Линклар

logo-print

Россия ТВси: Путинга қарши фитна фош этилди


Фитна, Биринчи каналнинг айтишича, Украина ва Россия махсус хизматлари ҳамкорлигида фош қилинган.

Фитна, Биринчи каналнинг айтишича, Украина ва Россия махсус хизматлари ҳамкорлигида фош қилинган.

Россия телевидениесининг Биринчи канали бош вазир ва президентликка асосий даъвогар Владимир Путинга қарши суиқасд фитнаси фош қилинганини хабар қилди. Россия президент сайловига бир ҳафта қолганидан пайдо бўлган бу хабарни изоҳлаётган кузатувчилар, 2008 йилги президентлик сайлови олдидан ҳам Путинга қарши суиқасднинг олди олингани хабар қилинганини эслашмоқда.

Россия бош вазирига суиқасдга тайёргарликда гумон қилинаётганлар, Биринчи каналнинг хабар қилишича, январ ойининг бошида Украина ва Россия махсус хизматлари томонидан Одесса шаҳрида қўлга олинган. Айтилишича, улар Украинага Бирлашган Араб Амирликларидан “Доку Умаров вакилларидан олинган кўрсатмаларга кўра” келишган.



Гумон қилинаётганлар 4 январ куни Одессадаги квартиралардан бирида портлаш рўй берганидан кейин қўлга олинган. Дастлаб, ёнғинни ўчириш хизматлари портлашга газ сизиши сабаб бўлди, деб ўйлган. Бироқ кейинчалик квартирадан портловчи мосламалар қисмлари топилган. Шунингдек, орадан икки ойга яқин вақт ўтгач, Биринчи канал хабар қилишича, терговчилар Путин кортежи расмлари ва видеоси ёзилган ноутбукни ҳам топишган.

Портлашдан кейин чиққан ёнғин оқибатида квартирада яшаб келган эркаклардан бири ҳалок бўлган. Воқеада омон қолган гумонланувчилардан бири – Илья Пьянзин, терговчиларга фитнада иштирок қилган яна бир шахс – Адам Осмаев ҳақида гапириб берган. Кейинчалик Осмаевнинг Украина махсус хизматлари томонидан қўлга олингани айтилмоқда.

Биринчи канал гумонланувчи Пьянзиннинг пировард мақсад “Путинни йўқ қилиш” бўлгани ҳақидаги кўрсатмаларини намойиш қилди.

- Улар бизга аввал Одессага бориб, бомба тайёрлашни ўрганасизлар дейишди. Кейин эса, Москвада иқтисодий иншоотларда диверсияларни амалга ошириб, кейинчалик Путинга суиқасд уюштирасизлар, дейди Биринчи канал лавҳасида Пьянзин.

Осмаев ҳам фитнанинг асосий мақсади бош вазир Путинга суиқасд бўлганини гапириб беради Биринчи канал лавҳасида.

- Якуний мақсад Москвага келиб, бош вазир Путинга суиқасд уюуштиришга уриниш бўлган, дейди у.

Фақатгини Россиянинг Биринчи каналида берилган хабарда Осмаев суиқасдда “ҳарбий минадан” фойдаланиш режалаганини гапириб берган. Бунда, унинг сўзларига кўра, портлаш пайтида ҳалок бўлган Руслан Мадаев ҳудкуш ролини ўйнаши керак бўлган.

Одессада чиқадиган “Порто-Франс” нашри мухбири Александр Галяс Озодлик билан суҳбатда 4 январ куни портлаш рўй берганидан бери Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари камида уч марта версияларни ўзгартирганини гапириб берди.

- Дастлаб, украиналик олигархга қарши суиқасд тайёрланаётган пайтда портлаш содир бўлди, деган хабар берилди. Қайси олигарх экани номаълумлигича қолди. Бизда эса унақалар унча кўп эмас. Бундан ташқари, Путин кортежи фотоси ва видиеоси топилгани айтилаётган ўша ноутбукда Одессанинг Музкомедия театри, Спортлар саройи, “Афина” савдо маркази каби гавжум жойлари туширилган суратлар ҳам бўлган. Яъни айни “ўртоқлар” Одессанинг одамлар оммавий тўпланадиган жойларида ҳам портлашлар содир этишга тайёргарлик кўраётганига шама бор эди. Версеяларнинг бундай тез-тез ўзгариб туриши саволларга сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари бу ерда баъзи ғалати жиҳатлар бор. Биринчидан, чечен теракт режалаштириш учун нега Одессага келади? Бизда кеийнги йилларда чеченлар ортидан жиддий назорат йўлга қўйилган. Боз устига портлаш Тирасполская кўчасидаги уйда содир бўлди. Бу эса шаҳар марказидир, шаҳар милиция бошқармасидан уч квартал нарироқда. Адам Осмаевни Базарная кўчасида қўлга олишди. Бу кўчаларнинг ҳаммаси Одессанинг эски, ёпиқ маҳаллаларидир ва одамлар бир-бирини жуда яхши билади, яъни қўшнилар нима қилаётганидан жуда яхши хабардор. Бу кўчада қўшнилар назаридан ҳоли қолишнинг иложи йўқ. У ерда бирор уйда чеченлар яшаётганини ҳеч ким билмай қолишининг ҳечам иложи йўқ. Яъни нега бу Одессада, шаҳар марказида, Одессанинг эски уйларида рўй берди, деган савол туғилади. Бу маълумотларнинг ҳаммаси ғалати хулосага сабаб бўлмоқда: бу пиар ёки шунга ўхшаган ҳаракат бўлмадимикин, дейди “Порто-Франс” нашри мухбири Александр Галяс.

Украиналик журналист бу ҳақдаги репортаж фақатгина Биринчи каналда берилгани ҳам Путинга қарши суиқасд фитнасига оид иддаоларни катта шубҳа остига олишга асос бўлишини ҳам қўшимча қилади.

Россиялик сиёсатчи ва кузатувчилар ҳам фитнанинг фош этиганига оид хабарларга ишончсизлик билан қарамқода. Улар ҳудди шунга ўхшаш хабар 2008 йилда, айнан президентлик сайлови олдидан пайдо бўлганига эътибор қаратмоқда.

Александр Гольц Россияда чиқадиган “Ежедневны журнал” нашри шарҳловчиси:

- Бугун ҳеч нарсани эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди. Лекин фитна фош этилгани ҳақидаги хабар Путиннинг сайлов олди кампанияси учун муҳим бир паллада пайдо бўлгани кундек равшан. Бу ҳақда хабар қилинишидан анча аввал кўплаб таҳлилчилар Путиннинг кампанияси унинг Россия учун қанчалик муҳимлиги ва Россия душманлари уни қанчалик ёмон кўришини намойиш қиладиган ўзига хос бир турткига эҳтиёжманд экани ҳақида гапираётган эди, дейди Александр Гольц.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG