Линклар

Бу йилги Оскарнинг бош совриндори "Артист" филми бўлди


Режиссёр Мишел Хазанавичус.

Режиссёр Мишел Хазанавичус.

Лос-Ажелесдаги Америка коноакадемиясининг 84-Оскар мукофоти тақдимот маросимида йилнинг энг яхши филми, деб франциялик режиссёр Мишел Хазанавичуснинг "Артист" филми топилди.

Режиссёрнинг ўзи эса энг яхши режиссура учун Оскар мукофотини олди.

Энг яхши актёр учун Оскар мукофоти ҳам шу филмда бош ролни ўйнаган Жан Дюжарденга кетди. Бу филм учун ижодкорлар жами 5 та мукофотни қўлга киритди.

Франция президенти Николя Саркози ҳам филмдан завқланганини айтиб, француз радиоларидан бирига берган интервюсида мукофотни олқишлади.

- Бу француз киноси учун жуда катта ютуқдир. Чунки, "Артист" филми нафақат овозсиз, балки оқ-қора тасвирдаги кино. Бу филм ўз муваффақияти билан ёшларни шу вақтга қадар оқ-қора тасвирларда олинган энг бетакрор филмларни кўришга чорлайди, - деди Франция президенти.

Энг яхши актирса учун Оскар "Темир хоним" филмида Британиянинг собиқ бош вазири Маргарет Тетчерни ўйнаган Мерил Стрипга берилди.

Энг яхши анимацион филм учун мукофот тиниб-тинчимаган жонивор — буқаламун ҳақидаги "Ранго" мултфилмига кетди.

Энг яхши хорижий филм, деб эронлик киноиждкорлар ишлаган "Нодир ва Симиннинг ажралиши" филми топилди.

Иккинчи пландаги рол учун Оскар мукофот "Хизматчи" филмидаги роли учун Октавия Спенсерга ҳамда "Бошланғичлар" филмидаги роли учун 82 ёшли Кристофер Пламмерга берилди.
XS
SM
MD
LG