Линклар

logo-print

Тожикистоннинг Анзоб довонида 200 дан ортиқ йўловчи иккинчи кундирки кўчки асири бўлиб қолмоқда.


Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги расмийси Ориф Нозимовнинг билдиришича, 21- 22 феврал кунлари тоғ кўчкиси қамалида қолган 200 кишига озиқ -овқат етказиб берилган.

- Шу соатларда довонда қамалда қолаётган 200 йўловчини қутқариш учун барча чоралар кўрилаяпти,- деди Ориф Нозимов.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги тоғли ҳудудларда кўчки тушиши эҳтимолларини назарга олган ҳолда фуқаролар ва сайёҳларни тоғли ҳудудларга сафар қилишдан тийилиш ҳақида бир неча кун олдин огоҳлантирган эди.

Вазирлик расмийи Ориф Нозимовнинг айтишича, айрим фуқаролар бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилмаган. Натижада икки юздан ортиқ йўловчи кўчки қамалида қолган.

Сўнгги кечада Душанбе –Хўжанд автомобил йўлида қутқариш ишлари олиб бораётган Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги қутқарувчилари 200 метр чуқурликдаги жарликка қулаган “Дулан” русумли юк ташувчи машина ҳайдовчиси Нурали Бобоевнинг жасадини яқинларига топширди.

Вазирлик матбуот хизматидаги маълумотларга кўра, ҳозирда тахминан 50 та юк машинаси қор қалинлиги сабабли йўлларда тўхтаб қолган.

21 феврал куни Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги масъулларининг ҳисоботини тинглаган президент Имомали Раҳмон йўловчилар ва юк машиналарини қутқариш борасида шошилинч тадбирлар кўриш борасида топшириқ бергани маълум қилинди.

Анзоб давонида қутқариш ишларини олиб бораётган республика Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги қутқарувчилари сўнгги кечада жуда кўп қор тушгани сабабли вазият янада мураккаблашаётганини айтган.

Расмий манбаларнинг айтишича, йўлларда қор қалининлиги туфайли ўнлаб юк машиналари тўхтаб қолган.

Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазирлиги эса йўлни кўчкидан тозалаш ишларида жиддий техник қийинчиликлар бўлаётганини билдирди.

Айни пайтда бу мамлакатнинг тоғли ҳудудларидаги аҳоли Транспорт ва коммуникация вазирлиги иши қониқарсиз эканидан шикоят қилмоқда. Уларнинг айтишича, йўллар бир неча кунлаб қордан тозаланмай қолмоқда.

- Бу идора ходимлари қор тозалагич машиналар етишмаётганини рўкач қилиб, йўларни қордан умуман тозаламайди. Бу йил ҳали бирор марта йўл тозаланмади. Аҳоли ўз ташаббуси билан йўлларга тупроқ ва қум сепиб, шу йўл билан йўлни қордан тозалади. Рашт водийсининг Ғарм туманидан Нурободигача мана шу аҳвол, - деди Озодлик мухбири билан суҳбатда раштлик Шарифбек.

Анзоб довони Тожикистон шимолини мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғлаб турувчи ягона транспорт йўли ҳисобланади. Анзоб довонида ўтган йиллар ҳам кўчки юз берган. Ўшанда юзлаб йўловчи кўчки орасида қолиб, ўндан ортиқ киши қурбон бўлгани айтилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG