Линклар

ФИФА президенти Зепп Блаттер ва ФИФА Интизом қўмитасига ёзилган мактубда Футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов Ўзбекистон терма жамоасининг 5 ўйинчиси дисквалификация қилингани ва федерация жаримага тортилгани юзасидан таассуф билдирди.

"ЎФФ ФИФА қарорларини тўғри қабул қилади ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлади. Бироқ биз Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва унинг футболчиларига нисбатан жорий этилган жазо чораларини ҳаддан ташқари кескин деб ўйлаймиз. Бу 4-саралаш босқичига йўл олган жамоани ФИФА тарғиб этаётган “Ҳалол ўйин” тамойиллари руҳига тескари, яна ҳам аниқроғи унга ишончсиз шароитга тушириб қўйиши мумкин деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, ФИФА тартиб-интизом қўмитаси терма жамоамиз футболчиларига нисбатан икки карра жазо — жарима ва бир ўйинга дисквалификация қўлланганидан чуқур қайғудамиз",- дейилади Ўзбекистон Футбол федерацияси мактубида.

17 феврал куни швейцариялик Марсел Матье раҳбарлигидаги Футбол уюшмалари халқаро федерацияси (ФИФА) Тартиб-интизом қўмитаси 2014 йилда Бразилияда бўладиган Жаҳон чемпионатининг Осиё саралаш мусобақаси 3-босқич учрашувини таҳлил қилиб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг беш нафар футболчиси ва Ўзбекистон Футбол федерациясини жазолашга қарор қилди.

“4-босқичга йўлланмани қўлга киритган Ўзбекистон 2011 йилнинг 15 ноябрь куни «Пахтакор» стадионида Тожикистон терма жамоасига мезбонлик қилди. Ўйиннинг 70-дақиқаларида (Ўзбекистон 2:0 ҳисобида олдинда эди) ва ўйин сўнггида — 3-саралаш босқичининг аввалги учрашувларида сариқ карточка олган Ўзбекистоннинг беш нафар футболчиси, ўйин вақтини атайлаб чўзганлиги учун огоҳлантирилган”,- дейилади ФИФА баёнотида.

ФИФА расмий сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, иккита огоҳлантиришдан сўнг ушбу футболчилар, ФИФА Тартиб-интизом кодексининг 17-моддаси 3-бандига асосан, 2012 йил 29 феврал куни Японияга қарши бўладиган 3-саралаш босқичи сўнгги тур учрашувини ўтказиб юбориши керак бўлган.

Учрашувга оид расмий ҳисоботлар билан танишиб чиқиб, шунингдек, барча вазият инобатга олинган ҳолда, ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси беш нафар футболчини Тартиб-интизом кодексининг 57-моддаси, шунингдек, Ўзбекистон футбол федерациясининг 52(а)-моддасига мувофиқ жазолашга қарор қилди.

Шавкатжон Муллажонов, Санжар Турсунов, Ислом Тўхтахўжаев, Сервер Жепаров ва Вагиз Галиулин, икки сариқ карточка сабаб 3-саралаш босқичи сўнгги тур учрашувини автоматик равишда ўтказиб юборишга ҳамда 4-саралаш босқичининг биринчи ўйинида ҳам майдонга туша олмайди.

ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, исмлари тилга олинган футболчиларнинг ҳар бири 3000 Швейцария франки миқдорида жаримага тортилади. Ўзбекистон футбол федерацияси ҳам 18 минг Швейцария франки миқдорида жаримага тўлайди.

Ўзбекистон Футбол федерацияси расмий сайтида маълум қилинишича, ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси томонидан жазоланган футболчилар, Тожикистон билан ўйин учун мукофот пулларидан, кейинги босқичга чиққанлик учун тўланадиган пул мукофотларидан маҳрум қилинган. Улар терма жамоанинг кейинги икки ўртоқлик учрашувидан четлатилган.

ЎФФ ўз футболчиларига нисбатан кўрилган жазо чоралари ҳақида ФИФА Президенти Зепп Блаттерга ҳам тушунтириш берган.

"ЎФФ футболчилар ва Ўзбекистон футбол федерациясига нисбатан белгиланган жазо чораларини жарима кўринишида сўзсиз қабул қилади. Бироқ Ўзбекистон миллий терма жамоасининг беш нафар футболчиси, жумладан, Осиёнинг икки карра энг яхши ўйинчиси ва терма жамоа сардори Сервер Жепаровнинг дисквалификация қилинишига доир қарорни қайта кўриб чиқишни сўрайди", дейилади ЎФФ ФИФАга йўллаган аппелляция мактубида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG