Линклар

logo-print

Марказий банк собиқ мулозимлари қочгани айтилмоқда


Йил бошидан бери валюта операцияларига оид лицензияси олиб қўйилган банкларда юз миллионлаб АҚШ доллари миқдоридаги фирибгарликлар содир этилгани айтилмоқда.

Йил бошидан бери валюта операцияларига оид лицензияси олиб қўйилган банкларда юз миллионлаб АҚШ доллари миқдоридаги фирибгарликлар содир этилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда чиқадиган ярим-расмий “Новости Узбекистана” газетаси ўз манбаларига таяниб, мамлакат Марказий банкининг икки нафар собиқ амалдори мамлакатни тарк этган бўлиши мумкинлигини ёзмоқда. Айтилишича, амалдорлар Ўзбекистоннинг Агробанкида 250 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ўмарилганидан кейин ғойиб бўлган. Ўзбекистон ҳукуматидаги манба билвосита тасдиқлаган бу хабарни ярим-расмий 12.уз сайти ҳам кўчириб босгани “миш-миш даражасида”, деб айтилаётган хабарда жон борлигига ишора қилади.

“Новости Узбекистана” газетаси мустақил газета ҳисобланса-да, Ўзбекистонда рўйхатга олинган ва бир нарсани билмаса, “анча-мунча” хабарни бермайди.

Газетанинг 17 феврал куни ёзишича, Ўзбекистон Марказий банкининг икки амалдори ғойиб бўлган ва, “Новости Узбекистана” мухбири Ботир Ҳамроховнинг шама қилишича, катта миқдордаги пулларнинг ўмарилганига алоқадор бўлган бу амалдорлар қочиб кетган бўлиши мумкин.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаларидан бири мухбирингиз билан ўзаро суҳбатда Марказий банкнинг камида бир мулозими ҳақиқатан мамлакатни тарк этганини билвосита тасдиқлади. Суҳбатдошимиз гап Марказий банк раисининг собиқ маслаҳатчиси Мурод Ёқубжонов ҳақида кетаётган бўлиши мумкинлигига ишора қилди. Айтилишича, Мурод Ёқубжонов йил бошида ишдан бўшаб кетганидан бери уни ҳеч ким кўрмаган.

Кимга бўҳрон – ким учун чўнтакни тўлдириш фурсати” номли мақола муаллифи гапни Fitch Ratings халқаро агентлигининг Ўзбекистондаги Агробанк рейтингини тўрт поғона тушириб юборганидан бошлайди. Гўёки, бунга Агробанкда 250 миллиард сўм (расмий курсда 136,4 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги пулни ўмаргани сабаб бўлган.
Бундан ташқари, “Новости Узбекистана” газетасига кўра, ғойиб бўлган амлдорлар яқинда валюта операцияларини амалга ошириш лицензияси тортиб олинган HI-TECH банкидаги молиявий фирибгарликларга алоқдор бўлган.

Айтиб ўтганимиздек, мақолада Марказий банк раҳбарларининг қочиб кетгани ҳақидаги хабарлар “ҳозирча миш-миш даражасида” дейилади. Лекин Ўзбекистонда чиқадиган яна бир ярим-расмий 12.уз нашрининг ушбу хабарни кўчириб босгани “миш-миш”нинг чин бўлиб чиқиш эҳтимолини кучайтиради.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматидаги манбаси “ғойиб бўлган” Марказий банк собиқ амалдорининг Агробанк ёки HI-TECH банкига доир жанжаллар билан қай даражада боғлиқлигидан хабари йўқлигини айтди.

Ўзбекистон молия вазирлиги ва Ўзбекистон Банклар уюшмаси собиқ мулозими, ҳозирда Остонадаги Евроосиë институтининг Иқтисодиëт факултети декани Сапарбой Жубаев Озодлик билан суҳбатда Агробанкдаги вазиятдан хабари борлигини айтади. Унинг айтишича, кейинги икки-уч йил ичида бу банкда катта миқдорда пул йўқолган.

– Агропром банк тўғрисида икки-уч йилдан бери гап бўлаяпти. Нима бўлди деганда, одамлардан йиғиладиган депозитлар, корхоналардан йиғиладиган депозитлар халқ хўжалигига кредит беришнинг ўрнига кўп шахслар сунъий корхоналар тузиб, уларга кредит берилиб, пул ўзларининг мақсади учун ишлатилган. Масалан уй олиш учун, машина олиш учун, бошқа бойликлар орттириш учун ишлатилган деган гап чиққан эди,- дейди Ўзбекистон банклар уюшмаси собиқ мулозими.
“Новости Узбекистана” мақоласида ҳам Агробанк ва HI-TECH банки орқали кредит бериш билан боғлиқ қаллобликлар амалга оширилганига очиқ ишора қилинган.

Агар бу гаплар рост бўлиб чиқса, биргина Агробанкнинг ўзидан 136 миллион АҚШ долларидан ортиқ пулнинг ўмарилгани ҳақида гап кетмоқда. Ўзбекистон шароитида эса бунча миқдордаги пулнинг ўзлаштирилиши учун, йўқ деганда, Марказий банкда “таянчи” бўлиши керак, деяди Сапарбой Жубаев.

– Марказий банкнинг шуни назорат қиладиган одамлари бор. Шулар агар уч ойгача шу информацияни (банк айланмасидаги пуллар мақсадсиз ишлатилаётгани ёки олиб чиқилаётгани тўғрисидаги маълумот-таҳр.) айтмасдан турса, раҳбарлар билмаслиги мумкин. Мониторинг қилиб турадиган одамлар бор. Кучли мутахассис. Ҳар куни бўлмаса ҳам икки-уч кунда, ҳафтасига бир марта банкларнинг пуллари қаëққа кетди, улар қараб туради. Шу вақтда банк раҳбари “Эртага жойига қўяман, индинга жойига қўяман, жуда яхши операция бўлаяпти. Россиянинг яхши облигация қоғозларини сотиб олиб, бир-икки ҳафтадан кейин сотсам, жуда катта фойда кўраман. Ҳозир индамасдан туринг” дейилса, мутахассис раҳбарига айтмаслиги мумкин. Унда раҳбар билмаслиги мумкин. Ўйлайди – ҳаммаси жойида экан деб. Кейин уч ойдан кейин чиқади у чорак ҳисоботидан,- дейди Ўзбекистон банклар уюшмаси собиқ мулозими Сапарбой Жубаев.

Йил бошидан бери Ўзбекистондаги Кредит-Стандарт ва HI-TECH банклари амалдаги қонунчиликни бузгани важидан валюта операцияларини амалга ошириш лицензияларидан маҳрум этилди. Мустақил кузатувчилар бунинг ортидаги асл сабаблар номлари тилга олинган банкларнинг пул ювиш амалиётларига аралшагани билан боғлиқлигини айтишмоқда. Айтилишича, юз миллионлаб АҚШ доллари миқдоридаги фирибгарликларга Марказий банк ва бошқа ҳукумат идоралари амалдорлари аралашган бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG