Линклар

Ўзбекистонда қандли диабет билан оғриган беморларга бериладиган инсулин дори-воситасини ишлаб чиқарадиган завод қурилиши номаълум муддатга қолдирилди.

Швейцариянинг дори-дармон ишлаб чиқарувчи Ival Pharma ширкати Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида инсулин дори-воситаси ишлаб чиқарадиган завод қурилишини лойиҳалаштиришни ўтган йилнинг апрел ойида бошлаган эди.

“Ўзфармсаноат” давлат концернининг матубот хизмати раҳбари Жамолиддин Нажмиддиновнинг Озодликка айтишича, завод қурилишининг бошланмаётганига Ival Pharma компаниясининг етарли сармоя тополмаётгани сабаб бўлиши мумкин:

- Бу завод қурилиши тўхтатилган эмас, аслида ҳозирча бошлангани йўқ. Келишди, учрашди, бирқ анча қоғозларга қўл қўйилди, лекин ҳеч бир иш қилингани йўқ. Компаниянинг бу ердаги ваколатхонаси очилди, қуриладиган жойга тамал тоши ҳам қўйилди ва шу билан иш тўхтади. Менимча, инвесторнинг пули йўқ. У бу сармояни турли халқаро фондлардан йиғиб олиб келиши керак эди. Ҳозир эса Европада кризис авжига чиқяпти. Ҳеч ким унга пул бермайди. Қурилишнинг бошланмаганига ана шу сабаб бўлаётган бўлиши мумкин,- дейди Жамолиддин Нажмиддинов.

“Ўзфармсаноат” давлат концернининг Сармоя, маҳаллийлаштириш ва замонавийлаштириш мониторинги бўлими мутахассиси Мухторжон Жўраев эса завод қурилиши тўхтатилганини рад этди:

- Бу нарса тўхтатилгани йўқ, бу нарса лойиҳа сифатида турибди ҳозир. Ўтган ҳафта давомида ҳам музокаралар олиб борилди. Март ойида компания вакилларининг бу ерга келиши мўлжалланган. Ҳамма нарса белгиланган режа бўйича кетяпти,- дейди Мухторжон Жўраев.

Бўстонлиқда барпо этиладиган завод асосан инсулин дори-воситаси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бу завод беш йил давомида қуриб битказилиши лозим эди. Завод бир йилда 25 миллион картриж инсулин ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бизнес-режага кўра, бу завод нафақат қандли диабет билан оғриган ўзбекистонлик беморларнинг инсулинга бўлган эҳтиёжини тўла қондиради, балки келажакда бу дорининг 50 фоизини экспорт қилиш имкони ҳам пайдо бўлади.

Ҳозир эса Ўзбекистонга инсулин фақат хориждан импорт қилинади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда мамлакатда 118 минг киши қандли диабет ташхиси билан рўйхатга олинган ва улар ҳукумат томонидан текин дори билан таъминланади.

Бироқ сўнгги ойларда баъзи вилоятларда қандли диабет билан оғриган беморларга инсулин етказиб берилмаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Жумладан онаси 15 йилдан бери қандли диабетнинг оғир туридан азият чекиб келаëтган жиззахлик Баҳодир Озодлик билан суҳбатда уч ойдан буён инсулин узилиб қолганидан шикоят қилган эди.

Бироқ, Қашқадарёнинг Чироқчи туманида шифокор бўлиб ишлаётган Давлат аканинг айтишича, қандли диабет билан оғриган беморлар диспансер рўйхатида туради ва текин дори-дармон билан таъминланишда узилиш бўлгани йўқ:

- Бизда таъминот яхши. Ҳали бирор марта бизда узилиш бўлди, деган шикоятни эшитганим йўқ. Бир-икки кунга кечикиши мумкин, лекин бу касалларнинг кўплиги билан боғлиқ,- дейди шифокор Давлат ака.
XS
SM
MD
LG