Линклар

Латвия Мудофаа вазири Артис Пабрикснинг Ўзбекистонга сафари давом этмоқда. Душанба куни беш кунлик сафар билан Тошкентга келган Латвия мудофаа вазири ўша куниёқ ўзбекистонлик ҳамкасби Қобил Бердиев билан учрашди. Сешанба куни Латвия расмийси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниевлар билан учрашди. Жаноб Пабрикснинг ташрифи НАТО Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланиш масаласи хусусида расмий Тошкент билан келишиб олишга уринаётган пайтга тўғри келмоқда.

Латвия Мудофаа вазири Артис Пабрикснинг Тошкентга сафари беш кун давом этиши эълон қилинди.

Расмий хабарномаларда Латвия вазирининг Ўзбекистон расмийлари билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масаласини муҳокама қилиши айтилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, жаноб Пабрикс режалаштирган музокараларнинг аксарини ўтказиб бўлган. Душанба куни у ўзбекистонлик ҳамкасби Қобил Бердиев билан учрашган бўлса, сешанба куни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев билан учрашиб бўлган.

Лекин мудофаа вазирининг Ўзбекистонга сафари беш кунга чўзилиб кетиши сабаблари изоҳланмаяпти. Артис Пабрикснинг матбуот котибаси Инга Салениеце Озодликнинг бунга оид саволларини очиқ қолдирди. Бундан ташқари учрашувлар кун тартибига оид саволарга ҳам расмийлар ўзаро муносабатларни ривожлантиришга оид умумий жавоблардан нарига ўтмаётир.

Бу вазият ва Латвия Мудофаа вазирининг Тошкентга ташрифи НАТО Афғонистондаги қўшинларини олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланиш масаласи муҳокама қилинаётган пайтга тўғри келгани жаноб Пабрикснинг беш кун давомида айнан шу мавзуга асосий диққатини қаратиши ҳақидаги тахминларга сабаб бўлмоқда.

Ўтган ой охирида НАТО расмийлари Афғонистондаги контингентини олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан фойдаланмаслигини эълон қилган эди.

Орадан бир неча кун ўтиб Франция мудофаа вазири Жерар Лонге
“L'Orient-Le Jour” газетасига берган интервьюсида Афғонистондаги НАТО қўшинларини Ўзбекистон орқали олиб чиқиш ҳаддан ортиқ қимматга тушади, дея таъкидлади.

Лонге Ўзбекистон орқали қўшинларни олиб чиқиш неча пулга тушишини аниқлаштирмади.

Ўзбекистон Афғонистондаги НАТО қўшинларига юкларни транзит қилиш учун йўлга қўйилган Шимолий таъминот тармоғининг муҳим бўғини ҳисобланади. ШТТ Лавтиядан бошланиб, Россия ва Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистон ва Тожикистонгача келади. Ҳозирда НАТО қўшинлари учун юклар транзитининг 75 фоизи ШТТ доирасида Ўзбекистон орқали ўтаётгани ва айнан бу тармоқ АҚШ ва НАТО қўшинларини олиб чиқишнинг энг арзон ва қулай варианти экани эътиборга олинса, бу янгилик кўпчилик учун кутилмаган бўлди.

Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц фикрича, юклар транзитига кўнган Ўзбекистоннинг қўшинлар транзитига кўнмаётгани ортида сиёсий сабаблар бор.

- Албатта, Ўзбекистон орқали олиб чиқиш қулайроқ ва арзонроқдир. Чунки Термизда юкланган поезд темир йўл орқали тўппа-тўғри Ригагача боради. Лекин, менимча, бу ерда сиёсий сабаблар бор. Ўзбекистон раҳбарияти бунга кўнмаётгани менимча, қўшинларнинг, хусусан қуролларнинг Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб чиқилиши бу мамлакатда рангли инқилоблар рўй бериши хавфини ошириши мумкин, деган хавотир билан боғлиқ, дейди ҳарбий шарҳловчи.

Франция мудофаа вазири Жерар Лонге ой бошида қилган баёнотида қўшинларни олиб чиқишнинг самаралироқ йўлларни қидириш мақсадида НАТО Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари билан музокаралар олиб бораётганини таъкидлади.

НАТОга аъзо Латвия мудофаа вазирининг Тошкентда беш кун қолиб кетиши айнан ана шу музокаралар билан боғлиқ бўлиши эҳтимоли жуда юқоридир, дейди ҳарбий шарҳловчи Гольц.

- Чунки яна қайтараман молиявий нуқтаи назрдан ва логистика нуқтаи назаридан энг арзон ва энг қулай йўл қўшинларни Ўзбекистон орқали олиб чиқишдир, дейди Гольц.

Баъзи шарҳловчилар Латвия вазири Пабрикс Тошкент расмийлари билан халқаро қўшинлар Афғонистондан чиқиб кетгач, Ўзбекистонда НАТО ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолиш масаласини муҳокама қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи мавжуд вазиятда, ҳатто НАТО буни истаганда ҳам амалга ошиши қийин бўлган масаладир, дейди.

- Декабр ойида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар хорижий ҳарбий ҳозирликка оид изн фақатгина барча аъзо давлатлар розилиги билан берлиши тўғрисида қарор қабул қилганидан кейин, менимча бу масала анча қийинлашиб қолди. Бундан ташқари Россия ҳам НАТО давлатларининг Марказий Осиёда ўз ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолиш режалари борлигидан хавотир билдириб келаётгани буни янада қийинлаштиради, дейди “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц.

НАТО 2014 йилга қадар Афғонистондаги қўшинларни тўла олиб чиқишни режалаштирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG