Линклар

Санторум: Обама эмас, Карзай кечирим сўраши керак


Республикачилардан президентликка номзод Рик Санторум.

Республикачилардан президентликка номзод Рик Санторум.

АҚШда президентликка даъвогарлик қилаётган тўрт республикачи номзоддан уч нафари президент Барак Обама Афғонистонда Қуръон ёқилиши учун кечирим сўрамаслиги керак эди, дея баёнот берди.

Президентликка номзодлар Митт Ромни ва Нют Гингрич Обаманинг кечирим сўраши хато бўлганини айтишган.

Республикачи номзодлардан яна бири Рик Санторум эса президент Барак Обама эмас, аслида Афғонистон раҳбари Ҳамид Карзай ва афғон халқи америкалик ҳарбийлар ўлдирилгани учун кечирим сўраши керак эди, деб таъкидлаган.

Афғонистонда Америка базасида ўтган ҳафта Қуръони Каримнинг ёқилиши мамлакат бўйлаб норозиликларга сабаб бўлди.

Олти кун мобайнидаги зўравонликларга айланиб кетган норозилик намойишлари 30 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлди, улар орасида икки АҚШ аскари ҳам бор.

Ўтган ҳафта Қуръон ёқилгани туфайли АҚШ Президенти Барак Обама кечирим сўраганди.

Рик Санторум якшанба куни CNN мухбири билан суҳбатда Қуръоннинг ёқилиши ортидан Афғонистонда бошланиб кетган ғалаёнлар, жумладан, Кобулда АҚШ икки ҳарбийсининг ўлдирилиши аслида мудҳиш жиноятдир, дея таъкидлади.

- Аскарларимиз буни атайлабдан қилмаган, билмасдан хато қилиб қўйишган. Лекин у ерда аскарларимиз ўлдирилаётгани хато иш эмас, бу жиноятдир, - деди Санторум.

Қуръон ёқилгани туфайли АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон президенти Ҳамид Карзай номига юборган мактубида Қуръонга билмасдан ҳурматсиз муносабатда бўлинганини таъкидлаган эди.

Қуръон ёқилишига қарши Афғонистон бўйлаб норозиликлар давом этар экан, президент Карзай халқини тинчлантиришга уринмоқда.

- Ўз норозилигимизни ифода этиб, динимиз, эътиқодимиз қадр-қимматини ҳимоя қилаяпмиз. Намойишларда шунча одам нобуд бўлди, етар энди, тарқалайлик, тинчликни сақлайлик, душманимизнинг бундан фойдаланишига йўл очмайлик, мамлакатимиз осойишталигини хавф остига қўймайлик, - деди Карзай якшанба куни халқига мурожаатида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG