Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:04

Давлат берадиган инсулин йўқолиб бормоқда


Қандли диабетга чалинган бемор учун инсулин кундалик ҳаëтнинг сув ва ҳаво каби зарурий қисми ҳисобланади.
Қандли диабетга чалинган бемор учун инсулин кундалик ҳаëтнинг сув ва ҳаво каби зарурий қисми ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг айрим районларида қандли диабет касалига чалинган беморларга давлат ҳисобидан бепул тарқатилиши лозим инсулин дориси ҳозирда тақчиллашиб қолган.

Бу ҳақда Озодликка Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида яшовчи диабетга чалинганлар маълумот йўллади.

Онаси 15 йилдан бери қандли диабетнинг оғир туридан азият чекиб келаëтган пахтакорлик Баҳодирга кўра¸ фақат бир ўқитувчи маошига яшаëтган олти жонлик оилада инсулин йўқлиги ортидан жиддий муаммолар туғилган.

-Уч ойдан бери Пахтакорда инсулин берилмаяпти. Олдин чўзиб-чўзиб бир ойлигини бериб¸ қолган икки ойга олдим деб қўл қўйдириб¸ дорини бермасди. Онам қаттиқ қорда инсулин оламан деб касалхонага бориб¸ куни билан дори кутиб¸ буйрагини шамоллатиб қўйди. Ҳозир оғир аҳволда касалхонада ëтибди¸ биз қайси дорига пул топишни билмай қолдик¸ дейди пахтакорлик йигит.

Пахтакор туманида расман рўйхатга олинган 250 дан ошиқ қандли диабетга чалинган беморга инсулин тарқатиш учун масъул расмий ноябр ойидан бери ўз туманига инсулин берилмаëтганини эътироф этади.

- Янги йил ҳисобидан бизга инсулин келмади. Бизга вилоятдан берса¸ уни тарқатамиз беморларга. Менда 250 ка яқин диабетим бор. Вилоятга келса¸ бизга хабарини беради. Ҳозир давлат бермай қўйган¸ охирги инсулинни ноябр ойида тарқатиб бўлганман. Декабр¸ январ ва февралда беморларга дори берганим йўқ¸ дейди Пахтакор туман марказий поликлиникасининг инсулин тарқатиш учун масъули Зебохон.

Мутахассисга кўра¸ инсулин сўраб келаëтган беморларга узилишнинг қанчага чўзилиши номаълум экани тушунтирилмоқда ва уларга бу дорини аптекадан олиш тавсия қилинмоқда.

Жиззах вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси¸ шунингдек Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларидан рўйхатга олинган беморларга бепул берилиши кўзда тутилган инсулиннинг тақчиллашгани сабабларига оид изоҳ олишнинг имкони бўлмади - кун давомида тегишли расмийлар телефонга жавоб бермади.

Оиласи аллақачон инсулинсизликдан бир аъзосидан ажраган Баҳодир ҳар ойда аптекадан 25 минг сўмга инсулин сотиб олишга қурби етмаслиги айтади. "Онам бир кун инсулинсиз қолса¸ ўлиб қолиши мумкин ва шунинг учун рўзғордаги молларни сотиб бўлса ҳам¸ унга дори олишга мажбурмиз"¸ дер экан бу йигит инсулин тақчиллиги ортида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш идораларида ўтирган мутасаддилар маъсул эканини тахмин қилади.

- Бизга ҳозир феврал ойининг инсулинини берадида¸ декабр ва январ учун олдим¸ деб имзо чектириб¸ дорини бермайди. Бу доим шундай. Бор дориниям тарқатувчининг қўлига манг опа¸ деб 10 000 сўм бермасангиз¸ бермайди. Берсангиз¸ кейинги кварталга дори келди¸ деб чақиради¸ бўлмаса йўқ деб тураверади. Кейин булар қишлоқдан келадиган беморларга муддати ўтиб кетган дориларни беради. Янги келган дориларни сотиб¸ пул қилишади. Давлат томонидан бепулга тақатиладиган инсулинни ойига 10 000 сўм берсангиз кўрасиз¸ бўлмаса йўқ¸ дейди пахтакорлик Баҳодир.

Аммо туман бўйича инсулин тарқатиш учун масъул расмий бундай даъволарни рад этади.

- Бизга ҳисоб-китоб билан шунча келади¸ шунча тарқатамиз. Бунақа қилишнинг иложи йўқ¸ кирим-чиқим китобида ҳаммаси ëзилади. Яқинда уйма-уй юриб инсулин олувчилардан сўраб чиқилди¸ инсулин текинга берилаяптими¸ врачларга пул ташлаяпсизларми¸ деб. Биз инсулинни бир сўмсиз тарқатамиз. Агар бошқа жойларда бошқалар қилаëтган бўлса¸ бундан хабарим йўқ¸ дейди пахтакорлик мутасадди врач.

Қандли диабет Ўзбекистонда давлат ҳисобидан даволаниладиган касалликлар рўйхатига киради ва жойлардаги соғлиқни сақлаш тизимлари текин инсулин олиши лозим беморларни аниқлаш ва уларга дори тарқатиш учун масъулдирлар.

Ҳам беморлар ва улар яқинлари¸ ҳам мустақил кузатувчилар давлат ҳисобидан тарқатиладиган дориларни муҳтожларга еткизиш тизимида коррупция чуқур илдиз отганини айтадилар.

Айни пайтда¸ давлат муҳофазасига олинишга муҳтож дардмандлар сони ошиб бораëтган бир пайтда¸ давлатнинг бу муҳофазага ажратаëтган маблағи¸ расмий рақамлардагидан фарқли¸ камайиб бормоқда.

Мутахассисларга кўра¸ айни кунларда Ўзбекистонда қандли диабетга чалинган ҳар тўрт бемордан атиги биттаси амалда давлат ҳисобидан бериладиган дорини олмоқда¸ қолганлари уни эркин бозордан сотиб олишга мажбур.

Тошкентдаги ихтисослашган илмий-амалий эндокринология маркази директори¸ профессор Саид Исмоиловнинг 2011 йил охирида матбуотга берган маълумотига кўра¸ ўтган йил охирида республикада 118 мингдан ошиқ қандли диабетга чалинган бемор рўйхатга олинган. Аммо айни пайтда бу мутахассис¸ асл рақамларнинг бундан анча катта экани ва кўпчилик ўзбекистонликлар ўзининг бу оғир дардга чалинганидан бехабарлиги ëки рўйхатдан ўтмай юрганини айтади.

Мутахассислар томонидан ижтимоий касалликлар сирасига қўшиладиган қандли диабетга асосан кучли ва давомли асабийлик сабаб бўлиши айтилади.
XS
SM
MD
LG