Линклар

logo-print

“Жамоати таблиғ" ташкилотига аъзоликда айбланган етти киши турли муддатларга қамоққа ҳукм қилинди. Жазоланганларнинг ҳаммаси Сўғд вилоятининг Бобожон Ғафуров туман фуқаролари экани айтилмоқда. Бу ташкилот Тожикистонда экстремистик ташкилот, деб эълон қилинган.

Бобожон Ғафуров туманига қарашли Қистақўз қишлоғида яшаган ва таъқиқланган “Жамоати таблиғ” экстримистик ташкилотга аъзоликда айбланиб жазоланганларнинг ҳамаси, туман судяси Абдулҳақ Мирзоевнинг билдиришча, маҳкама жараёнида ўз айбларига тўла иқрор бўлган.

- Судланганлар суд ҳукми билан юз фоиз рози. Улар ўз жиноятларига иқрор,- деди Бобожон Ғафуров туман судяси Мирзоев Озодлик билан суҳбатда.

Мирзоевнинг айтишича, туман ҳудудида экстремистик ташкилотнинг катта гуруҳи бир неча йилдан буён фаолият юритиб келган. “Аммо шу кунгача уларнинг фақат етти нафари қўлга олинган, қолганларига қидирув эълон қилинган”, деди судя Мирзоев.

Судя билан суҳбатдан маълум бўлишича, қистақўзлик "таблиғчиларга" Покистонда таълим олиб қайтган Абдужалол Валиев ва Тоҳир Зоҳидов бошчилик қилган. Айнан улар даъвати билан бошқалар “Жамоати таблиғ” экстримистик ташкилотига аъзо бўлганлар.

Судя Мирзоев “ноқонуний гуруҳ тузган ва одамларни унга аъзо бўлишга даъват қилган Абдужалол Валиев ва Тоҳир Зоҳидов беш йилданга қолганлар эса уч ва тўрт йилданга озодликдан маҳрум қилингани"ни билдирди.

Судланганлардан бирининг адвокати ҳимоясидаги икки кишининг сиёсий иддаоси йўқлигини, улар фақатгина мусулмонларни исломий фарзларни бажаришга даъват этганини таъкидлади.

- Номоз ўқигани қаторида даъват ҳам қилган. Бирор варақа тарқатмаган, мисол бирор киши, бирор миллатга анави қилмаган. Бу ҳаммаси енгил бошқаларга нисбатан, деди исми ошкор этилмаслик шарти билан Озодликка гапирган адвокат.

Адвокатнинг гапига қараганда, “таблиғ”чиликда айбланганлар ўз айбларига иқрор экани ва суд ҳукми юзасидан бирор идорага шикоят қилмасликларини айтган.

“Жамоати таблиғ” 2006 йил Тожикистон Олий суд қарори билан диний-экстремистик ташкилот деб эълон қилиниб, бу мамлакат ҳудудида фаолияти таъқиқланган.

2010 йилнинг баҳорида ана шу ташкилотга аъзоликда айбланган 56 киши жазоланди.

Расмий маълумотларга кўра, шу кунгача Тожикистонда юзга яқин фуқаро таблиғчиликда айбланиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум бўлган ёхуд жаримага тортилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG