Линклар

logo-print

Митингда ҳибсга олинган муҳожирлар қўйиб юборилган


Путин тарафдорларининг аввалги митингига марказий-осиёлик мардикорлар мажбурлаб олиб келинган эди.

Путин тарафдорларининг аввалги митингига марказий-осиёлик мардикорлар мажбурлаб олиб келинган эди.

Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, 23 феврал куни Москванинг Фрунзе проспекти ва Лужники стадионида Путин тарафдорлари йиғини олдидан бу тадбирга фитна чиқариш мақсадида келган 70 га яқин одам қўлга олинган.

Полицияга кўра, ушланганларнинг аксарияти акцияда қатнашиш учун пул тўланган Ўзбекистон фуқароларидир.

Матбуот хизматининг таъкидлашича, ушланганларга Путин тарафдорларининг Лужникидаги митингига имкон қадар кўпроқ ватандошларини жалб қилиш вазифаси юклатилган ва улар 600 рубл ваъдаси билан ўзбекистонлик муҳожирларни йиғинга олиб келиш билан шуғулланганлар.

“Провокация муаллифлари бу фитнани жамоатчиликда Лужникидаги йиғинда асосан махсус олиб келинган муҳожирлар қатнашди¸ деган тасаввур уйғотиш мақсадида уюштиришган. Ушланганлардан бирининг қўлида “Бизни юқоридан берилган топшириқ бўйича ҳайдаб олиб келишди” деган плакат бор. Уларнинг ҳаммаси ҳозир полиция участкасида ушлаб турилибди”, дейилади ИИВ матбуот хизмати тарқатган ахборотномада.

Лекин Путин тарафдорлари шу пайтгача, ўзбекистонликлар фитна мақсадида олиб келинганини тасдиқловчи далилларни келтиргани йўқ. Путинни қўллаб-қувватлаб ўтказилган аввалги намойишларга марказий-осиёлик мардикорлар мажбурлаб олиб келингани аниқланган эди.

Федерал Миграция хизмати расмийси Залина Корнилованинг 24 феврал куни Озодлик Радиосига билдиришича, ўтказилган текширув натижасида қўлга олинган Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудида қонуний равишда яшаб келгани аниқланган.

- Биз бу одамлар Россия Федерацияси ҳудудида қонуний равишда фаолият юритаётганларини тасдиқлаймиз. Гап шундаки, уларни ФМС ҳибсга олмаган, полиция уларнинг ҳужжатларини текшириш учун тўхтатган бўлиши мумкин, деди Залина Корнилова.

Озодлик ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳозирда қаерда эканини аниқлаш мақсадида Москва шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси расмийси Максим Кулосветов билан боғланди.

- Албатта, қўйиб юборишди. Менимча, хавфсизликни таъминлаган полиция ходимлари шубҳали туюлган мигрантларни тадбир ўтказилаётган жойнинг ўзида ҳибсга олишга қарор қилган. Бу одатда профилактика учун қилинади, деди нега айнан меҳнат муҳожирлари шубҳали туюлиши мумкинлигини тушунтирмаган Москва полицияси расмий вакили Максим Кулосветов.

Путиннинг ўз тарафдорлари билан ўтказган сайловолди учрашувида “Левый фронт”нинг 10 га яқин аъзоси ҳам қўлга олинган. Улар ëнидан стадионда тарқатишга мўлжалланган провокацион руҳдаги варақалар топилгани айтилмоқда.

Мухолифат вакиллари тадбир якунланганидан кейин дарҳол қўйиб юборилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG