Линклар

logo-print

ЕИ Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларига ёрдам беради


Европа расмийсининг айтишича, мазкур лойиҳа президент Ислом Каримовнинг 2011 йил январида Брюсселга қилган сафари махсулидир.

Европа расмийсининг айтишича, мазкур лойиҳа президент Ислом Каримовнинг 2011 йил январида Брюсселга қилган сафари махсулидир.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларни амалга оширишга доир қиймати 10 миллион еврога тенг лойиҳани бошлади.

Европа Иттифоқи ажратган молиявий ёрдам ҳисобидан Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш лойиҳасининг 22 феврал куни ўтган тақдимот маросимда қатнашиш учун Франция ва Германия Адлия вазирлиги расмийлари Тошкентга келди.

Қиймати 10 миллион еврони ташкил этувчи лойиҳа уч йил давомида амалга татбиқ этилади. У орқали куч ишлатар идоралар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш, жиноий ишларни кўриб чиқишда судьялар масъулиятини кучайтириш ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш кўзда тутилган.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел бундан икки ҳафта олдин Озодликка берган интервьюсида мазкур дастурнинг аҳамияти ҳақида бундай деган эди:

- Жиноят-процессуал ва адлия соҳасини ислоҳ қилиш дастурининг баҳоси 10 миллион еврога тенг. Бу дастурни ЕИ молиялаштиради. Уни европалик халқаро мутахассислар амалга оширади. Мутахассисларнинг икки гуруҳи ички ишлар вазирлиги, бир гуруҳ Адлия вазирлиги, олий суд тадқиқот маркази билан яна бир гуруҳ ва бош прокуратура билан алоҳида бир гуруҳ ҳамкорлик қилган ҳолда амалга тадбиқ қилинадиган дастур бўлади бу,- деган эди Пьер Моррел.

Яъни ЕИ вакилининг айтишича, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга ёрдам бериши айтилаётган лойиҳани бешта алоҳида-алоҳида гуруҳа амалга оширади.

Европа Иттифоқидан лойиҳада Германия, Франция ва Ирландия Адлия вазирликлари қатнашади.

Ўзбекистон томонидан эса Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази лойиҳани амалга ошириш бўйича масъул идоралар этиб белгиланган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқованинг айтишича, мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар давом этмоқда:

- Албатта шу ислоҳотлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга ҳам боғлиқ ва ўшаларнинг фаолиятига катта таъсир кўрсатади. Нимагаки ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг ислоҳотлари бевосита ва билвосита инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли ва жиноий жазоларни либераллаштириш муносабати билан Ўзбекистондаги амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиши натижасида ҳозир Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаро ўзининг ҳақ-ҳуқуқини яхши танияпти ва ҳуқуқни билган, шу аснода мажбуриятини эсдан чиқармаган инсон албатта қонунинг бузилиши нимага олиб келишини англаган инсон ўша қонунни бузмасликка ҳаракат қилади ва натижада албатта жуда қувонарли ҳолки жиноятчилик йилдан йилга камаяяпти,- дейди Светлана Ортиқова.

Бироқ, ўзбекистонлик аксар кузатувчилар ва оддий одамлар Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизими коррупциялашгани, порасиз адолатни қарор топтириш жуда ҳам қийин эканлиги айтадилар.

Сенатор Светлана Ортиқова бундай фактларга қарши Ўзбекистонда муросасиз кураш бораётанини таъкидлар экан, айни пайтда суд-ҳуқуқ тизимида коррупция оммавий авж олганини рад этади:

- Аслида шундай эмас. Лекин беш қўл баробар эмас. Демак, ўша оддий фуқаронинг саволини менга бераяпсизки, ҳар бир подада битта ëмон эчки топилади ва бутун подани булғайди. Қўпол мисол келтирган бўлсам, узрини келтираман, лекин бор нарса. Агар ҳақиқатан шунақа вазиятга дучор келган бўлса, демак ўша оддий инсоннинг пешонаси шўр. Бошқа идораларга мурожаат қислин, бошқа судяларга ëки бошқа милицияларга мурожаат қилсин. Қанчалик тоза, пок, билимли, принципиал, беғараз ходимларимиз бор. Агарда ҳаммаси шунақа бўлганда, Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, қолаверса бошқа ислоҳотлар шунчалик авжига чиқмаган бўлар эди ва шунақа натижаларга эришмаган бўлар эдик,- дейди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG