Линклар

logo-print

Тошкент шаҳар суди судяси Фарҳод Йигиталиев порахўрликда айбланиб ҳибсга олинди.

Жорий йилнинг 16 феврал куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди судяси Фарҳод Йигиталиев пора олаётганда ҳибсга олинган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган тошкентлик адвокатга кўра, Йигиталиев маҳаллий фуқародан бир миллион АҚШ долларига яқин пулни пора сифатида олаётган вақтида Миллий хавфсизлик хизмати тезкор гуруҳи томонидан ҳибсга олинган.

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди ходими Йигиталиевнинг ҳибсга олинганини тасдиқламади.

Ўзини таништиришни истамаган суд ходимига кўра, Фарҳод Йигиталиев ҳозирда касаллик таътилида бўлиб, яқин орада у ишга чиқмайди.

Озодлик манбасига кўра, Йигиталиев ҳозирги кунда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига қарашли 64/1-сонли тергов изоляторида сақланмоқда.

Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтиляпти.

Озодлик манбаларига кўра, 50 ёшли Фарҳод Йигиталиев Тошкентда "Нурчилар" диний оқимига мансуб диндорлар устидан ўтказилган маҳкамалар орқали танилган. Шаҳар судида "Нурчилар" билан боғлиқ ишларни асосан Йигиталиев кўриб чиққани айтилмоқда.

2009 йилнинг 26 февраль куни Йигиталиев “Ирмоқ” журнали ва “Етти иқлим” газеталари таҳририятининг 5 нафар ходимига нисбатан 8 йилдан 12 йилга қадар бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Ўзбекистонда кейинги йилларда судяларнинг айнан пора билан ҳибсга олиниш ҳолатлари тез-тез учраётгани кузатилмоқда.

Ўтган йилнинг кузида Жиззах вилоят Жиноят ишлари бўйича судининг раиси М. Шукуруллаев, Зарбдор туман Жиноят ишлари бўйича суди раиси Ўткир Абдуллаев пора билан қўлга олинган эди.

Ўтган йилнинг октябрида Фарғона вилоятидаги фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судяси Сулаймон Акбаров машина олди-сотдиси бўйича судга оширилган ишни ҳал қилиш эвазига пора олаётган пайти ҳибсга олинган.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах шаҳар туманлараро судининг судяси Юсуф Камолов пора олаётган пайтда миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Яқинда Тошкент шаҳар Яккасарой туман фуқаровий ишлар бўйича суди судяси 25 ёшли Дониёр Пўлатов 200 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган эди.

Ўтган йилнинг ёзида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаровий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Холмуҳаммад Отахонов пора олганликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилиш ва қамоққа олинишдан қочиб, яширингани хабар қилинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG