Линклар

Д. Медведев: Ислоҳотлар фурсати келди


Дмитрий Медведев ва 20 ферал кунги учрашув қатнашчиси Владимир Рижков.

Дмитрий Медведев ва 20 ферал кунги учрашув қатнашчиси Владимир Рижков.

Россия Президенти Дмитрий Медведевнинг мухолифат вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Россия раҳбари ўтган йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтган парламент сайловлари натижалари бекор қилинмаслигини билдирди.

20 феврал куни Россия Президенти Дмитрий Медведев биринчи маротаба мухолифат етакчилари билан учрашди.

Президентнинг Горки қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда Болотная ва Сахаров майдонларидаги митингларда ўз талабларини илгари сурган мухолифат намояндалари мамлакатда сиёсий ислоҳотларни амалга ошириш таклифлари билан президентга мурожаат қилди.

Президент Медведев билан мулоқотда ҳозиргача қайдга олинмаган ПАРНАС ҳаракати раисдошлари Владимир Рижков ва Борис Немцов, “Россия бирлашган меҳнат фронти” партияси котиби Сергей Удалцов, Россидаги “яшиллар” экология партияси раҳбари Анатолий Панфилов, “Россия аёллари учун” Халқ партияси етакчиси Галина Хавраева, Россия Умумхалқ иттифоқи раиси Сергей Бабурин ва бошқалар иштирок этди.

Президент Дмитрий Медведев йиғилишга айнан мухолифатчиларни чақиргани сабабларини бундай тушунтирди.

- Бизнинг сиёсий тизимимиз, албатта, идеалдан йироқ ва бу ерда иштирок этаётганларнинг аксарияти уни танқид остига, айрим ҳолларда қаттиқ танқид остига олади. Айни пайтда, уни ўзгартириш учун умумий тасаввурларга таяниш зарур. Менимча, бу ислоҳотларни амалга ошириш вақти етиб келди: мен сўнгги 4 йил давомида сиёсий тизимимизнинг айрим тарафларини ўзгартириб келдим. Ҳозирда, менинг фикримча, бу ислоҳотлар билан фаолроқ шуғулланиш вақти етди, деди Дмитрий Медведев.

Халқ озодлиги партияси - ПАРНАС фаоли Владимир Рижков Озодлик билан суҳбатда Дмитрий Медведев билан учрашув “нормал муҳитда” ўтди, дея маълум қилди.

- 2,5 соатлик мулоқотнинг нормал муҳитда ўтганини шу билан изоҳлайманки, у барчамизга ўз фикрини билдиришга имкон берди. Медведевнинг мақсади жуда содда ва аниқ. У ўзи бошлаб берган сиёсий ислоҳотни давом эттирмоқчи. Гап асосан 4 та қонун лойиҳаси устида кетяпти – партиялар тўғрисида, губернаторлар, дума ва президент сайловлари тўғрисида. У президентлик муддати якунланмасдан бу қонунлар қабул қилинишига ҳаракат қилмоқда, деди Владмир Рижков.

Рижковнинг сўзларига кўра, учрашувда кўтарилган Россияда партияларни қайдга олиш масаласи юзасидан чоршанба куни ишчи гуруҳ аллақачон иш бошлашини маълум қилди.

Шу билан бирга, мухолифат етакчилари бу учрашувни Кремлда жиддий ислоҳотлар бошланганидан дарак, дея қабул қилмаётганини гапирмоқда.

“Сўл фронт” мувофиқлаштирувчиси Сергей Удалцов “президент конкрет бирор нарса гапирмади, конкрет кафолатлар берилмади”, деди.

Либерал қарашларда бўлган ПАРНАСнинг яна бир етакчиси Борис Немцов Россия президенти олдида сиёсий маҳбуслар масаласини кўтарганини гапирди.

- Мен Медведевнинг ислоҳотлари тақлид характерига эга, деб ҳисоблайман. Ҳақиқий зарурий ислоҳотлар Болотная ва Сахаров майдонидаги талабларда ўз аксини топган. Болотная ва Сахаров майдони талабларини мен Медведевга топширдим. Ислоҳотлар сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши ва қалбаки сайловларни бекор қилишдан бошланиши керак. Биринчи масала бўйича Медведев ҳаммани бўлмасада 37 кишидан иборат сиёсий маҳбуслар рўйхатидан кўпчилигини озод қилишга тайёр бўлиши мумкин, лекин иккинчи масала юзасидан у қатъий қаршилигини намойиш қилди, деди Борис Немцов.

Сиёсий маҳбуслар масаласида Дмитрий Медведев ўзи шахсан рўйхатдаги ҳар бир маҳбуснинг ишини қайта кўриб чиқишга ваъда берди. Қўшимча қилиш зарурки, бу маҳбуслар рўйхатга бизнесменлар Михаил Ходорковский ва Платон Лебедевлар номлари ҳам киритилган.

Шунингдек, Дмитрий Медведев мухолифатчиларнинг 3 мартадан ортиқ президентликка номзод қўйилмаслиги таклифи устида яна бир бор ўйлаб кўришини айтди.

Ҳозирда Россия Давлат Думасида парламент ва губернаторлар сайловлари ҳамда партияларни қайдга олишни осонлаштириш бўйича қонунга ўзгартишлар тайёрланмоқда. Янги қонун лойиҳасига кўра, Россияда сиёсий партияларни қайдга олиш учун 500 та аъзо бўлиши шарт. Амалдаги қонунда бирор партия қонунийлаштирилиши учун 50 мингдан зиёд тарафдорга эга бўлиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG