Линклар

Ғовак пахтақанддай шираси чип-чип, лекин сира ғози йўқ бу гаплар бирин-кетин сўл қулоқдан кириб, ўнг қулоқдан чиқаверди.

1

Аёлнинг ёшини, эр киши маошини сўрамайдилар бу политкоррект дунёда.

Ўзбек ҳам одобли келади. Ҳеч қачон “неччига чиқдийз”, деб сўрамайди хотин-қиздан.

Сўрамайди. Шундоооқ кўз чама қиладию билади-қўяди.

“Қовун пўчоғи ерга тушганда 27 га кирадиёв, демак шу кунда 26 яримга кирибди”, деб қўяди, масалан, ҳўўв нариги гузарда новвойдан нон олаётган “Қизимкийсин-кундошикуйсин” кўйлакли дўндиқни дурбин-мурбинсиз кўриб.

Ўзбек ҳеч-ҳеч адашмайди аёл ёшини чамалашда. Ҳар ҳолда ҳали шу пайтгача биронта ўзбекнинг кичик хотини катта хотинидан катта бўлганини кўрган эмасман.

Тўғри-да, ахир, кичик хотин ўз номи билан кичик хотин-да!

У каттасидан кичик бўлиши керак-да!

Ҳайрооон қоламан: ўзбек политкоррект келади, шунингчун хотин-қизлар ёшини cўрамайди. Сўрамасдан, қандай қилиб тўчний аниқлаб оларкин?!

Қўлига қарармикан? (Ўзбекча тушунманг-да энди, бу саволни – “ёшининг ёшини қўлларига қараб аниқлармикан”, деяпман холос)

Биламан-ку, ўзбек аёлнинг қўлига қараб ўтирмаслигини! (Мана энди ўзбекча тушунинг!)

2

Ўзбек умуман ва унинг журналисти хусусан ва хоссатан ЎзТВ журналисти нафақат хотин-қиз, умуман одамзоднинг қўлига қарамайди.

Чўнтагигаям қарамайди.

Чунки, ўзбек, хоссатан ЎзТВ журналисти одобли келади.

Афсуски, мен сағал беадаброқман. Айниқса, беадаблигим телевизор кўраётганимда кучаяди.

Ўзи, соқолга оқ тушгандан бери политкорректлик нималигини билмайдиган эски ўзбекка айланиб қоляпман. Биронтаси билан танишиб қолсам биринчи саволим бу бўлади: Силарда гўшт нечипул?

Росса қизиқаман ўзбекнинг ойлигига. Маошининг қанчалигига. Жавобни ЎзТВдан олгим келади.

Олгим келадию ололмайман.

Бўлмаса, ҳар куни кўраман-а ЎзТВни?! Айниқса, “Телевизор” рукнини бошлаганимдан бери қолдирмай кўришга ҳаракат қилаяпман.

“Ахборот” бошловчиларию сериаллар қаҳрамонлариям бу кетишда экранда пайдо бўлишлари биланоқ гапни “Яхшимисиз, Сарвар ака”дан бошлайдиган бўпқолади.

Агар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган телетомошабин” унвони жорий этсалар, уни оладиганлар рўйхатида биринчилардан бўлишга ҳақим бор.

Чунки Тойлоқов берироқда турсин, ҳўўв нарироқдаги Ўктам Жобирову Насиба Иброҳимоваларниям кўрганман!

Ҳе, Сиз нима деяпсиз, индамасам?!

3

Узр! Нима деятувдик?

Ҳа, ойлик масаласи, маош...

Ана, тунов кунги ўрисча “Ахборот”да Фарғонада бўлиб ўтган бир йиғилиш тўғрисида сўз бўлди. Мухбир гапни шунчалик айлантирвордики, таржима қилишнинг сира иложи йўқ.

Тахминан бундай деди:

ЎзАдан: Тадбирда президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда мулкдорлар синфини шакллантириш, иқтисодиётни барқарор юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, ва аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилашнинг муҳим омили бўлган хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича қулай ишбилармонлик муҳити ва ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар...

Ғовак пахтақанддай шираси чип-чип, лекин сира ғози йўқ бу гаплар бирин-кетин сўл қулоқдан кириб ўнг қулоқдан чиқаверди. Қўйиб бердим: сўлдан ўнгга ўтаверди, сўлдан ўнгга ўтаверди.

Бошимда туннел пайдо бўлиб ундан шамол ўтаётгандай, миям шамоллагандай бўлди.

Касаначилик ҳақидаям гап бўлди. Рақамлар ҳам айтилди. Қанча касаначилик иш ўрни яратилганини айтишди. Ҳушёр тортдим. Мана энди касаначининг иш ҳақини айтишади, дедим.

Йўқ. Ноумид бўлдим.

Мана, яна бир мисол. Уни “Ахборот”нинг ноябрдаги (2011) сонидан оламиз (айтдимку, қолдирмай кўраман, деб).

Бошловчи навбатдаги сюжетга кириш сўзи ўқир экан, деди:

“Биргина ўтган 9 ойда юртимизнинг экспорт кўрсаткичи 21,4 фоизга ўсди. Ҳудудларда саноатни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурлар ижросини таҳлил этадиган бўлсак, инвестициялар жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини ташкил қилишда самара яққол намоëн бўлади. Эътиборлиси эришилаëтган натижалар кўпроқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ушбу мавзудаги шарҳимиз Хоразм вилоятидан тайëрланган”


Демак, бутун бошли вилоят иқтисодиётига доир шарҳ. Албатта, ҳозир иш ҳақи ҳақидаям гапиришади, дедим.

Гапиришмади. Қандайдир фоизлар ҳақида кўп гап бўлди.

“Туманимизда кичик бизнес субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши салкам 80 фоизни, хизматлар улушида эса 71,5 фоизни ташкил этади. Иқтисодиëтда жами бандларнинг 84 фоизи тадбиркорлик субъектларига тўғри келади. Кичик бизнес субъектларининг саноат маҳсулотларидаги улуши 60 фоизни, ассоий капиталга инвестициялар ҳажмида 60,3 фиоизни ташкил этади”.

Бундай мисоллларни вилоятнинг бошқа туманларидан ҳам келтириш мумкин.
231111 дан 8ю33

Биз ҳам мавзумизни ёритувчи мисолларни кўп келтиришимиз мумкин.

Ҳа, ЎзТВ журналисти иш ҳақи ҳақида гапирмайди. Чунки у одобли.

4

Одобли ўзбек журналистлари фонида президент Каримов баъзи-баъзида иш ҳақи
тўғрисида гапириб қолса, ҳижолат бўларакан киши.

Масалан, президент мустақилликнинг 19 йиллигига бағишланган байрам тадбирида “1990 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши тахминан 3,5 карра, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 2,5 баробар ошгани, ўртача ойлик иш ҳақи эса шу йилнинг охиригача қарийб 500 АҚШ долларини ташкил қилиб, тахминан 14 каррага кўпаяди”, деган эди.

(Қавслар ичида “ўртача ойлик иш ҳақи” деган тушунчани тушунавермаслигимни, у “касалхона беморларининг ўртача тана ҳарорати”ни эслатаверишини – ахир морг ҳам бўлади-да касалхонада! – шоша-пиша қистириб ўтмоқчиман)

Хўш, ЎзТВ журналистлари ўзларининг одоб меъёрларидан келиб чиқиб иш ҳақи тўғрисида гапиргани учун жаноб Каримовни беадаб дейишлари керакми, энди?!

Йўқ, албатта, Ислом акани беадаб дейишга ҳақлари йўқ уларнинг!

Аксинча, улар одобни президент жанобларидан ўрганишлари лозим!

Чунки ўн минглаб журналисти бор юртда фақат шу киши журналист бўлмасаям оддий ўзбекнинг иш ҳақи ҳақида гапираяпти-қайғураяпти.

Оддий ўзбек ишхонага нафақат мустақилликни мустаҳкамлаш ва келажакни янада буюкроқ қилиш учун, балки уйига
бугун тўртта нону бир қадоқ гўшт,
эртага тўртта нону бир литр ёғ,
индинга тўртта нону бир кило пиёз
кўтариб кириш учун ҳам боришини фақат Ислом ака билаяпти.

Так что, майли, хотин-қизнинг ёшини сўрамасанглар, сўраманглару одамларнинг ойлигини сўранглар, журналист мирзалар!

Бу - менинг Сизларга томошабинлик талабим.

Сўрашнинг ҳеч уят жойи йўқ – “орланиб сўрамаган ўзига золим!”

Айтгиси келмаганлар айтмай қўяверади. Айтадиганларникидан билиб оламиз: Ислом ака ваъда қилган $500 га ўзбек етдими-йўқми?

Етмаган бўлса сабаби нимада?

Қаердан келақолди ўзи бу рақам?

Қарабсизки, у кишигаям ёрдам бўлади.

Рақамларда адашиб кетмайди, демоқчиман-да.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG