Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:20

Ўзбекистон ҳамкорлари: Газпром


"Газпром" Ўзбекистонда янги газ конини топди, эски конни қайта ишга туширди,400 миллион доллар сармоя ётқизди. Бироқ "Газпром"нинг асосий мақсади Устюртда 120 миллиард кубометр газ заҳирасига эга бўлган конни топишдир.

Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар марказининг тахминича, ҳозирги кўламда ишлатиладиган бўлса, Ўзбекистондаги табиий газ ва кўмир заҳиралари кейинги 20-30 йилга етиши мумкин, холос. Нефт заҳиралари эса бўшаб қолган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2010 йилда олинган суюқ углеводород ҳажми 2009 йилдагига қараганда 17,9 фоизга, газ конденсати ҳажми 22,5 фоизга, табиий газ ҳажми эса 2,1 фоизга камайган.

Бундай шароитда Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи энергетик ширкатлар, жумладан, “Газпром” билан узоқ муддатли ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ширкат Ўзбекистон ҳудудидаги табиий газ ва нефт заҳиралари мавжуд янги нуқталарни қидириб топиш ҳаракатида. Газпром расмийларига кўра, 2002 йилдан то шу кунгача Ўзбекистонда битта янги газ заҳираси мавжудлиги эҳтимол қилинган кон топилган. Бироқ ҳалигача бу газ заҳирасининг миқдори аниқланган эмас. Бу ҳақда сал кейинроқ гаплашамиз. Ҳозир эса....

“Газпром” ҳақида маълумот

Россиянинг собиқ Бош вазири Виктор Черномирдин 1989 йилда "Газпром"га асос солган эди.
Россиянинг собиқ Бош вазири Виктор Черномирдин 1989 йилда "Газпром"га асос солган эди.
Россиядаги “Газпром” очиқ ҳиссадорлик жамияти дунёнинг энг йирик энергетик ширкатларидан бири. Геологоразведка, углеводородларни қазиб олиш, транспартировка қилиш ва сотиш билан шуғулланади. “Газпром” 1989 йилда СССР Газ саноати вазирлиги базасида ташкил қилинган.

Жаҳонда йил сайин қазиб олинаётган газнинг 15 фоизи “Газпром” ҳиссасига тўғри келади. “Газпром” заҳиралари 35 триллион куб метрни ташкил қилади. 2011 йилда “Газпром” томонидан 513 миллиард куб метр газ қазиб олинган.

“Газпром” собиқ СССРдаги айрим давлатлар ва Европа мамлакатларини газ билан таъминловчи асосий ширкатдир.

Россия ширкатлари Ўзбекистонда

Ўзбекистон иқтисодини кузатувчи таҳлилчиларга кўра, мазкур мамлакатда асосан Россиянинг газ ва нефт ширкатлари фаоллиги кузатилади.

- Масалан, “Газпром”, “Лукойл”, “Стройтрансгаз”, “Союзнефтегаз” ва бошқа ширкатлар Ўзбекистонда газ ва нефт қазиб олиш, заҳираларни аниқлаш мақсадида фаол ҳаракат юритмоқда, -дейди “Биржевой лидер” журналининг шеф редактори, украиналик иқтисодчи ва сиёсатшунос Вячеслав Зубенко.

Таҳлилчи мазкур ширкатлар ўн йил мобайнида Ўзбекистон газ ва нефт саноатига катта миқдорда сармоя ётқизганини айтади.

- 2010 йил охиридаги маълумотларга кўра, мазкур ширкатлар Ўзбекистонга 2 миллиард доллар миқдорида сармоя ётқизган. Сармоя деганда фақат пулни тушунмаслик керак. Янги, замонавий технологияларнинг Ўзбекистонга олиб кирилиши ҳам сармоя ҳисобланалди. Умуман, тадқиқотчилар Россия энергетик ширкатлари Ўзбекистонга 6 миллиард долларгача сармоя ётқизиш имкониятига эга эканини ҳисоблаб чиқишган, -дейди Вячеслав Зубенко.


“Газпром”нинг Ўзбекистондаги улуши

“Газпром” ширкати Ўзбекистонда расман 2002 йилдан бери фаолият юритиб келади. Бироқ “Газпром”нинг амалий фаолияти 2003 йилда Шоҳпахта газ конини қайта ўзлаштиришдан бошланди. 2004 йилда 15 йилга мўлжалланган “Маҳсулотни бўлиштириш шартномаси” асосида Шоҳпахта конидан газ қазиб олина бошланди.

Устюрт платосида 120 миллиард кубометр газ заҳираси борлиги тахмин қилинмоқда.
Устюрт платосида 120 миллиард кубометр газ заҳираси борлиги тахмин қилинмоқда.
2006 йилда эса “Ўзбекнефтегаз” “Газпром”га Устюрт платосида геологоразведка ишларини олиб бориш учун лицензия берган. Ўзбекистон билан имзоланган шартномага мувофиқ, мазкур ҳудудда газ конлари топилса, “Газпром” бу конларни ўзлаштириш учун мутлоқ ҳуқуққа эга бўлади.

“Ўзбекенефтегаз” ширкати расмийси Елена Ким мазкур икки йўналишда фаолият кўрсатаётган “Газпром”нинг Ўзбекистон газ саноатига ётқизган сармоялари тижорат сири ҳисобланишини айтиб, бу борадаги саволларга қисқагина жавоб берди:

- Сармоялар ҳақида гапира олмайман. Бироқ “Газпром” билан узоқ муддатли шартномага эгамиз. Шартнома асосидаги лойиҳалар доирасида режаланган ишлар олиб борилаяпти, -деди Елена Ким.

“Газпром” ширкатининг Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган “Газпром интернэшнл” корхонаси расмийси Иван Гоголев эса саволимизга имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қилди:

- Дастлабки режага мувофиқ ширкатимиз Устюртдаги геологоразведка ишлари учун 400 миллион доллар сармоя ётқизишни режалаган эди. Айни пайтда режа тўлиқ амалга оширилди ва 400 миллион доллар сарфланди. Бугунги кунгача 20 та қидирув - разведка қудуқлари бурғуланди. Натижада 2009 йилда Жел газ кони топилди, -деди Иван Гоголев.

Газпром расмийсининг айтишича, Устюрт платосида газ заҳираси 120 миллиард куб метр, конденсат заҳираси эса 7 миллион тонна экани таҳмин қилинмоқда. Жел газ конига таҳминий заҳиранинг қанчаси тўғри келиши ҳозирча аниқланмаган.

- Энг оғирги қудуқ 2011 йилда бурғуланди. Шунинг учун ҳам бу конда газ заҳираси қанча экани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Ҳозир олимларимиз бу масалани ўрганишмоқда. Газ заҳирасини аниқлаш жуда узоқ давом этадиган жараёндир. Мазкур жараён якунлангач, газ конини қачон ишга тушириш мумкинлиги ҳам аниқ бўлади, -деди Иван Гоголев.

Шоҳпахтанинг иккинчи “ҳаёти”

Шоҳпахта газ кони 1971 йилнинг апрелида ишга туширилган. Шоҳпахта 90 йилларга келиб “бўшаб қолган газ кони” сифатида ёпиб қўйилган эди. 2002 йилда “Газпром” Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борилган музокаралар натижасида мазкур конни замонавий технологияларни қўллаган ҳолда қайта ишга туширишга рози бўлди.

Шундай қилиб, 2004 йилдан Шоҳпахта газ конинингг иккинчи “ҳаёти” бошланди.

- Биз Шоҳпахта конида йилига ярим миллард кубометр артофида газ қазиб оламиз. 2004 йилдан 2010 йилгача бу кондан қазиб олинган газ миқдори 1 миллиард 597 миллион кубометрни ташкил қилган. Қазиб олинган газ “Ўзбекнефтегаз” ширкатига сотилади. Бу газни Ўзбекистонга қанчадан сотишимизни айта олмайман, -деди “Газпром” ширкатининг Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган “Газпром интернэшнл” корхонаси расмийси Иван Гоголев.

Газпром расмийсининг айтишича, Шоҳпахта кони жуда эски бўлгани учун унда қанча газ заҳираси мавжудлигини аниқ айтиш қийин, буни фақат таҳмин қилиш мумкин. Иккинчидан эса, эски ва бўшаб қолган деб ёпилган кондан газ қазиб олиш учун энг замонавий техник воситалар керак бўлади.

- Бу ерда аслида қанча газ борлиги номаълум. Аммо бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, қазиб олса бўладиган газ миқдори 4 миллиардан 7 миллиард кубометргача бўлиши эҳтимол. Газ кони ишлатилиб, бўшаб қолган. Бу ердан аввал қазиб олиш мумкин бўлмаган газни қазиб олиш учун энг замонавий технологиялардан фойдаланишга тўғри келади, -деди Иван Гоголев.

“Газпром” Ўзбекистондан қанча газ сотиб олади ёки нега ўзбеклар қишда газсиз қолди?

Бу саволни биринчи навбатда “Ўзбекнефтегаз” ширкати расмийларига бердик. Аммо ширкат расмийлари “Газпром”нинг Ўзбекистондан қанча газ сотиб олиши ва неча доллардан сотиб олиши тижорат сири эканини айтишди.

"Газпром"нинг амалдаги раҳбари Алексей Миллер.
"Газпром"нинг амалдаги раҳбари Алексей Миллер.
Шунинг учун яна “Газпром” ширкатига мурожаат қилдик. “Газпром” ширкати матбуот бошқармасининг хорижий оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими ходимаси Маргарита Меликян Озодлик муҳбирининг бу борадаги сўровномасига мана бундай жавоб йўллади:

““Газпром” Ўзбекистондан 2011 йилда 10 миллиард 400 миллион кубометр газ сотиб олди. 2010 йилда Ўзбекистондан сотиб олинган газ миқдори 13 миллиард 900 миллион кубометр эди. 2012 йилда Ўзбекистондан қанча газ сотиб олингани йил охирига бориб маълум бўлади”.

Маргарита Меликян “Газпром” ўзбек гази учун қанча ҳақ тўлагани тижорат сири эканини мухбирингиз билан оғзаки суҳбатида таъкидлади. Расмий мактубда, шунингдек, 2011 йилда “Газпром” Ўзбекистондан нега 2010 йилга қараганда 3,5 миллиард кубометр оз газ сотиб олгани ҳам очиқланмаган.

Украиналик эксперт Вячеслав Зубенко бунга Ўзбекистоннинг газ нархини кескин ошириб юборгани сабаб бўлган деб ҳисоблайди.

- Газнинг ҳар бир минг кубометри нархи 311 долларгача кўтарилди. Бу эса “Газпром” учун кутилмаган ҳолат бўлди. Ўзбекистоннинг газ нархини жаҳон баҳоси даражасида кўтариб юбориши ўзбек газга бўлган эҳтиёжни ҳам камайтирди, -деди Вячеслав Зубенко.

Энди саволимизнинг иккинчи қисмига ўтамиз. Ўзбек газининг асосий харидори бўлган “Газпром” ўтган йили 2010 йилга нисбатан 3.5 миллиард кубометр озроқ газ сотиб олибди. Унда нега Ўзбекистон аҳолисининг ўзи 2011 дан 2012 йилга ўтар қишида газсизликдан азоб чекди? “Ўзбекнефтегаз” расмийси Елена Кимнинг сўзларига қулоқ соламиз:

- Газ тизими белгиланган тарзда, режа асосида ишлади.

“Демак, сизнингча Ўзбекистонда аҳолига берилаётган газ таъминотида жорий йилда ўчиришлар бўлмадими?” деган саволимиз эса жавобсиз қолди.
XS
SM
MD
LG