Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:58

"Ўрмонда ҳам яшайдиган мардикорлар бор"


Санкт-Петербургда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Рустамжонга кўра, ўзбек мардикорлари иложсизликдан дуч келган жойда яшайдилар.

"Ит ётиш, мирза туриш”. Бу ибора қанчалик хунук эшитилмасин, Санкт-Петербургдан скайп орқали биз билан боғланган Рустамжоннинг айтганларини эшитар экансиз, у бот-бот хаёлингиздан ўтаверади.

Меҳнат муҳожири Рустамжоннинг айтишича, у яшайдиган 2 хонали квартирада ўзидан ташқари яна 12 киши истиқомат қилади.

Вой-буу, деб ҳайратланманг, чунки Рустамжон ва унинг квартирадошларини шоҳона яшаяпти, дейиш мумкин.

Лекин афтидан бу шоҳона ҳаёт ҳам якунига етай деб турибди. Куни кеча улардан квартирани бўшатиб қўйишни талаб қилдилар.

- Асосий проблема шу. Ëтоқ масаласи, уй-жой масаласида.

Озодлик: Неча хонали квартирада турасизлар?

- Икки хонали.

Озодлик: Неча киши туради икки хонали квартирада?

- 10 киши, 12 киши бўлдик.

Озодлик: Ҳозир кучукнинг овози эшитилаяпти. Кучук ҳам сизлар билан турадими?

- Йўқ, мен ҳозир подъездга чиқдим.

Озодлик: Рустамжон, 12 киши турамиз деяпсиз. Квартирада нима бор? Тасвирлаб бера оласизми?

- Квартирада фақат газ плита, холодильник, стол-стулимиз бор. Бошқа ҳеч нарса йўқ.

Озодлик: Ётиш учун каравотлар борми?

- Йўқ, каравотлар йўқ. Биз полга тўшак тўшаб ётамиз. Энди ҳозир болалар мажбурликдан вагонларда ётишибди. Қурилишларда. Кейин ташландиқ ертўлаларда ётишади. Сал ҳаво исигандан кейин болалар ўрмонда ётишади. Кейин ўзбеклар баланд уйларнинг томида ухлашади. Мол фермаларида ётишади. Биз энди буни айб санамаймиз. Ҳаммамиз ишлагани келганмиз. Ётоқ жойи бунақа экан деб гап топмаймиз. Танқид қилмаймиз.

Озодлик: Агар сизларни яшаб турган квартирадан чиқаришса нима қиласизлар?

- Энди мени борадиган жойим бор. Танишларим кўп. Қариндошларим бор. Лекин бошқа болаларни борадиган жойи йўқда.

Озодлик: Санкт-Петербургда муҳожирлар учун ётоқхона бор. Нега шу жойга бормайсиз?

- Энди у ерда шароит йўқ деб айтишган. Одам кўп. Кирди-чиқди кўп бўлади. Агар шароити яхши бўлса албатта яшаган бўлардим. 60 минг- 70 минг рублга квартира ижарага олади. 60 минг рублингиз ҳам 2000 доллар бўлади. Ошиб ётган пулимиз йўқ, дейди Санкт-Петербургдан қўнғироқ қилган Рустамжон.
XS
SM
MD
LG