Линклар

Mафиозми ёки саxоватпеша?


Салим Абдувалиев собиқ давлат маслаҳатчиси¸ марҳум Алишер Азизхўжаев билан бирга.

Салим Абдувалиев собиқ давлат маслаҳатчиси¸ марҳум Алишер Азизхўжаев билан бирга.

АҚШ Молия вазирлиги 23 феврал куни халқаро уюшган жиноий гуруҳлар етакчиларига қарши санкциялар жорий қилди. Улар орасида бўлган ўзбекистонлик тадбиркор Ғафур Раҳимов "халқаро наркобарон" деб аталди.


АҚШ Молия вазирлиги Америкадаги банк ҳисобларини музлатиб¸ ҳамкорлик қилишни тақиқлаган 10 кишидан иборат "қора рўйхат"га МДҲ ҳудудидаги жиноий тўдалар етакчиси экани айтилаëтган 7 шахс¸ жумладан, икки Ўзбекистон фуқароси - Лазар Шайбазян ҳамда Осиë Бокс федерацияси президенти¸ Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, йирик тадбиркор Ғафур Раҳимов ҳам киритилди.

АҚШ вазирлиги бу иккала ўзбекистонликни халқаро жиноий гуруҳлар¸ хусусан дунëдаги йирик наркосиндикатлардаги муҳим шахслар деб эълон қилди.

Айни пайтда¸ АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Пурнелнинг WikiLeaks Интернет сайтида ошкор қилинган махфий ëзишмаларида ўзбекистонлик яан бир йирик тадбиркор Салим Абдувалиев "криминал авторитет", Ўзбекистон "мафияси бошлиғи" деб таърифланган.

"Ҳафта саволи" рукнининг бу сонида респондентларга “Салим Абдувалиев ва Ғафур Раҳимов мафиозми ёки саховатпешами?” деган савол билан мурожаат қилдик.



Неъмат ака, пенсионер:

- Салимбой мафиямас, бизда ўзи мафия ҳам йўқку. Бизнинг давлатда унақа нарса бўлмаса керак. Ғафур Раҳимов ҳам олдин мафия деб гап-сўз бўлди. Кейин у ҳам бизнесини қилиб юрди. Энди президент билан келишмай чиқиб кетган бўлса керакда. Мафиямас менимча. Саховатли одамларданда булар.


Ҳайитбой Ëқубов, ҳуқуқ фаоли:

- Ўз номимдан гапиришим мумкин фақат одамлардан эшитганимни. Икки нарса бор. Биринчиси, одамлар орасида улар мафия, ишбилармон, раҳмдил деган фикр бор. Иккинчи томондан, сайтларда, интернетларда кўринадики, етим-есир болаларга ғамхўрлик қиладиган одам сифатида ëзилган ëзувлардан хабарим бор. Халқнинг гапини нима қиламан, шахсий фикрим, мафия сўзининг ўзи ҳам ишбилармон маъносини билдирса керак. Мен шундай ўқигандим. Мен ҳам халқнинг гапини тасдиқлайман. Мафия бўлса керакда. Тўғрисини айтсам қатъий фикрим йўқ. Чунки бирор-бир манбага эга эмасман.


Наргиза, ўқитувчи:

- Билмадим, энди мен ўша одамларни кўрмаган бўлсам. Масалан, орасида юрсангиз, аниқ биласиз кимлигини. Мен кўрмаган бўлсам, ҳеч нарса дея олмайман. Ишим тушмаган бўлса, танимасам.


Иброҳим, санъаткор:

- Ғафур Раҳимов ҳақида кўп нарса эшитмаганман. Салим бойивачча ҳақида анча эшитганман. Саховатпеша деб нима қилишадию, лекин унинг энди қора рўйхатга тиркалиши ҳақида мен ўзимнинг шахсий тахминимни айтишим мумкин. Президентимиз кўп суҳбатларида “Бизда олигархлар бўлмайди” деган гапни айтган. Сиëсий ўйин бўлса керак. Шу тариқа уни синдириш, ўчириш мақсадида уюштирилган ўйин бўлса керак. Ҳукуматлараро тил бириктирилган ҳолатда қилинган ўйин бўлиши керак. Лекин уларнинг яхши ëки ëмон одамлиги ҳақида билгувчи Оллоҳ. Агар улар наркобарон бўлганда шу ернинг ўзидаëқ онаси Учқўрғондан кўрсатилган бўларди. Ҳукуматлараро тил бириктирилган ҳолда уни мана шунақа йўл билан синдириш йўли қандайдир сабабларга кўра танланган бўлиши мумкин. Валлоҳу алам. Ҳар бир ëмоннинг яхшиси, ҳар бир яхшининг ëмони бўлади. Бу ҳақда аниқ бир нарса дейишим қийин.


Бурҳон ака, собиқ ИИВ ходими:

- Салим ака кўп одамларга ëрдам қилган. Яхши инсон. Ғафур энди чëрнийда у киши, қоронғи худди военний тайнадай. Ғафур акани кам эшитганман, лекин ҳурмати баланд, бойвачча, ўзига тўқ ҳурматга сазовор инсон деб эшитганман. Наркобаронлигини эшитганим йўқ мен. У наркобаронлик билан шуғулланмайди. Чекмайди ҳам, бошқа қилмайди ҳам. Тузук бола, законний бола у. Спортга ҳомийлик қилади деб эшитганман. Лекин кўрганим йўқ, борганим йўқ жойларига. Эшитганман фақат.


Тошпўлат Йўлдошев, мустақил шарҳловчи:

- Бошида, капиталнинг биринчи миллиони қандоқ келди деганда “уни сўраманглар”, деб ҳамма миллионер ва миллиардерлар айтади. Балки бошланишида криминал йўллар билан пулларни йиққан бўлиши мумкин улар. Яъни мафияга қандайдир алоқаси бўлган бўлиши мумкин. Лекин ҳозирги пайтда менинг билишимча, Ғафуржон, Салим бойвачча – булар катта бизнесменлар. Булар ўзининг бизнесини Ўзбекистонда, Россияда, бошқа мамлакатларда олиб бораяпти. Буни исбот қила олмагандан кейин мафиоз дейиш, бошқа дейиш нотўғри. Агар суд буни исботласа, бу гап бошқа. Энди бу шунчалик туҳматга ўхшаган нарса бўлиб турибдида. Исботланмаган айб бўлиб турибди. Уларга қўйилган айбга исботи йўқлиги учун қўшила олмайман.


Абдулла, электрик:

- Тадбиркор, шунақа одамлар. Мен ҳам кўп нарсаларни ўқиганман. Интернетда ҳам турибди. Тадбиркор улар. Бошқасини билмадим тағин. Билмадим, у тўғрисида бир нарса дея олмайман.


Баҳодир: собиқ божхона ходими:

- Мен биламан, мана Муҳаммадқодир, (М.Абдуллаев 2000 йилги Сидней Олимпиадасида бокс бўйича олтин медал соҳиби) ва бошқаларни қўллаб-қувватлашда ҳомийлик қилган шу одам эканини эшитганмиз. Спортни ривожлантиришга, ҳаттоки давлат мукофотларига сазовор бўлган инсон деб эшитганмизда Ғафур Раҳимовни. Охирги пайтларда Муҳаммадқодир ютса ҳам “Бу ютуғим билан Ғафур акамни табриклайман” дерди, бир пайтлар ўз интервюсида. Кўра олмаслик бўлганми, энди билмаймизда. Биз баҳо бера олмаймизда. Мен у кишини “наркобарон” эканини билмайманда. Мен у кишидан наркотик олиб истеъмол қилган эмасман ëки кўчада у кишининг наркотик сотганини эшитганим йўқ. У одамни бизнесмен, чет эллардан катта товарлар олиб келиб, реализация қилиб шундан бойиган одам дейишган. Наркотикдан бойиган деб эшитганим йўқ.


Муборак, уй бекаси:

- Энди бизлар уларнинг яхши томонларини эшитганмиз. Ëмон томонларини эшитмаганмизку. Биз уларни танимаймиз, орқаваротдан эшитишимиз бўйича саховатпеша, ўзимизнинг Ўзбекистон учун кўп меҳнати синган деб гапиришади. Бизлар энди танимасак, бошқа қилмасак. Одамларнинг гапи бўйича шу гап. Ëмонлиги тўғрисида ҳам эшитмаганмиз унақа. Салимбойни у пайтда ҳам, олдиндан ҳам ким нима илтимос билан борса, бекор қайтармас экан деб эшитганмиз. Ғафурни ҳам шунақа дейишади. Ëш бўлса ҳам республикага жуда катта фойдаси тегди¸ дейишади. Одилбойни ҳам жуда мақташарди. У ҳам жимжит йўқ бўлиб кетди.


Муҳтарам тингловчи, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзу хусусида маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулохазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG