Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:12

Рустам Азимов чегарани аниқлаш учун Душанбега келди


Маълумотларга кўра, ўзбек-тожик чегарасида 4 та баҳсли ҳудуд мавжуд.
Маълумотларга кўра, ўзбек-тожик чегарасида 4 та баҳсли ҳудуд мавжуд.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларини аниқлаш бўйича ҳукуматлараро комиссия 20 феврал куни Душанбеда иш бошлади.

Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, республика Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов бошлиқ делегация таркиби 25 кишидан иборат.

- 20-22 феврал кунлари ҳукуматлараро комиссия фақат чегара масаласи бўйича ишлайди. Икки кунлик тадбир бу, аммо бир куннинг ичида ҳамма нарса ҳал қилинса керак, - деди исмини ошкор қилмаган ўзбек дипломатларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирли масъулларининг билдиришича, тожик делегациясига республика Хавфсизлик Кенгашининг раиси Абдураҳим Қаҳҳоров бошчилик қилмоқда.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, давлат чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш бўйича ҳукуматлараро комиссияси сўнгги марта 2009 йилнинг апрелида Тошкентда тўпланганди.

Ўша йилнинг 29-30 апрел кунлари ҳам мазкур тузилма икки давлат чегарасидаги шу пайтгача баҳсли бўлиб келаётган тўртта ҳудуд масаласини муҳокама қилган.

Аммо Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидаги ишончли манбанинг айтишича, ўша учрашув томонлар мунозараси билан якунланган. “Шу боис бўлса керак, - дейди манба, - комиссия ишида катта танаффус бўлди”.

Бу маълумотларни шу йил январ ойи бошида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган бир матбуот анжуманида Тожикистон Ташқи ишлар вазири муовини Шамсиддин Зоҳидов ҳам тасдиқлаган эди.

Зоҳидов жаноблари ўтган давр ичида олиб борилган қатор ёзма ва оғзаки музокаралар натижасида ҳукуматлараро комиссия Душанбеда тўпланишига келишилганини айтганди.

Тожикистон расмийси Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларининг фақат 20 фоизи анқланмай қолаётганини маълум қилган.

- Чегараларимизнинг 20 фоиздан камроғи аниқланмай қолган. Бу асосан Сўғд вилоятидаги ҳудудлардир, -дея билдирганди тожик дипломати Зоҳидов.

Ана шу тўртта баҳсли ҳудуддаги паспорти ўзбек, лекин яшаш жойи Тожикистон ери ёки аксинча бўлиб қолган фуқаролар бугунги кунда аросатда эканлигини, Зоҳидовнинг айтишича, икки томон ҳам жуда яхши англайди.

“Шу нуқтаи назардан қаралганда, жорий йилда қўшни Ўзбекистон билан чегараларимизни делемитациялаш ва демаркациялаш масаласи узил –кесил ҳал қилиниши лозим” дея таъкидлаганди январ ойи бошида Тожикистон ҳукумат расмийси Зоҳидов.

Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларида томонлар баҳсига сабаб бўлаётган тўртта ҳудудга Фарход ГЭСи ва унинг тўғони, Самарқанд вилоятидаги Ургут туманига қўшни бўлган Тожикистоннинг Панжакент туманидаги Турк-Шўрнова қишлоғи, Бекобод шаҳрининг Тожикистон билан чегарадош Плотина ва Горний маҳаллалари киради.

Тожикистоннинг Ўзбекистон билан давлат чегаралари 1332 километрга узанган. Чегараларни аниқлаш бўйича 2002 йилда тузилган ҳукуматлараро комиссия ўтган шу вақт ичида чегараларнинг 80 фоизини аниқлаган. Бу борадаги келишув 2009 йил ҳар иккала томон парламентлари томонидан ратификация қилинган эди.

Ўзбек делегациясининг Душанбега сафаридан тахминан икки ҳафта аввал қирғиз делегацияси келиб кетган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати масъулларининг айтишича, “Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларини делемитациялаш ва демаркациялаш бўйича ҳукуматлараро комиссия беш кун давомида ижобий натижаларга эришган”.

Мазкур комиссиянинг навбатдаги учрашуви март ойида Бишкекда бўлиб ўтиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG