Линклар

2011 йилда Ўзбекистонда 2010 йилга нисбатан 25 фоиз кўп коняк, 5,6 фоиз кўпроқ миқдорда ароқ ва вино ишлаб чиқарилди.

Ўтган йили Ўзбекистонда 11,3 миллион декалитр (1 декалитр - 10 литрга тўғри келади-таҳр.) ароқ ва вино ишлаб чиқарилди, бу 2010 йилга нисбатан 5,6 фоизга кўпдир.

“Подробно.уз” сайти маълумотига кўра, коняк ишлаб чиқариш 2010 йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 2011 йилда жами 95,8 минг декалитр коняк ишлаб чиқарилган.

“Ўзвиносаноат” холдинг компаниясининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, мамлакатда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш суръати катта.

- Ишлаб чиқариш кўпайган. Ҳар йили, ҳар кварталда кўпаяди бизда ишлаб чиқариш. Экспорт ҳам бўлаяпти, ички бозорга ҳам сотилаяпти,- деди “Ўзвиносаноат” ходими.

Сўнгги етти йил ичида Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ишлаб чиқариш икки баробарга кўпайган.

Жорий йилда эса узумни қайта ишлашни яна 1,4 минг тоннага кўпайтириш режалаштирилаяпти.

Айрим манбаларга кўра, кейинги йилларда Ўзбекистон аҳолиси орасида намозхонлар кўпайиб, ичувчилар сони камайган.

Шунингдек, мамлакатда тўйларни спиртли ичимликсиз ўтказиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Бироқ “Ўзвиносаноат” холдинг компанияси ишлаб чиқариш бўлимининг ўзини таништирмаган ходимасига кўра, ўзбек тўйлари спиртли ичимликлар энг кўп истеъмол қилинадиган жойлар сифатида қолмоқда ва шу боис ҳам ишлаб чиқариш ўсишда давом этаяпти.

- Шусиз тўй марака ўтмаса, шусиз туғилган кун ўтмаса, уже спрос бўлаяпти населениедан. Ўшанга нисбатан ишлаб чиқариш ҳам кўпаяяпти. Кейин ҳамма намозхонмаску. Масалан, намозхон бўлгани билан борку ўшаларнинг орасида жума намозига қатнашади, бошқасига қатнашадию, лекин ҳеч кимга зарарим тегмаяпти деб ўзларига яраша ичишади,- дейди “Ўзвиносаноат” ходимаси.

Бугунги кунда мамлакатда ароқ- вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 45 та корхона ишлаяпти, улардан 28 таси хусусий экани айтилади.

“Ўзвиносаноат” - Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи асосий ширкат ҳисобланади.

Мазкур ширкатнинг расмий сайтида айтилишича, ҳозирги пайтда виночилик соҳаси корхоналари томонидан 22 тадан ортиқ шампан ва газланган вино турлари, 27 хилдаги коняк, 425 турдаги ликёр-ароқ маҳсулотлари, 200 та номдаги спирт қўшилган, спирт қўшилмаган, маркали ва десерт винолар ишлаб чиқарилмоқда.
Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган спиртли ичимликларнинг қанча миқдори ички бозорда сотилаётгани ва қанчаси экспорт қилинаётгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

- Алкогол ишлаб чиқариш экспортининг сал нозикроқ жойи бор. Унақа маълумотни бизлар телефонда айта олмаймиз,- деди “Ўзвиносаноат” холдинг компаниясининг ўзини таништирмаган ходими.

“Ўзвиносаноат” сайтидан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон спиртли ичимликлари эскпортининг 60 фоизи Россия, 30 фоизи эса Қозоғистонга тўғри келади.

Шунингдек, ўзбек ароғию виносининг харидорлари Қирғизистон, Туркия, Украина, Корея ва Туркманистон ҳисобланади.

Ўзбекистон импорт қиладиган спиртли ичимликлар миқдорини ҳам аниқлаш имкони бўлмади.

Бироқ дўст-ёрлари орасида “Кайфий” лақабини олган жиззахлик сухбатдошимизга кўра, “ҳақиқий ичувчилар” учун импорт бўлиши шарт эмас.

- Ҳозир ароқнинг ҳам тури кўпайиб кетган. Лекин биз танлаб ўтирмаймиз. Дуч келганини “думалатамиз”. Энди ҳаммасининг ичидаги бир нарса. Лекин бизга ароқ бўлса бўлди. Конякка ўтиб кетмаганмиз ҳали,- дейди жиззахлик “Кайфий”.

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб спиртли ичимликларга солинадиган акциз солиғи 21 фоизга оширилди.

Ўзбекистон Солиқ қўмитаси расмийларининг билдиришича, мамлакатда ишлаб чиқариладиган этил спиртига солинадиган акциз солиғи 15 фоизга, винога 5 фоизга, конъяк, ароқ ва бошқа алкогол маҳсулотларига 15 фоизга, пивога эса 20 фоизга оширилган.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 16 декабрдаги қўшма қарорига кўра, 1 январдан бошлаб спиртли ичимликлар нархи ҳам 8-16 фоизга қимматлади.

Қарорга кўра, ҳар бир литр винонинг заводдан сотилиш минимал нархи аввалги 2000 сўм ўрнига 2200 сўмга кўтарилди. Коняк, ароқ ва шунга ўхшаш ўткир ичимликлар бир литрининг нархи 5000 сўм қилиб белгиланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG