Линклар

“Чинни бозор” хўжайинлари устидан суд бошланди


“Чинни бозор” иши бўйича ўндан ортиқ одам қора курсида ўтирибди.

“Чинни бозор” иши бўйича ўндан ортиқ одам қора курсида ўтирибди.

Тошкент вилоят судида Зангиота туманидаги “Чинни бозор” маъмурияти раҳбарлари, солиқчилар ва қурилиш ходимлари бўйича маҳкама бошланди.

Тошкент шаҳар ва вилоятдаги йирик улгуржи бозорлардан бири бўлган “Чинни бозор” фаолиятида аниқланган жиноятлар бўйича ўндан зиёд одам маҳкамага тортилган.

Маҳкамада даъвогар сифатида иштирок этаётган ҳуқуқ фаоли Шоира Содиқбековага кўра, судланувчилар орасида “Чинни бозор” бошқарув раиси Раҳим Ахмедов ва бозорнинг бошқа ходимлари, Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси маъсул ходимлари, бозор қурилишида иштирок этган “ТАТИКО” фирмаси номидан иш юритган ходимлар бор.

Беш томдан иборат жиноят иши билан таниашётган Содиқбековага кўра, айблов хулосасида судланувчилар “Чинни бозор”даги қурилиш ишлари учун “ТАТИКО” номли сохта фирма ташкил қилиб, давлат бюджетидан ажратилган 4 миллиард сўм пулни ўзлаштириб юборгани қайд қилинган.

- Ўзи йўқ қурилиш фирмаси номидан бозор қуришган. Шу қурилишда иштирок этган жуда кўпчилик одамларнинг устидан жиноий иш очилган. ДП “ТАТИКО” фирмасининг прораби Фарҳод Абдураззоқов деган одамни судга олиб келишди. У ҳибсда экан. “Чинни бозор” қурилиши баҳонасида давлат ҳисобидан тўрт миллиард сўм пулни олиб, ўзлаштириб юборилгани бўйича жиноий иш очилган. Ваҳоланки, “Чинни бозор”ни фақат тадбиркорларнинг ҳисобига қуришган,- дейди Содиқбекова.

Айблов хулосасида ёзилишича, бозор маъмурияти янги қурилган расталарни тадбиркорларга қиммат нархда сотиш эвазига 11 миллион сўм миқдорида фойда кўрган.

Содиқбековага кўра, бозор маъмурияти ва Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси ходимлари тадбиркорлардан пора олганликда ҳам айбланмоқда.

- Тадбиркорларнинг рўйхатини қилиб, ҳар бир тадбиркордан 100 доллардан пул йиғаётган пайти солиқ ходимини ушлашган. У “Тошкент вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи Рустам Турсунбоевнинг буйруғига кўра йиғаяпман” деган. Кейин Турсунбоевни ҳам пора билан ушлашган. Ҳозир у ҳам ҳибсда, уни ҳам устидан жиноий иш очилган,- дейди Содиқбекова.

Жорий йилнинг 19 январ куни "Чинни бозор" маъмурияти, солиқ инспекцияси ва СЭС ходимларидан иборат жами 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинган эди.

Бозор маъмурлари коррупцияга боғлиқ жиноятлар ва давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.

"Чинни бозор"да хўжалик ва маиший техника моллари билан савдо қилинади.

2010 йилнинг феврал ойида Тошкентдаги энг катта улгуржи бозорларидан бири бўлган “Карвонбозор” маъмурлари ҳам иқтисодий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Норасмий маълумотларга кўра, “Карвонбозор” раҳбарияти 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўзлаштирганликда айбланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG