Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:49

Тошкент Ўзбекистондаги энг қиммат шаҳар


Ўзбекистон демонополизация ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитаси ўтказган мониторинг хулосаси мана шундай бўлди.

Ўзбекистон демонополизация ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитаси 20 февралгача бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархи юзасидан мониторинг ўтказди. Мониторинг учун 21 маҳсулот, жумладан, ун, шакар, гурунч, гўшт, сабзи ва сут маҳсулотлари нархи танлаб олинди.

Мониторинг натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича Ўзбекистоннинг энг қиммат шаҳри Тошкент экани маълум бўлди. Масалан, Тошкентда бир кило мол гўшти 12-16 минг сўмдан, Бухорода эса 11-13 минг сўмдан сотилар экан.

Тошкентда қўй гўшти 14-17 минг сўм экан. Навоий вилоятида эса қўй гўшти республика бўйича энг арзон нархда, яъни 11-12 минг сўмдан сотилади.

Тошкент ун, сабзи ва бодринг нархи бўйича абсолют лидерликни қўлга киритган. Тошкентда олий нав уннинг бир килоси 1500-1800 сўм (Бухорода 1200-1600 сўм), сабзи 800-1000 сўм, бодринг 4000-4700 сўм.

Мазкур маҳсулотлар бўйича энг арзон нарх-наво Бухоро, Наманган, Навоий ва Фарғона вилоятларида қайд этилди. Бу вилоятларда бир кило сабзи 300-500 сўмдан, бодринг эса 3000-4000 сўмдан сотилмоқда.

Ўзбекистон демонополизация ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитасининг маълум қилишича, гурунч нархи Тошкентда ва вилоятларда бир-биридан кескин фарқ қилади. Масалан, Тошкентда бир кило гурунчни нави ва сифатига қараб 3000 сўмдан 7000 сўмгача сотиб олиш мумкин. Бир кило гуручнинг нархи Хоразмда 1900-2800 сўм, Қорақалпоғистонда 2000-2800 сўм, Бухорода 2000-3500 сўм, Сурхандарёда 2500-3500 сўм, Фарғонада 2500-3300 сўмни ташкил қилади.

Маълумотга кўра, Тошкентда фақат картошка арзонроқ экан. Қорақолпоғистонда картошка 900-1300 сўм бўлса, Тошкентда 800-1200 сўмдир.

Юқорида келтирилган нархлардан келиб чиққан ҳолда бир тошкентлик бозорга бориб 1 килодан 8 та маҳсулот: ун, шакар, гурунч, мол гўшти, қўй гўшти, сабзи, бодринг ва сут сотиб олиши учун қанча пул сарфлашини ҳисоблаб чиқишга қарор қилдик. Тошкентлик бозордаги энг арзон (сифатсизроқ) маҳсулотларни сотиб олиш учун 36200 сўм, қимматроқ (сифатлироқ) маҳсулотни харид қилиш учун эса 48 700 сўм сарфлаши керак экан.

Тошкентлик уйида 1 кило палов дамламоқчи бўлса, мазкур нархлардан келиб чиққан ҳолда, 19800 сўмдан 29 700 сўмгача пул ишлатиши керак.
XS
SM
MD
LG