Линклар

Тожикистонда диндорларнинг ҳукуматга ишончи йўқолмоқда

  • Гулнора Равшан

Бу ҳақда 21 феврал куни Душанбеда бўлиб ўтган халқаро анжуман иштирокчилари маълум қилдилар. Уларга кўра, тожик ҳукумати диндорлар ишончини қайта қозониши керак.

Фридрих Эберт жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси Тожикистондаги “Азия плюс” медиа ташкилоти билан ҳамкорликда “Марказий Осиёда Ислом тараққиёти: янги тенденциялар, муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари” мавзуига бағишланган халқаро тадбир ўтказди.

Халқаро ва маҳаллий экспертлар мулоҳазасича, Тожикистон ҳукумати сўнгги бир неча йил давомида қабул қилиб келган ғайриоддий қарорлари ортидан ҳукуматнинг диндорларга, диндорларнинг эса ҳукуматга ишончи йўқолди.

Бу эса таҳлилчилар фикрича, жамиятда норозилик кайфиятини келтириб чиқарди ва ҳукуматни деярли боши берк кўчага солиб қўйди.

“Энди давлат жамиятнинг кўнглини олиш учун тўғри бир йўлни топиши лозим”, дейди тадбир мезбонлари.

21 феврал куни Душанбе шаҳрида ана шундай бир тадбирни ўтказишдан мақсад ҳам жамият фойдасини кўзлаган ҳолда Тожикистон ҳукуматига бу йўналишда кўмаклашишдир.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий “ давлат ва жамият маслакдош бўлган тақдирдагина жамият ижобий томонга ривожланиши мумкин” деган фикрда.

- Шу нуқтаи назардан биз тожик жамиятида яна бир марта миллий диалог ўтказишимиз лозим. Бу галги мавзумиз “Ягона ватанда осуда яшаш йўлларини излаш” бўлиши мумкин. Шунингдек, агар 2012 йил Тожикистонда “Миллий диалог йили”, деб эълон қилинса ёмон бўлмасди. Чунки бугун дунёвий биродаримиз ватандошининг соқол қўйиши, рўмол ўраши ёки ўз қадриятлари билан яшашини қабул қила олмаётгани биз учун жуда ташвишланарлидир, - дейди Ислом уйғониш партияси раиси Кабирий жаноблари.

Кабирийнинг назарида бир ватанда яшаётган дунёвий ва мазҳабий тожикистонликлар зоҳиран бир-бирига сабрли кўринса-да, аммо хусусий суҳбатларда самимийликка эришилмагани яққол сезилади.

Германиялик эксперт, профессор Удо Штейнбах мулоҳазасича, Тожкистон ҳукумати жамиятда “олтин ўрталиқ”ни топа олиши лозим. “Яъни на сих куйсин ва на кабоб”, дейди германиялик профессор Штейнбах.

- Мен ҳам расмийлар диндорлар билан диалог ўтказиши зарур, деб биламан. Яъни бу шаблон тарзидаги диалог эмас, балки барча муаммолар ва ихтилофларни узил - кесил ҳал қиладиган жиддий ва шаффоф диалог бўлиши лозим, - дея таъкидлайди германиялик эксперт Штейнбах.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита расмийси Мавлон Мухторов ҳукумат диндорлар билан баҳсга тайёрлигини билдирди.

Аммо расмий айрим таҳлилчиларининг “тожик жамиятда танилган дин пешвоси Ҳожи Акбар Тўражонзода билан республика муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода ўртасида вужудга келган можаро - бу томонларнинг бир-бирига нафрати намунаси”, деган мулоҳазасига мутлақо қўшилмаслигини таъкидлади.


- Тожикистонда ҳар бир шахс дин ва мазҳабни танлашда эркин. Лекин ўша дин ёки мазҳабни минбардан тарғиб қилиши учун ташкилоти уставида ана шу нарса қайд этилган бўлиши лозим. Акс ҳолда бу жорий қонунларга хилоф, деб қаралади, - деди Тожикистон ҳукумат расмийси.

Душанбе шаҳрида маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳукумат ҳамда диндорларни бир битимга келишга ундаётган айни кезда таниқли дин пешвоси Ҳожи Акбар Тўражонзода билан республика муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода пойтахт маҳкамаларининг бирида судлашмоқда.
XS
SM
MD
LG