Линклар

Россия президентлигига даъвогарлардан бири, миллиардер Михаил Прохоров Марказий Осиё мамлакатлари билан виза режими жорий қилишни таклиф этмоқда.


Россия Федерацияси президентлигига номзод Михаил Прохоров ўзининг сайловолди кампаниясида ноқонуний миграцияга қарши кураш шиори остида сайловчилар овозини йиғишга ҳаракат қилмоқда.

Шанба куни сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашув чоғида Михаил Прохоров миграцияга қарши эмаслиги, лекин Россия ўз жанубий чегараларини мустаҳкамлаши зарурлигини таъкидлади.

- Биз ташқи сиёсатда аниқ йўналишга эга бўлишимиз керак. Бу сиёсат фуқароларимизни дунёнинг истаган нуқтасида ҳимоя қилишга қаратилган бўлиши шарт. Мен Марказий Осиё мамлакатлари билан чегара ёпилиб¸ виза режимини жорий этиш тарафдориман, деди бундай чиқишлари россияликлар томонидан олқишланаётган Михаил Прохоров.

Прохоров фикрича, Россия жанубий чегаралари очиқлиги мамлакатга наркотиклар ва ноқонуний мигрантларнинг бирор қийинчиликсиз кириб келишига сабаб бўлмоқда.

“Биз Европа Иттифоқи билан ягона бозор ва визасиз ҳудудда яшашни истаяпмиз, лекин улар жанубий чегараларимиз ёпилмагунча виза чекловларини бекор қилмайди”, дея тушунтирди ўз позициясини президентликка номзод Михаил Прохоров.

Прохоровнинг бундай баёнотлари ва омманинг бу чиқишларни қувватлаши ҳокимият партияси ҳисобланган “Единая Россия” етакчилари эътиборидан четда қолмаган кўринади.

4 мартга белгиланган президент сайлови олдидан "Единая Россия" депутатлари парламент муҳокамасига тақдим этган “Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисидаги” янги қонун лойиҳасига кўра, мигрантларнинг айрим тоифалари Россияда ишлаш рухсатномасини олишлари учун рус тилидан имтиҳон топширишлари зарур.

Бош вазир ва президентликка асосий даъвогар Владимир Путин ҳам миграция соҳасидаги авж олган порахўрлик ва таъмаргирликдан чарчаган россияликларнинг бу каби таклиф-мулоҳазаларини инобатга олмасликнинг иложи йўқлигини эътироф этди.

ФМС раҳбари Константин Ромодановский билан бўлган учрашувда Путин ўз ўрнида қўйидаги таклифларни киритди.

- Мен яқинда танишларим билан суҳбатда айрим йирик шаҳарларда одамлар байрам кунлари кўчага чиқишга қўрқиб қолганини эшитдим. Ахир бу жиддий нарса! Шунинг учун, миграция қонунчилигини қўпол бузганларга 5-10 йилга, керак бўлса ундан ҳам ортиқроқ вақтга Россия чегарасини ёпишни таклиф қиламан. Шунингдек, мамлакат ичидаги ноқонуний миграциянинг пайдо бўлишига, одамларни ҳуқуқсиз қул сифатида ишлатилишига сабабчи бўлаётган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар кескинлашиши керак, деди Владимир Путин.

Владимир Путин ва Россия йирик мансабдорларининг бундай баёнотлари Федерал миграция хизмати ва мамлакатда муҳожирликни назорат қилувчи бошқа идоралар фаолияти кескинлашувига туртки бўлгани ҳақида хабарлар тарқамоқда.

Краснодардаги “Умид” ўзбекистонлик ватандошлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов¸ айниқса¸ сайлов олдидан ҳар қандай ҳатто майда қонунбузарликлар учун Россиядан депортация қилинаётган меҳнат муҳожирлари сони ошиб бораëтганини айтади.

- Айтиляптики, айниқса сайлов олдидан кучайтирилади назорат. Мана куни кеча 70 одам депортация қилинганини эшитдингизми? Чунки улар бундан буён маҳкам тутишар экан. Бошқа томондан ФМС билан “чёрний бригадирлар” ўзаро боғлиқ: улар олиб келишади, хўжайинлар олади, кейин завод эгалари ҳам доляга киради, дейди Краснодар ўзбеклар жамияти раҳбари Тожиддин Нурматов.

27 феврал куни Краснодар аэропортидан ўз юртига қайтариб юборилаётган бир гуруҳ меҳнат муҳожирлари Озодликка арзимас қонунбузарлик учун Россиядан ҳайдаб чиқарилаëтгани гапирди.

- Бизни бундай вазиятга тушиб қолганимга регистрациям просроченний бўлиб қолган. Бундай вазиятга ҳар бир одам тушиб қолиши мумкин: пул кутиб қоласиз, керакли вақтда пул бўлмай қолиши мумкин. Шу оддий штраф учун депорт қилиб юборяпти бизни. Бизнинг бошқа нарушениямиз йўқ! Ҳатто штрафини тўлаганмиз. Мен ўтган йили чиқиб кетаётганимда маъмурий штраф тўлаганман. Элчихонага предупреждение йўқ, лекин бизни депорт қилиб қўйибди.Тўрт киши эдик, уч киши қолдик. Бу йигитларники ҳам худди шундай Москвада бўлган, биттаси Твердан экан.

Нима қиламан, кетаман Афғонистонга, ўша ерга яқинроқмиз, деди. Америкаликлар ишга олмаса толибларга хизмат қилишга тайёрман, илож йўқ, деди. “Оиламни боқишим керак”, деди. Бир томондан, ҳақиқатан қаёққа боради улар ҳам?! Бола-чақасини, ота-онасини боқиши керак. Қарз бўлиб келганлар кўп. Мана биттаси ўтирибди, "Молимни сотиб яна қарз бўлиб келган эдим", дейди. Бечора овқат ҳам егани йўқ, ўтирибди, - дейди сайловолди Россиядан ҳайдалаëтган тожикистонлик муҳожир Бахтиёр Рўзиматов.

Россия Федерал миграция хизмати келтираётган рақамларга кўра, мамлакатга йилига 14 миллион хориж фуқароси кириб келади, улардан 77 фоизи – МДҲ давлатлари фуқароларидир.

Айни пайтда, Россияда яшаб меҳнат қилаётган муҳожирларнинг 9,5 миллионидан 3,5 миллионининг ноқонуний экани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG