Линклар

Москвага уч кунлик иш сафари билан борган Қирғизистон президенти россиялик ҳамкасби билан учрашувда рус буюкларининг қирғизлигини, Манаснинг эса россиялик эканини иддао қилди.

Россия президенти Дмитрий Медведев билан учрашган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев расман хавфсизлик масалаларини муҳокама қилганликлари билдирилди.

Россия президенти музокаралар давомида “ Яқин Шарқдаги, Эрон ва Сириядаги жараёнлар бизнинг ҳудудларга, жумладан, Марказий Осиёга бевосита ўз таъсирни ўтказмай қолмайди. Россия ўзининг минтақадаги ҳамкорлари билан вазиятни барқарор сақлаб қолиш йўналишида ишлашдан манфаатдор”, деб билдирди.

Айни пайтда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россиянинг Қирғизистондаги ҳарбий марказлари учун 4 йилдан бери ижара ҳаққи тўланмаганини, ҳозирги кунда ижара ҳақидан бўлган қарз миқдори 15 миллион долларни ташкил этганини билдирган. Музокаралар натижасида Россия томони 10 кун ичида бу қарзни тўлашга рози бўлган.

Россия президенти билан учрашув чоғида Қирғизистон раҳбари тарих мавзусини ҳам четлаб ўтмади. Атамбаев буюк саркарда Кутузов ва ёзувчи Тургеневларга даҳл қилди.

- Сиз биласизми, Кутузов Кутузнинг боласи, осиёликлар авлоди, Тургенев эса Турғуннинг боласи. Бизнинг томирларимиз бир, -деди Атамбаев Медведев билан суҳбат чоғида.

Тарих мавзусини давом этдирар экан, Алмазбек Атамбаев “Манас” қирғиз эпоси қаҳрамонини этник россиялик деб атади.

- Ҳозирги тил билан айтганда, Манас этник россиялик. Барча қирғизистонликлар –Энасойдан. Энг қизиғи шундаки, олимларнинг сўнгги тадқиқотлари натижасида хиндуларнинг ҳам Олтойдан экани аниқланган. Бу ҳақда америкалик олимлар айтишди, -деди Атамбаев.

Қирғизистон президентининг тарихий мавзудаги билимларини Россия президенти қандай баҳолагани ҳақида ҳозирча расмийлар ҳам, матбуот ҳам бир нима дегани йўқ.

Атамбаев Москвага 23 феврал куни уч кунлик иш сафари билан борди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG