Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:33

Москвада ўзбек адабиётига оид китоб чоп этилди


“Очилган атиргуллар иси” китоби, нашриётчининг айтишича, ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
“Очилган атиргуллар иси” китоби, нашриётчининг айтишича, ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Москвада ўзбек оғзаки ижоди ва адабий меъросига бағишланган “Очилган атиргуллар иси” номли тўплам рус тилида чоп этилди. Бу “Художественная литература” нашриётининг ўзбек адабиётига доир сўнгги 2 йил давомида чиқарган 2-чи тўпламидир.

Россияда энг йирик ҳисобланган “Художественная литература” нашриётида чоп этилган тўпламда буюк ўзбек шоири ва мутафаккири ҳазрат Алишер Навоий асарларидан ташқари ўзбек миллий достонлари, эртаклари, мақол ва маталлари жой олган.

Бу, дейди Озодлик билан суҳбатда “Художественная литература” нашриёти бош директори Георгий Пряхин, 4 йилдан буён чоп этилаётган “МДҲ мумтоз адабиёти” кутубхонасининг 30 га яқин жилдларидан биридир”.

- Сиз қизиқаётган ўзбекча китоб аслида иккинчи жилд ҳисобланади, унинг биринчи жилди бир йил олдин нашр этилган. У ўзбек шеъриятига, албатта биринчи навбатда Алишер Навоий асарларига бағишланган эди. “Очилган атиргуллар иси” адабий тўплами эса асосан халқ оғзаки ижоди ва фолклорига бағишланган. Бу асарларни яратишда биз россиялик мутахассислар билан биргаликда бу соҳада энг йирик ҳисобланган ўзбек мутахассислари, жумладан Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти директори маслаҳатчиси доктор Тўра Мирзаев, фанлар доктори Фарид Ҳамроевларни жалб қилдик. Кириш сўзини Россиянинг собиқ элчиси, ҳозирда “Россотрудничество” Федерал агентлик директори Фарид Мухаметшин ёзиб берди,- дейди Георгий Пряхин.

"Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси (Фонд Форум) ўз расмий сайти орқали "Очилган атиргуллар иси" Россиядаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ва Фонд Форумнинг ваколатхонаси "ҳамкорлигида" "Художественная литература" нашриётида босмадан чиқарилганини маълум қилди.

"Художественная литература" нашриёти раҳбари мумтоз Фонд Форумнинг ўзбек адабиёти наъмуналарини ўз ичига олган китобнинг рус тилида чоп этилишига умуман алоқаси бўлмаган. Айни пайтда, Георгий Пряхин Фонд Форум тарқатган хабарни изоҳламади.

Унинг айтишича, “Очилган атиргуллар иси” адабий тўплами тўлалигича МДҲ давлатлари доирасида тузилган Гуманитар ҳамкорлик халқаро фонди ҳомийлиги остида нашрдан чиққан ва сотиш учун мўлжалланмаган.

“Художественная литература” директорининг сўзларига кўра, 2011 йилда ўзиниг 80 йиллигини нишонлаган нашриёт совет даврида ҳам ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини махсус таҳририят цензураси остида нашрдан чиқариб келган бўлса, ҳозирда “МДҲ мумтоз адабиёти” кутубхонаси бевосита у ёки бу мамлакат адабиётшунослари билан ҳамкорликда чиқарилмоқда.

“Тўпламда келтирилаётган асарларнинг бир қисми биринчи маротаба чоп этилмоқда, унинг устида энг замонавий мутахассислар ҳамкорликда иш олиб боришди”, дея давом этади Георгий Пряхин.

- Бу асарларнинг рус тилида чоп этилаётгани ўзбек шеъриятидан бехабар россияликлар ва ўз юртидан узоқлашиб кетаётган ўзбеклар учун фойдали, деб ҳисоблайман. Менимча, бу асар Москвада охирги йилларда кўпайиб қолган ўзбеклар ички дунёсини тушуниш учун, янги даврда ўзбек-рус маданиятларининг ўзаро алмашувини йўлга қўйишга хизмат қилади. Руслар ва ўзбекларнинг сиёсий алоқалари бу бир масала, лекин асар маиший даражада бир-биримизни тушуниш учун жуда зарурдир. Шахсан мени ҳар бир даврга оид миниатюралар, асарда келтирилаётган туғилиш, ўлим, бешик устида, далада айтиладиган қўшиқлар, ажойиб достонлар қойил қолдирди, дейди нашриёт директори.

Георгий Пряхиннинг сўзларига кўра, 712 варақдан иборат “Очилган атиргуллар иси” асари ҳозирча 500 нусхада чоп этилган – тўпламнинг биринчи жилди 1000 нусхада чиққанига қарамасдан бир неча ҳафта ичида сотиб бўлингнан.

15-16 аср миниатюралари билан жиҳозланган бу китоб Россия ва хориждаги кутубхоналар, ўқув юртлари, рус мактаблари ва лицейлари ҳамда бошқа ташкилотларига юборилмоқда. “Художественная литература” директори “Очилган атиргуллар иси” душанба куни Страсбургда бошланаётган йирик жаҳон нашриётлари анжуманида тақдим этилиши ва унга қизиқишини билдирилса, инглиз тилида ҳам чоп этилиши мумкинлигини алоҳида урғулади.

Суҳбатимиз сўнггида “Художественная литература” нашриёти бош директори Георгий Пряхин яқин келажакда нашриётда ўзбек адабиётига оид яна бир қатор асарлар нашрга тайёрланаётганини маълум қилди.

- Ўзбек адабиётини чоп этиш бизнинг режаларимизда бор. Мен бу режалар амалга ошишига ишонаман. Биз анчадан буён ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг 60-70 йилларга оид илк асарларини рус тилида чоп этишни режалаштириб қўйганмиз.Мен бу режаларнинг амалга ошишига ишончим комил,- дейди Георгий Пряхин.
XS
SM
MD
LG