Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:58

Қуръонни ёққанларга қарши намойишлар давом этмоқда


Багром базаси яқинидаги намойиш, 2012 йил 24 феврал.
Багром базаси яқинидаги намойиш, 2012 йил 24 феврал.

Афғонистондаги НАТО базасида муқаддас Қуръон китоби нусхалари ёқилганига қарши норозилик намойишларининг бешинчи кунида Қундуз шаҳрида тўрт киши нобуд бўлди, ўнлаб одам яраланди.


АҚШнинг Бағромдаги ҳарбий базасида муқаддас Қуръон китоби нусхалари ёқилганига қарши норозилик намойишлари Афғонистонда беш кундан бери давом этмоқда.

25 феврал куни Қундуз шаҳрида ўтган намойишда тўрт киши нобуд бўлди. Намойишда қатнашган бир мингдан ортиқ одам БМТ идорасини ўраб олди.

Қундуз вилояти соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи доктор Саад Мухтор маҳаллий касалхонага намойиш пайтида ўлган уч кишининг жасади ва жароҳат олган элликка яқин одам олиб келинганини маълум қилди.

Қундуз вилоят полицияси матбуот котиби Сарвар Ҳусайний полиция ходимлари БМТ идорасига оламон бостириб киришига йўл қўймаганини айтди.

Ҳусайнига кўра, БМТ идорасини ҳимоя қилиш учун у ерга қўшимча полиция кучлари жўнатилган.

Вилоят полицияси расмийси намойишчилар Қундуз шаҳрида бир неча автомобил ва дўконларга ўт қўйганини қўшимча қилди. Гувоҳларга кўра, шаҳарнинг бир неча туманидан осмонга тутун кўтарилган.

25 феврал куни Афғонистоннинг яна камида тўрт вилояти - Лўгар, Лағмон, Нангархор ва Сари Пулда ҳам намойишлар бўлиб ўтди.

Лағмон вилояти полицияси бошлиғи Абдул Раҳмон Саржанг шанба куни Михтарламда бир мингга яқин одам қатнашган намойиш аввал тинч бўлгани, сўнг намойишчилар полиция ходимларига тошлар отиб, ҳокимият биносини эгаллаб олишга уринганини маълум қилди.

Касалхона расмийларига асосланиб Франс Пресс ахборот агентлигининг хабар қилишича, Лағмон вилоятидаги тўқнашувлар пайтида ўточар қуролдан яраланган 15 киши касалхонага олиб борилган.

Афғонистон расмийларига кўра, Лўгар ва Нангарҳор вилоятларидаги намойишлар нисбатан тинч ўтган.

Бағром базасидаги АҚШ ҳарбийлари 20 феврал куни Қуръон нусхаларини ахлат ëқиладиган қутига ташлагани юзасидан ҳозирда махсус текширув жараëни бормоқда.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай маъмуриятининг билдиришича¸ АҚШ президенти Барак Обама Афғонистондаги НАТО ҳарбий базаси ҳудудида Қуръон нусхалари ëқилгани учун Кобулга расман узр сўралган мактуб йўллаган.

Мактубда мусулмонлар муқаддас китобининг қасддан эмас¸ тасодиф туфайли ëндирилгани ва воқеа юзасидан бошланган тўлақонли тергов натижасида айбдорлар тегишли жазони олиши ëзилган.

Расмий хатда Оқ уй раҳбари бундай воқеаларнинг бошқа такрорланмаслигига ҳам ваъда берган.

Бағром ҳарбий базасида Қуръон китоби нусхалари ëқилганига норозилик тариқасида 21 февралдан бери бери давом этаётган намойишларда шу кунга қадар камида 24 одам нобуд бўлди.

Толиблар одамлар норозилигидан ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкинлигидан ташвишланган Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай ва АҚШ етакчилигидаги НАТО миссияси афғонистонликларни оғир босиқ бўлишга чақирди.
XS
SM
MD
LG