Линклар

logo-print

Паркентлик муслималар жавобгарликка тортилди

  • Барно Анвар

Ноқонуний диний таълим берганликда айбланган паркентлик Насиба Аширматова (ўнгда) ва жамоатчи ҳимоячи Шуҳрат Рустамов.

Ноқонуний диний таълим берганликда айбланган паркентлик Насиба Аширматова (ўнгда) ва жамоатчи ҳимоячи Шуҳрат Рустамов.

Аёлларга ноқонуний равишда диний сабоқ берганлик айби қўйилди ва маъмурий жазо тайинланди.

Тошкент вилоят суди Паркент туманида истиқомат қилувчи тўрт муслима аёл — Насиба Аширматова, Махсума Раҳимхўжаева, Ирода Мирзукурова и Моҳинур Холматоваларни туман ҳудудида ноқонуний равишда диний таълим берганликда айбдор, деб топди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан олинган маълумотларга кўра, вилоят судида ўтган аппеляция тартибидаги маҳкамада Юқоричирчиқ туманидаги қуйи суд инстанцияси томонидан қабул қилинган қарор ўз кучида қолган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, суд томонидан энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жаримага тортилган Насиба Аширматова Паркент шаҳрида бир хусусий боғча очган ва қолган уч аёл у билан бирга ишлаган.

Айни пайтда Ашимартованинг уйида ишлаб турган боғча ёпилган ва аёллар ишсиз қолиш билан бирга, ноқонуний фаолиятда айбланиб жаримага тортилди.

Аширматованинг фарзанди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда суд ҳукмидан норози эканликларини айтди.

- Онамнинг унақа нарсалардан умуман хабари йўқ. Дарс ўтмаган, умуман шароит йўқку бу ерда. Кейин улар айтган кунларда онам қаттиқ касал бўлиб уйда ётган, ҳеч қаёққа чиқмаган,- дейди суд айбдор, деб топган Насиба Аширматованинг ўғли.

У биз боғланган кезда Насиба Аширматова яна туман ички ишлар бўлимига чақиртирилгани маълум бўлди.

Унинг оила-аъзоларидан олинган маълумотга кўра, Насиба Аширматова 2009 йилда ўз уйида ногирон болалар учун хусусий боғча очган.

Бу аёл 1999 йилдан — турмуш ўртоғи Дилшод Аширматов 16 феврал портлашларида айбланганидан буён ИИБ томонидан ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда гумон қилиниб, махсус рўйхатларга тиркалган.

Унинг турмуш ўртоғи 2001 йилда қўшни Қирғизистонда қувғинда юрган пайтида вафот этган. Шунингдек, бу аёлнинг жияни Акмал Тошев ҳам ваҳҳобийликда айбланиб ҳибсга олинган. Айни пайтда у Тоштурма қамоқхонасида сақланмоқда.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева Тошкент вилоят судида маҳкамага тортилган Насиба Аширматовага нисбатан тазйиқларнинг асл сабаби айнан унинг яқинлари, қолган уч аёлнинг айбланиши бу аёлларнинг Насиба Аширматова билан бирга ишлаганида, деб ҳисоблайди.

- 5 февралда Юқоричирчиқ туман судяси бу аёлларни ноқонуний равишда диний таълим берганликда айбдор топди. Кейин вилоят судида маҳкама бўлди ва ҳукм ўз кучида қолдирилди. У ерда мен ҳам, жамоатчи ҳимоячи Шуҳрат Рустамов ҳам қатнашдик. Суд қонунбузарликлар билан ўтди,- дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева.

Маҳкама жараёнини кузатган жамоатчи ҳимоячи Шуҳрат Рустамов ҳам ҳар икки суд жараёнининг қонунга зид равишда ўтганини таъкидлар экан, бу аёлларга қўйилган айблов аввалидаёқ асоссиз бўлган, деб ҳисобламоқда.

- Логопед боғча очган бўлган Насиба Аширматова. Ундан буни олиб қўйишган ва кейини батамом тагига сув қуйиш учун диний литературани, дискларни олишган уйидан. Уларни ҳаммаси рухсат берилган адабиётлар бунинг устига. Лекин, уларнинг ўзини иштирокисиз, биринчи судни қилиб, айблаб, решенияни чиқариб қўйишган. Аслида бу аёлнинг миясида диний илимнинг ўзи йўқ. Судга ҳам бу аёллардан учтаси бош яланг, қулоғида сирғаси, қўли даҳани очиқ ҳолда келишдику, кўрдикку, - дейди Шуҳрат Рустамов.

Ҳуқуқ фаоллари ва жазога тортилган аёлларнинг яқинларига кўра, аёллар маҳкамада ўзларига қўйилган айбловларни тан олмаган.

Шунга қарамасдан, уларга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддасига асосан қўйилган айбловнинг бекор қилинмаганидан норози аёллар юқори инстанцияларга шикоят қилиш ниятида.

Ушбу моддада махсус диний билим ва махсус рухсатномасиз диний таълим бериш билан шуғулланганлик учун энг кам иш ҳаққининг баш баробаридан ўн баробарига қадар жарима ёки 15 суткалик ҳибс жазоси кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG