Линклар

Ўзбекистондаги Россия фуқаролари 26 феврал куни Андижон, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларида ташкиллаштирилган сайлов участкаларида овоз бермоқда.


Ўзбекистондаги Россия фуқаролари 19 феврал куни Зарафшон, Навоий ва Самарқанд шаҳарларида Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташкил этган сайлов участкаларида овоз берди. 25 феврал куни Фарғона шаҳрида сайлов ўтказилди.

Тошкентдаги Россия элчихонасининг пресс атташеси Сергей Ткаченко Озодлик билан суҳбатда Россия президенти лавозими учун сайловда Россия фуқаролари олдинги сайловга нисбатан анча фаол эканини урғулади.

- Ўтган якшанба куни (19 феврал) Самарқанд, Зарафшон ва Навоий шаҳарларида сайловлар ўтказилди. Дума аъзолигига ўтказилган сайловга солиштирганда бу гал сайловчилар фаоллиги анча юқори, - деди Сергей Ткаченко.

Россия элсихонаси расмийсига кўра, Россия президенти лавозими учун Ўзбекистон шаҳарларида 26 февралгача ўтказилган сайловларда тахминан 300 нафар россиялик овоз берган.

"Ўзбекистондаги сайлов жараёнини кузатаётган кузатувчилар борми?" деган саволга Ткаченко Дума аъзолиги учун ўтказилган сайловни кузатиш учун "Яблоко" партияси вакилари келганини, бироқ президент сайловини кузатиш учун ҳозирча ҳеч ким келмаганини айтди.

- Дума аъзолиги учун ўтказилган сайловда "Яблоко" партиясидан кузатувчи бўлган эди. Агар Марказий сайлов участкаси берган ҳужжат билан кузатувчи келса, сайлов жараёнини кузата олади. Биз бунга қарши эмасмиз. Бунда ҳеч қандай муаммо кўраётганимиз йўқ. Энг мухими кузатувчи қайсидир номзоднинг вакили эканини тасдиқловчи Марказий сайлов комиссияси ҳужжатига эга бўлса, сайлов жараёнини бемалол кузатади, - деди Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси пресс атташеси.

Сергей Ткаченко Зарафшон, Навоий, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида ташкиллаштирилган сайлов участкаларида фуқаролар ташланган бюлетен қутилари мухрлангани ва ишончли жойда сақланаётганини қўшимча қилди.

Ткеченко Ўзбекистон шаҳарларида ўтказилган сайлов жараёнида россияликлар берган овозларнинг ҳаммаси 4 март кунги сайловдан кейин Тошкентдаги элчихона биносида очилиб, гувоҳлар иштирокида саналишини айтди.

- Кечки пайт соат саккиздан кейин сайлов қутилари мухрланади. 4 март куни Тошкентдаги Россия элчихонасида эрталаб саккиздан кечки саккизга қадар сайлов ўтказилганидан сўнг мухрланган ҳамма сайлов қутилари кечқурун 20:00да очилиб, бюлетенлар саналади.

Россияда президент сайлови 4 март кунига белгиланган.

Ўзбекистондаги Россия Федерацияси элчихонасининг пресс атташеси Сергей Ткаченкога кўра, Ўзбекистонда Россиянинг 40 мингдан ортиқ фуқароси рўйхатга олинган.
XS
SM
MD
LG