Линклар

Обид қорига суиқасд қилинди, аммо мухлислар сассиз


Обидхон қори Назаров 2006 йилдан бери Швецияда яшаб келади.

Обидхон қори Назаров 2006 йилдан бери Швецияда яшаб келади.

Таниқли имом ва сиëсий диссидент ҳаëтига Швецияда қасд қилингани ҳам ўзбекистонлик мусулмонлар сукутини буза олмади.

Таниқли имом Обид қори Назаровга суиқасд қилинганига беш кун бўлди.

Орада ўтган вақт мобайнида Германия парламентидаги Яшиллар партияси вакили Виола Фон Крамон Швеция ҳукуматини ўзбекистонлик имом Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд юзасидан жиддий тергов ўтказишга чақирди.

Бу орада “Ўтюраклар” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва “LIGLIS-CENTER” сиёсий тадқиқотлар маркази 24 феврал куни эълон қилган баёнотда Обидхон қори ҳаётига суиқасд уюштирилганидан таассуф билдирди.

Айни пайтда Обид қорига ўзини мухлис ҳисоблаган ўзбек мусулмон ëшлари суиқасд ҳодисасига эътирозларини очиқ тарзда баëн қилишмади.

Робитаи Ислом¸ Ислом конференцияси ташкилотлари каби тузилмалар ҳам бу ҳақда бирор баëнот беришмади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарларидан бири (исмини айтмасликни биз маъқул кўрдик) Озодлик билан суҳбатда Обид қорига қилинган суиқасддан ғамгин бўлгани ва қори ака соғайиб кетиши учун дуо қилаëтганини билдирди.

- Хабаримиз бўлди. Худодан шифо сўраб турибмиз. Биз ҳеч кимга ўлим тиламаймиз. Ëмон бўлмасин. У кишини ҳам, бошқаларни ҳам шу дунëда ҳақиқатни топиб, ҳақиқат йўлда юришларини, ҳақ гапни гапиришларини, тўғри сўзлашларини, тўғри иш қилиб намуна бўлишларини истаймиз. Мен ўша биринчи кундан эшитганман. Илоҳим Оллоҳ шифо берсин, тузалсинлар, ўзига келсинлар. Биз дуодамиз. Худо сабр берсин фарзандларига, деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарларидан бири.

Айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расман суиқасд юзасидан баëнот бермади.

Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд юзасидан ўзбек диндорларининг сукунати розилик аломатими?

Абдулла Ўтаев ва Абдували қори Мирзаевнинг сирли тарзда ғойиб бўлиши¸ диний воиз Хайрулла Ҳамидовнинг қамоққа олиниши¸ Зайниддин Асқаров каби эътиқод маҳбусларининг қамоқда ўлдирилиши ҳам айни шундай сукунат билан қарши олинган эди.

Нега ўзбек диндорларини Халқаро амнистия¸ HRW¸ Форум 19 каби ташкилотлар ва Елена Урлаева¸ Мўътабар Тожибоева каби фаолларгина ҳимоя қилиши керак?

Ўзбек мусулмонларининг ўзларига бўлаëтган зулмга қарши сассизлигини нима билан изоҳлаш мумкин?

Бу саволларни Озодликнинг "Қурултой" эшиттиришида муҳокама қилдик.

Эшиттиришда хориждаги ўзбекистонлик фуқаровий жамият фаоллари Камолиддин Раббимов¸ Мўътабар Тожибоева иштирок қилди.

Шунингдек Обид қори Назаровнинг АҚШдаги мухлиси Аҳмаджон¸ эътиқоди боис Ўзбекистонни тарк қилиб Туркияда яшаëтган мулла Муса¸ Швецияда сиëсий қочқин мақомида яшаëтган имом Муҳаммадсолиҳ Абутов ҳам эшиттириш қатнашчиси бўлди.

Эшиттиришда Обид қори Назаров билан 2011 йил 26 сентябр кунги суҳбатдан парчалар ишлатилди.

"Қурултой" эшиттиришини қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.




Обид қори Назаров билан 2011 йил 26 сентябрдаги суҳбатнинг тўлиқ вариантини эса қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG