Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:22

Солижон Шарипов Атамбаев билан учрашувга қўйилмади


Солижон Шарипов
Солижон Шарипов

Москвага уч кунлик амалий ташриф билан келган Қирғизистон президентининг Россиядаги ҳамюртлари билан учрашувига қирғизистонлик ягона космонавт Солижон Шариповни киритишмади.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг Россиядаги қирғиз диаспораси вакиллари билан учрашуви 23 феврал куни бўлиб ўтди ва бу учрашувга келиш учун таклифнома олган Солижон Шарипов унга қўйилмади.

Марказий Осиëдан чиққан биринчи космонавт¸ қирғизистонлик ўзбек Солижон Шариповга унинг махсус рўйхатда йўқлигини айтиб¸ таклиф этилганига қарамай¸ ичкарига киритишмаган.

Бу ҳақда космонавтнинг ўзи Озодлик мухбирига билдирди.

- Мени биринчи хавфсизлик кордонидан ўтказишди¸ аммо учрашув залига рўйхатда йўқсан¸ деб киритишмади. Афтидан тепадан шунақа кўрсатма бўлган¸ сабаби менга қоронғу¸ дейди Шарипов.

Озодликнинг Москвадаги мухбири Аида Касималиева Солижон Шариповнинг «Президент» меҳмонхонаси олдида сарғайиб тургани ва сўнгра ичкарига қўйилганига қарамай¸ Атамбаев билан учрашув бўлган залга киритилмаганига гувоҳ бўлди.

- Россияда Ватан ҳимоячилари байрами нишонланган кунда ҳарбий формада Атамбаев билан учрашувга келган Солижон Шариповнинг эшикдан қўйилмагани менда ëқимсиз тааассурот қолдирди. Залда Россиянинг 42 минтақасидан келган 300 га яқин одам бор эди ва жуда кўп жой бўш қолди. Аксарияти талабалар бўлган бу йиғинда Солижон Шариповга¸ албатта¸ жой топилар эди¸ аммо буни Бишкек расмийлари истамадилар¸ дейди Озодлик мухбири.

Қирғизистон матбуотининг ëзишича¸ 17 феврал куни Ўш давлат университети талабалари олдида қилган чиқишида Атамбаев¸ Солижон Шариповни Ўшдаги миллатлараро можарога алоқадорликда айблаган.

Айтилишича¸ Атамбаев Қирғизистондаги ўзбек жамоаси етакчиларидан бири Қодиржон Ботировга қарашли мол-мулкнинг бир қисми Солижон Шарипов номига ўтказилганини ўз фикрига далил сифатида келтирган.

Ўшдаги миллий низони қўзғашда айбдор деб топилган Қодиржон Ботиров Жалолобод суди ҳукми билан сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Асли Ўшнинг Ўзганидан бўлган Солижан Шариповнинг Москвадаги қирғиз диаспораси учрашувига киритилмаганига ҳозирча Атамбаев матбуот хизмати муносабат билдирмади.

Аммо Озодлик мухбирининг айтишича¸ учрашувдан икки кун аввал Солижон Шариповнинг ҳам бу тўпландига таклиф этилганидан хабар топган президент матбуот котиби уни «қизиқ¸ нега бундан хабарим йўқ»¸ дея изоҳлаган. Афтидан¸ хабар топгач¸ Атамбаев атрофидагилар бунинг олдини олишга қарор қилган.

Шариповга кўра¸ президентликка сайлангунга қадар ўзи Алмазбек Атамбаев билан дўстона муносабатларда бўлган. Аммо қирғиз матбуотига кўра¸ Атамбаев Ўшдаги учрашувда Шариповни сайловлар давомида Қирғизистонни йўқ қилишни мақсад қилганлар учун тарғибот ютитганликда айблаган¸ аммо бу кучларнинг кимлигини очиқламаган.

Солижон Шариповнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ унинг Алмазбек Атамбаев номига ëзилган расмий мурожаати ҳам Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси ходимлари томонидан қабул қилинмаган.
XS
SM
MD
LG