Линклар

Футбол уюшмалари халқаро федерацияси (ФИФА) Тартиб-интизом қўмитасининг 17 феврал кунги йиғилишида 2014 йилда Бразилияда бўладиган Жаҳон чемпионатининг Осиё саралаш мусобақаси 3-босқич учрашуви таҳлил қилиниб Ўзбекистон миллий терма жамоасининг беш нафар футболчиси ҳамда Ўзбекистон Футбол федерациясига санкциялар жорий қилинди.

Қўмита қарорида Шавкатжон Муллажонов, Санжар Турсунов, Ислом Тўхтахўжаев, Сервер Жепаров ва Вагиз Галиулин, икки сариқ карточка сабаб 3-саралаш босқичи сўнгги тур учрашувини автоматик равишда ўтказиб юбориши ва 4-саралаш босқичининг биринчи ўйинида ҳам майдонга туша олмаслиги кўрсатилган.

ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси исмлари тилга олинган футболчиларнинг ҳар бирини уч минг, Ўзбекистон футбол федерациясини эса 18 минг Швейцария франки миқдорида жаримага тортган.

Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов 20 феврал куни ФИФА президенти Зепп Блаттер ва ФИФА Интизом қўмитасига ёзган аппелляция мактубида беш ўйинчининг дисквалификацияси бекор қилинишини сўраган.

Бироқ ФИФАнинг жавоб мактубида қўмита қарори ўз кучда қолгани билдирилган.

Айни пайтда Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Туркиянинг Анталия шаҳрига режаланган сафари бекор қилинди. Сабаби ҳозирча маълум қилинмади.
XS
SM
MD
LG