дан ортиқ одам нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG